Home /   / Осойишта юртдан меҳмон аримайди

Осойишта юртдан меҳмон аримайди

Президентимиз томонидан Ўзбекистонни дунёдаги энг ривожланган давлатлар қаторига қўшиш, фуқароларнинг бахтли ва фаровон турмуш кечиришларини таъминлаш, меҳмон аримайдиган файз­ли маконга айлантиришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Юртбошимиз айтганидек, сайёҳ бирон давлатга боришдан олдин, аввало, ўша юртдаги ижтимоий-иқтисодий муҳит билан қизиқади. У биринчи нав­батда, ўзининг ҳуқуқлари кафолатланганига, турли хавф-хатардан холи эканлигига ишонч ҳосил қилиши лозим. Бошқача айтганда, сайёҳ тинч ва осойишта юртга қадам ранжида қилади.

Бугун мамлакатимизни дунёдаги энг осойишта, энг хавфсиз мамлакатга айлантириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Президентимиз  шу йил  5 январда имзолаган «Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонда  ҳам «мамлакатнинг саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз сифатидаги имиджини мустаҳкамлаш» масаласи белгиланган. Давлатимиз раҳбарининг «Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори билан туристик хизмат кўрсатувчи объектларга қатор  имтиёзлар берилди, уларга илгари қўйилган айрим талаблар олиб ташланди. Демак, энди юртимизга келувчи сайёҳлар оқими янада кўпаяди. Биз эса меҳмонларни юртимиз тинчлигига, одамларнинг кўнгли очиқлигига ишонтиришимиз ва хавфсиз туризмни кафолатлашимиз лозим.

Ушбу жараёнда жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни янада кучайтириш муҳим аҳамиятга эга.

Вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва Ички ишлар вазири томонидан ўтган йилнинг 30 ноябрь куни вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилиш қарори билан тасдиқланган «Хоразм вилояти Урганч шаҳри ва туманларида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фаолиятини янада жадаллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури» ижроси назоратга олинди.

Вилоятнинг шаҳар ва туманларида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавф­сизлигини таъминлаш ишлари таҳлили асосида бу борадаги фаолиятни жонлантириш, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан ҳар бир шаҳар ва туман кесимида 2019 йилда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар дас­тури ишлаб чиқилди.

Ўтган йили вилоят ҳудудида умумий жиноятчилик 2017 йилга нисбатан 1138 тага, ўта оғир жиноятлар 33 тага, оғир жиноятлар 158 тага камайишига эришилди. Бу албатта, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, кенг жамоатчилик ҳамкорликда олиб борган тарғибот-ташвиқот ишлари,  амалий чоралар самарасидир.

Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида  вилоятдаги 512 та маҳаллада 515 та «Жамоатчилик назорати масканлари» ташкил этилди. Бундай чоралар самараси ўлароқ, олдинги йилга нисбатан маҳаллаларнинг 119 тасида жиноят камайишига, 244 тасида умуман жиноят содир этилмаслигига эришилган.

Урганч ва Хива шаҳарларида жамоат тартибини сақлашда ҳудудни кузатиб бориш орқали тегишли ташкилотларга тезкорлик билан хабар етказиш ҳамда фуқароларга ҳуқуқий маслаҳат бериш мақсадида 8 та жойда мобиль постлар ташкил қилиш чоралари кўрилмоқда.

Вилоят ИИБ хавфсиз туризм­ни таъминлаш бошқармаси томонидан Хива ва Урганч шаҳарларида туристларга нисбатан ва уларнинг ўзлари иштирокида содир қилиниши мумкин бўлган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Олиб борилган чора-тадбирларга қарамасдан, муқаддам судланган  48 нафар шахс томонидан 54 та, 238 нафар ишсизлар томонидан 237 та, 216 нафар аёллар томонидан 261 та, 43 нафар вояга етмаганлар томонидан 45 та жиноят содир қилингани бизни янада ҳушёр бўлишга, аниқ ва тизимли чоралар кўришга ундайди.

Айни кунларда вилоят ҳудудидаги хонадонлар ҳамда фуқароларни уйма-уй юриб ўрганиш орқали паспорт маълумотларини кўчмас мулк объектларининг кадастр рақамига боғлаш бўйича ўтказилаётган тадбирлар давомида нотинч, турмуш даражаси оғир, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар ҳисоби қайта кўриб чиқилмоқда. Бундан ташқари, ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этишга мойил шахс­лар тизимли равишда аниқлаб борилмоқда. Асосийси, вилоят аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш, айниқса, ёшларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Йўл ҳаракати хавфсизлиги чоралари кучайтирилмоқда.

Ғуломбек АТАДЖАНОВ,

Хоразм вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: