Home / Тавсия этимиз / «Oтaмдaн нaфpaтлaнaмaн…»

«Oтaмдaн нaфpaтлaнaмaн…»

Ҳеч эсимдан чиқмайди. Бундан тўрт-беш йил олдин мактабда ўқийдиган ўғлим ғамгин кайфиятда келди. Унинг чеҳраси тундлигини кўриб, хавотирга тушдим. Нима бўлгани билан қизиқдим.

«Яхшиям сиз ичмайсиз, чекмайсиз, шундан жуда хурсандман, – деди ўғлим. – Синфдошим Озодга ичим ачийди. Отаси ҳар куни ичиб келиб, жанжал қиларкан. Озод мактабга кам келади. Гоҳ кўзи, гоҳ қўли, яна бир жойлари кўкарган бўлади. Бугун синфдошим йиғлади, отамдан нафратланаман деди». Ўғлимнинг бу сўзлари менга қаттиқ таъсир қилди. Пиёниста оталарнинг болаларига нечоғлик оғирлигини ўғлимнинг синф­доши тимсолида кўргандай бўлдим.

Кафеларда ичиб ўтирган, ичиб тўйларни бузадиган, кўча-кўйда маст-аласт юрадиган кишиларни кўрсам, уларнинг фарзандлари бормикин, бўлса қандай турмуш кечираётган экан, қалбларини қандай азоб кемираётган экан деб ўйлайдиган бўлдим. Зеро, ичкиликка берилган оталарнинг кўпчилиги жанжалкаш. Оилада фарзандларига ибрат бўлиш ўрнига тарбиясига салбий таъсир кўрсатишади. Болаларини турли сўзлар билан ҳақорат қилиб, нафсониятига тегишади. Аёлларини уришади. Оилада ҳар куни давом этадиган жанжаллар оқибатида барака кўтарилади. Қуш уясида кўрганини қилади деганларидек, уларнинг фарзандлари ҳам вояга етиб-етмай ичишни, сигарет чекишни ўрганади. Олдига улкан мақсадларни қўйишга қийналади.

Халқимизда азалдан майпарастлик қораланган. Бугун ҳам ёши улуғ инсонлар спиртли ичимлик истеъмол қилишга муккасидан кетганларга нафрат билан қарайди. Чунки ичкиликбозлик гиёҳ­ванд­лик каби инсон онгини заҳарлайди, виждонини издан чиқаради, саломатлигига жиддий зиён етказади. Ичкиликка берилиш оқибатида соғлиғидан айрилган ёки бевақт ҳаётдан кўз юмган кишилар қисмати барчага сабоқ бўлиши керак. Қолаверса, бу жамият тараққиётига раҳна солувчи иллат саналади.

Ривоятлардан бирида айтилишича, бир маккор аёл мўмин йигитдан учта шартдан биттасини бажаришни талаб қилади: май ичиш, зино қилиш, норасида гўдакни ўлдириш. Май ичишни энг зиёнсиз деб ҳисоблаган йигит кейин икки гуноҳга ҳам қўл уради. Бу ичкилик инсон онгини заҳарлашидан далолатдир. Афсуски, кейинги пайтларда ичкиликка берилганлар орасида аёллар ва ёшлар кўпайиб бормоқда. Баъзан келинларнинг қайнота, қайноға ва қайнукалари билан ёки ўғилларнинг оналари билан ароқ ичаётганини кўриб ёқа ушлайсан киши. Қадриятларимизга ёт бўлган, гуноҳ саналган бундай ишлар оқибатида эса янада оғир ва кечирилмас қилмишлар, жиноятлар содир этилаётгани янада афсусланарлидир.

Спирт заҳридан аксарият ҳолларда жигар, юрак ва мия касалланади. Миокард инфарктининг 40 фоизи айнан спиртли ичимлик истеъмол қилиш сабабли юз беради. Маълумотларга кўра шаробга ружу қўйганларнинг 85 фоизи бу зарарли одатдан халос бўла олмайди. 7 фоизи бир неча бор даволаниб, яна ичишни бошлайди, 8 фоизигина даволаниб, бошқалар каби соғлом турмуш тарзига риоя қилар экан.

— Ўз навбатида, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг хулосаларига қараганда, спиртли ичимликларни мунтазам ичадиган одамларнинг 6-7 фоизи пиёнистага айланиб қолади. Автомобилни маст ҳолатда бошқариш йўл-транспорт ҳодисалари содир этилишининг асосий сабабларидан бири саналади. Ҳар йили рўй бераётган аварияларнинг 20 фоизи маст ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидасини бузиши оқибатида содир бўлмоқда. Алкоголизм эркакларда аёлларга қараганда уч баробар кўп учрайди, – дейди невропатолог Элбек Болтаев.

Шифокорнинг айтишича, инсон мия­си алкоголнинг асосий нишонларидан бири. Доимий равишда ва меъёридан ортиқ спиртли ичимлик истеъмол қилиш мия фаолиятини сусайтиради. Алкогол мияда қон айланишини секинлаштириб, нейронларнинг доимий кислород етишмовчилигига сабаб бўлади. Натижада фикрлаш ва хотира сусайиб, руҳий деградация ривожланади.

Ҳа, майпарастлик инсон руҳига, вужудига, жамиятдаги мавқеига путур етказади. Ичкиликбозлик оқибатида пароканда бўлган оилалар қанча. Ичувчининг оила аъзолари руҳий, маънавий, иқтисодий азият чекади.

Яқинда ўғлимдан синфдоши ҳақида сўраб қолдим. Озод 9-синфни тугатиб, қишлоқ хўжалиги коллежида ўқишини давом эттирибди. Сурункали калтаклар таъсирида онаси майиб бўлиб қолибди. Озод коллежни ташлаб, хорижга ишлаш учун кетибди. Шундан бери хат-хабар йўқ экан.

Эҳ, балки отаси пиёниста бўлмаганида Озод бирон касб ё ҳунарнинг этагини тутган, ҳозир тенгқурлари қатори олий ўқув юртида таҳсил олаётган бўлармиди?

«Бир-икки пиёла ичган билан ҳеч нарса қилмайди» дея ароқ шишасини қўлга олаётганлар ўз ихтиёридан, ақлу ҳушидан айрилиши ҳақида ўйлаб кўрармикан? Соғлиқ учун деб сипқораётган шароблари уларни  разолат ботқоғига бошлаётганини билишармикан? Нафақат ўзларининг, оилаларининг, фарзандларининг ҳам ҳаётини издан чиқаришлари мумкинлигини ҳеч ўйлаб кўришганмикан? Ҳали виждонидан айрилиб улгурмаганлар тўғри хулоса чиқаришидан жуда-жуда умидвормиз…

Ойбек Жуманиёзов,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: