Home /   / Ота ўғлининг устидан арз қилди

Ота ўғлининг устидан арз қилди

Фуқаро А.Қ.нинг мурожаати асосида унинг ўғли О.Қ. га нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

«Микрокредитбанк»нинг Фарғона минтақавий филиали мутахассиси О.Қ. отаси А.Қ. номига «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида имтиёзли кредит олиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштиради. Бундан бехабар отасининг имзосини ўхшатиб қўяди. Шу тариқа укаси К.Қ., қариндоши А.Е. номидан ҳужжатларга ўзи имзо чекиб, 18 млн. сўмдан кредит ажратилишига эришади. Жами 54 млн. сўм кредит пулини «Олтинкўл» фермер хўжалиги ҳисобрақамига ўтказиб,  харид қилинган 30 та қўйни машинага ортиб кетади. Қўйларни ўша куниёқ бозорда сотиб пулини ишлатиб юборади.

Мутахассиснинг иштаҳаси карнай бўлиб бораверди. Бўласи      Й.Ў.нинг номидаги, аслида ўзи бошқарган деҳқон хўжалигига йиллик 20 фоиз устама тўлаш шарти билан қорамол боқиш учун кредит олгани ҳужжатларни тайёрлади. Й.Ў.га имзо чектириб олди. Икки ҳамқиш­лоғини авраб, уларни «Дамас» автомобилларини гаровга қўйишга кўндирди. Шу тариқа банкдан олишга эришган 75 млн. сўм кредит пулини раҳбари таниш бўлган фермер хўжалиги ҳисобига ўтказди. Эвазига олган 20 та қорамолни Ёзёвон туманидаги бозорда сотиб, пулини ўз эҳтиёжига сарфлади.

О.Қ. оқибатини ўйламасдан таниш-билишларини ҳам чув туширди. Банк мижози, деҳқон хўжалиги раҳбари К.В. «Кобальт» автомобили учун олган 113 млн. сўм кредитининг асосий қисмини қоплаган. Қолган қисмини бирданига тўлаб қўймоқчилигидан бохабар бўлган О.Қ. уни аврашга тушди. Дон корхоналари ва фермер хўжалик­ларида 50 млн. сўм пули борлигини, 34 млн. сўм нақд пул берса пул ўтказиш йўли билан кредитини ёпиб беражагини айтиб, уни ишонтирди. Ундан бўлиб-бўлиб икки марта олган пулни ҳам кредитни қоплашга тўламасдан ўзининг қарзини тўлашга ва турли эҳтиёжларига сарфлайверди.

Бошқа банкда ишлайдиган ҳамкасби Г.Қ. «Нексия» автомобилини харид қилиш учун «Микрокредитбанк»дан кредит олди. У ойма-ой кредит фоизини тўлаб борди. Қолган қарзини бирваракайига тўлаб қўйиш учун О.Қ.га нақд 9 млн. сўм берди. Х.Хўжамов бу пулни банкка топширмасдан совуриб юборди. Шу тариқа қулоғигача қарзга ботганидан кейин отасига ёрилди. Отаси ўзи яшаб келаётган хонадонни  сотиб қарзларини қисман қоплади.

О.Қ.нинг жиноий қилмиш­лари айбига иқрорлигидан ташқари фуқаровий даъвогар ҳамда жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, ҳужжатли далиллар билан тасдиқланди. Суд ҳукми билан унга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Маҳкумдан «Микрокредитбанк»нинг ҳудудий филиалига салкам 21 млн. сўм, фуқаро Г.Қ.га 9 млн. сўм., К.В.га 4 млн. 500 минг сўм ундириладиган бўлди.

Ўткирбек Тошхўжаев,

департаментнинг Фарғона шаҳар бўлими бошлиғи

 

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: