Home / Тавсия этимиз / Орол ҳаммамизнинг дардимиз уни асраш бурчимиздир

Орол ҳаммамизнинг дардимиз уни асраш бурчимиздир

Орол денгизининг бугунги ҳолати ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Бир пайтлар бу ерларда тўлқинлар шовуллаб, балиқ ва турли хил ноёб қушлар галаси ҳукмрон эди. Энди-чи, денгиз қуриб, қирғоқдан юзлаб километр узоқлаб кетди. Қушларнинг ҳам аксарияти бу ерларни тарк этди. Кўп одамларнинг бу ерда яшаш ва меҳнат қилиш умидлари сўна бошлаган эди.

Фақат мустақиллик шарофати билан Оролбўйи халқларининг пешонасига ҳам ёруғлик тегди. Ўзбекистон раҳбарияти олиб борган тўғри сиёсат туфайли бу ерда ҳаёт қай­та жонлана бошлади. Кейинги икки йилда Юртбошимиз саъй-ҳаракатлари билан ҳу­дудда экологик ҳолат яхшиланди. Мўйноқликлар тоза ичимлик суви билан таъминланди. Янги-янги иш ўринлари яратилди. Президентимиз 2018 йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистонга сафари давомида Мўйноқ туманига ташриф буюриб, Орол масаласига алоҳида тўхталган эди. Бу ҳудудни янада обод қилиш, саноатни олиб келиш, чорвачилик, балиқчилик ва туризмни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берган эди. 2019-2020 йилларда Мўйноқда 20 та кўп қаватли уйлар қуриш, янги шаҳарча барпо этиш бўйича топшириқ берган эди. Зарур бўлса, тараққиётни Мўйноқдан бошлаш кераклигини уқтирган эди.

Ҳозир бу ерда мазкур устувор вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси ва Қорақалпоғистон Республикаси прокурори томонидан “Ўсимлик дунёси объ­ект­­ларидан самарали фойдаланиш, ёввойи ҳолда ўсувчи қа­мишни ёқиб юбориш, атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантиришнинг олдини олишда амалга ошириладиган ишлар ва асосий вазифалар бўйича чора-тадбирлар” дастури тасдиқланди ва бу борада ишлар бошлаб юборилди. Орол ва Оролбўйи халқ­лари масаласи дунё ҳамжамиятининг диққат марказида турибди. Яқинда БМТ­нинг АҚШ­да бўлиб ўтган форумида Орол масаласи кўриб чиқилиб, минтақага амалий ёрдам бериш бўйича жам­ғарма ташкил этилганлиги барчани хурсанд қилди. Ҳатто Европанинг бир-иккита давлати бу ердаги аҳволни кўриб, аллақачон ёрдам беришни бошлади. Шунинг­дек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида қайд этилганидек, махсус дастурга кўра, Орол денгизининг сувсиз ҳудудида бу йил яна 500 минг гектар ўрмонзор барпо этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудларидаги экологик муҳитни ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган Орол табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва «Прокуратура тўғрисида»ги Қонуни ҳамда амалдаги қонун ҳужжатлари асосида фаолият юритмоқда. Мазкур  ҳудудларда табиатни муҳофаза қилишга оид қонунларнинг ижросини таъминлаш, фуқаролар, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини муҳофаза қилиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш борасида бир қатор ишларни амалга ошириб келмоқда.

Прокуратурамиз томонидан 2018 йилда барча йўналишларда ўтказилган назорат тадбирларида 284 та прокурор назорати ҳужжатлари қўл­ланди. Жумладан, прокурор протестлари асосида 65 та қонунга зид ҳужжат бекор қилиниб, қонунларга мувофиқлаштирилди. Қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 25 та тақдимнома киритилди. Қонун бузилишига йўл қўйган 50 нафар шахс интизомий, 132 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Етказилган 46 миллион 367 минг сўм зарар ихтиёрий ундирилди ва қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 7 та жиноят иши қўзғатилди. Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича судларга жами 69 миллион 274 минг сўмлик 4 та даъво аризаси киритилиб, тўлиқ қаноатлантирилди.

Прокуратурамиз фуқаролар ва юридик шахсларнинг вакилларидан келиб тушган мурожаатларни ўрганишда қонунийликни таъминлаш, мурожаатларни ўз вақтида, ҳар томонлама ва холисона кўриб чиқиб, муаллифларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, фуқаро К.Тлеумуратов прокуратурага Кегейли туманидаги Абат-ярмиш канали дамбасидан қизилмия илдизининг ноқонуний кавлаб олинаётганлиги тўғрисида мурожаат қилди.

Мурожаатни ўрганиш давомида фуқаро К.Матиев ёввойи ҳолда ўсувчи қизилмия ўсимлигининг доривор хомашёсини йиғиш ва тайёрлаш учун ваколатли органлардан махсус рухсатнома олмасдан сув фонди ерларидан 1500 метр қисмини ўзи ёллаган экс­каваторлар ёрдамида қазиб, жами 7200 килограмм қизилмия илдизини ғайриқонуний равишда йиғиб олган ва уни ўзга шахсларга сотиб, ўсимлик дунёсига 12 миллион 401 минг сўм зарар етказган.

Ушбу қонун бузилиши ҳолати юзасидан фуқаро К.Матиевга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси ва 76-моддаси 1-қисми билан маъмурий иш қўзғатилиб, у суд томонидан қонуний жазога тортилди.

Шунингдек, меҳнат ва ижро интизомини бузган Қизкеткан-Кегейли ирригация тармоқлари бош­қармаси Абат-ярмиш тармоғининг ходимларига нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилинди.

Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланишда ҳам шундай қонун бузилишлар рўй бермоқда. Масалан, ходимларимизнинг ҳу­қуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда ўтказган назорат тадбирларида Тахтакўпир туманида яшовчи беш нафар фуқаро «УАЗ-469» русумли автомашинада ов милтиғидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон «Қизил китоби»га киритилган 20 бош жайронни ноқонуний равишда овлаб, ҳайвонот дунёсига 172 миллион 240 минг сўмлик зарар етказгани аниқланди. Бу ҳолат юзасидан ҳам Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, улар қонуний жазога тортилди.

Биз бундан кейин ҳам экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қи­лиш соҳаларида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича назорат тадбирларини давом эттирамиз. Зеро, инсон ва табиат бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, унга зиён етказиш келгусида халқларимиз учун қимматга тушиши шубҳасиз. Шундай экан, табиатни асраш ва уни кўз қорачиғидек сақлаш ҳаммамизнинг кундалик бурчимизга айланмоғи лозим.

Роҳат Жабборбергенов,

Орол табиатни муҳофаза қилиш прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: