Home /   / Ота-она ибрати

Ота-она ибрати

«Huquq» газетасининг 2019 йил 16 май сонидаги «тарбия таълимдан устун» сарлавҳали мақолани ўқиб жуда таъсирландим. мақолада таъ­­кидланганидек, ҳақиқатдан ҳам тарбия таълимдан устун туради.

Ота-она фарзанд учун биринчи муаллим ва ибрат мактабидир. Болаларда намоён бўладиган айрим камчилик, нуқсон ва салбий ҳолатларнинг илдизи оилага бориб тақалади. Мактабда боланинг фанни яхши ўзлаштирмаётгани ва тенгқурларидан ортда қолаётганига ота-оналарнинг фарзандига эътиборсизлиги сабабдир. Айбни мактаб ўқитувчисидан излашдан олдин ота-оналар фарзандим учун етарли  шароит яратдимми, уни ўз вақтида назорат қилаяпманми, деб ўзларига савол бериб кўришлари керак.

Болани чеклаш эмас, балки унга дўст бўлиш лозим. Уй бекалари кўпинча сериаллар билан банд бўлиб, болалари бирор савол билан мурожаат қилганда: «жим ўтир», «безовта қил­ма», «кейин гаплашамиз», «уй вазифангни бажар» қабилидаги жавоблари билан фарзандининг шижоати, иштиёқини сўндиради. Агар бола отасидан ҳам шу каби жавоб олса, ҳафсаласи пир бўлади. Шунда у мобиль телефон ва интернетни эрмак қилади, онгу тафаккурини бузадиган ўйинлар билан овунади.

Руҳшуносларнинг таъкидлашича, 10-22 ёшлар оралиғида ўсмир ёшларнинг жисмоний ва психик тараққиёти тезлашади. Турли воқеа-ҳодисаларга қизиқиши, янгиликка интилиши ортади, характери шаклланиб, маънавияти бойиб боради. Улар таъсирида ўсмирнинг феъл-атвори, атрофдаги кишилар билан муомаласи, жамиятда содир бўлаётган воқеаларга муносабати тез ўзгаради.

Бу вақтда камдан-кам ёшларгина ақл билан иш кўради, қолганлари юрак амрига бўйсунади. Ур деса урадиган, сўк деса сўкадиган ёш бу. Ана шу жараёнда биз катталар фарзандларимизга яқин бўлиб, улар билан сирлашишимиз, характеридаги ўзгаришлардан огоҳ бўлиб, маслаҳат беришимиз, тўғри йўлга йўналтира билишимиз лозим.

Кўпчилигимиз ишдан, турмуш ташвишларидан ортиб фарзандимизнинг қалбига қулоқ солмаймиз, уларни қийнаётган муаммолар билан қизиқмаймиз. Лекин бола ўсмир ёшида моддий эҳтиёжлардан ташқари катталарнинг далдасига, маслаҳатига, меҳрига муҳтож бўлади.

Мен ўқийдиган мактабда онам ўқитувчи бўлиб ишларди. Лекин ота-оналар мажлисига отам борарди. Онаси ўша ерда ишлайди-ку, демасди. Энди тушуниб етсам, ота-оналар йиғилишида отанинг қатнашиши фарзанд тарбиясида алоҳида ўрин тутар экан. Чунки оналар ўқитувчидан фарзанди ҳақида салбийроқ гап эшитса ҳам кўнгилчанлик қилиб, бу ҳақда отасига билдирмас экан. Боз устига ўзи ҳам фарзандини отасичалик қаттиқ назорат қилмайди.

Қадимда халқимиз отани эъзозлаш, унга ҳурмат кўрсатиш, ҳаттоки у ўтирган томнинг устига чиқмасликни уқтириб келишган. Бугунги кунда айрим оилаларда отанинг ўрни йўқолиб бораётгандек гўё. Юқорида таъкидлаганимиздек, бола тарбиясида, айниқса, ўғил бола тарбиясида отанинг ўрни бўлакча. Ўғил болалар юриш-туришда, ўзини тутишда отасидан, қолаверса, ҳурматга лойиқ эркак ўқитувчилардан ўрнак олади.

Болани ёшлигидан уйнинг гапини кўчага, кўчанинг гапини уйга ташимасликка ўргатиш керак. Бу ёмон одат эканлигини билсин. Фарзандингиз ўқитувчиси ҳақида ёмон гап айтса ҳам масаланинг моҳиятига етмасдан ловуллаб ёниб кетманг. Аксинча, гап ташигани учун болангизга танбеҳ беринг ва шундан кейингина ўқитувчисига учрашинг. У  ноҳақ бўлган тақдирда ҳам бу ҳақда фарзандингизга билдирманг!

Мақолада таъкидланганидек, болани ёшлигидан китобга ошно қилиб тарбиялаш керак. Юқорида тўхталиб ўтганимиздек, бу соҳада ҳам ота-она ибрат бўлмоғи даркор. Болангизга китоб ўқи десангиз-у, ўзингиз китобни очиб ҳам қарамасангиз, ташвиқот-тарғиботингизнинг фойдаси йўқ. Бирон-бир муносабат билан фарзандингизга яхши китоблар совға қилинг, китоб дўконларига олиб боринг. Театрга олиб бориш, табиат қўйнига сайрга олиб чиқиш болани маънан рағбатлантириш саналади. Агар боланинг қизиқиши инобатга олинмаса, рағбатлантирилмаса, у аниқ мақсадлар сари интилишдан тўхтайди.

Ота-она фарзандига ва ўқитувчи ўқувчиларига бера оладиган энг яхши туҳфа бу гўзал одоб-ахлоқдир. Шундай экан, ота-оналар ва биз ўқитувчиларнинг шарафли вазифамиз муштни бир жойга қўйиб, фарзандларимиз ва шогирдларимизга ибрат кўрсатиб, уларни келгусида оила-ю Ватан шаънини ҳимоя қила оладиган, элига, юртига манфаати тегадиган инсонлар қилиб тарбиялашдан иборатдир.

Моҳигул РАҲИМОВА,

Қарши шаҳридаги 28-ўрта умумтаълим мактабининг

бошланғич синф ўқитувчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: