Home / Тавсия этимиз / Ори бўлсин эркакнинг

Ори бўлсин эркакнинг

Инсон ҳаёти маълум мезонлар билан мукаммал. Оила қўрғонининг ҳам ўз қонун-қоидалари бор. Унинг қай бир аъзоси ана шу қоида ва мезонларни бузса, мукаммалликка путур етади. Аллоҳ таоло эркак кишини жисмоний ва руҳий жиҳатлари билан оила раҳбари бўлишга мос қилиб яратган. Эркакнинг юксак мартабаси каби юксак масъулияти ҳам бор. Бу номни шунчаки кўтариб юрганлар эркак эмас, бу номни буюк аждодларга хос шараф билан оқлаб яшамоқ керак.

Минг йиллар давомида юртимизда ота шахси улуғланиб, юқори даражада иззат-ҳурматга лойиқ кўриб келинган. Ота уйнинг тўрида ўтирган, у ҳал қилувчи гапни айтган! Ота ўтирган уйнинг томига фарзанд чиқмаган! Фарзанд йўлга отланганда оқ фотиҳани ота берган. Хуллас, ота шахси оилада олий даражага кўтарилган. Ислом дини таълимоти бўйича оила ҳар қандай жамиятга асос бўлувчи ғишт кабидир. Бир раҳбари бўлмаса, у ҳам парокандаликка юз тутади. Шунга кўра Аллоҳ таоло эрни оилада бошлиқ – раҳбар этиб қўйган. Оиланинг барча нафақаси, сарф-харажати, уни ҳимоялаш эрнинг зиммасидадир.

Аммо эркак оилани бошқаришда асло қўполлик, зулм қилиши мумкин эмас. Қолаверса, эрни раҳбар қилишдан мақсад аёлни камситиш, унинг ҳуқуқларини чеклаш эмас. Балки табиатан нозик яратилган аёлни рўзғор ташвишларидан озод қилиб қўйишдир. Қолаверса, эрнинг раҳбарликка маънавий ҳуқуқи ҳам бор. Чунки у аёлга нисбатан эҳтироси ва ҳаяжонини жиловлай оладиган бўлгани учун ҳам оила тотувлигининг гарови саналади. Агар эркак киши раҳбарликни чиройли адо этса, бундай оила саодатга эришади.

Аслида раҳбарлик масъулиятдир. Ушбу масъулиятга биноан эркак ки­ши оиланинг, жумладан, аёлнинг ҳо­мийлигини, боқувини, муҳофазасини адо этмоғи лозим. Журналист Нилуфар Ниёзованинг “Huquq” газетасининг 2019 йил 10 октябрь сонида чоп этилган “Эркакнинг ўрни…” сарлавҳали мақоласида айнан ана шу мавзу атрофлича ёритилган.

Шарқда аёлларни қизғанганлари, аяганлари туфайли кўча юмушларидан озод қилишган. Минг эгилиб, минг букилишни талаб қиладиган рўзғор ишлари аёл учун заҳмат эканини, улар бажарган ишларни эркаклар асло уддалай олмаслигини тан олган авлодларимиз аёлларга ғоят марҳаматли бўлганлар. Оилани боқиш, унинг муҳофазаси, иморат солиш, деҳқончилик қилиш, ўтин ёриш, сув ташиш каби куч талаб қиладиган ишларни эркак кишининг мажбурияти деб билганлар.

Хўш, бугунги эркаклар қандай? Оилада аёл билан эркак орасидаги мувозанатнинг бузилишига, аёлларда аёлга хос бўлмаган унсурларнинг пайдо бўлишига асосий сабаб эркаклардаги салбий ўзгаришлар эмасми?

Мақолада қайд этилганидек, афсус­ки, бугунги кунда айрим оилаларда эркакнинг ўрни пасайиб бормоқда. Агар миллий тарбияни ўғил болалардан бош­ламас эканмиз, уларни ҳақиқий шарқона қиёфада тарбияламас эканмиз, эртага кеч бўлиши мумкин. Миллий феълимизда орият ҳар қандай манфаатдан юқори туради. Кейинги йилларда шу орият хор бўлмоқда. Аёлини қалқон қилиб иш битирувчилар учрай бошлади. “Сен пишиқ иш қиласан” деб, ўзининг аёлидан кўра ночорлигини тан олиб, бозор ва турли-туман идораларда битадиган ишларга хотинларини юбориб, ўзи уйни қўриб қоладиган эркакларнинг борлиги ўзбек йигити ва миллати учун доғдир.

Автобусда узоқроқ сафарга отланганимда ёнимдаги киши билан ҳамсуҳбат бўлиб қолдик. Ҳамроҳим бир ҳамқиш­лоғи ҳақида гапириб берди. У эркак бўлатуриб ҳеч қаерда ишламас, уйда болалари билан ўтираркан. Хотини эса “Ипподром”да савдо қилиб, уйига ўн беш-йигирма кунда бир келар, яна келгунича етадиган қилиб бозор-ўчар қилиб бериб кетар экан. Ҳамсуҳбатимнинг айтишича, у аёл Тошкентда ижарага уй олиб, бир эркак билан эр-хотин бўлиб яшар экан.

Бир танишим оиласи билан Санкт-Петербургда ишлаб, йилига бир марта Қаршига келади. Бир суҳбатда айтишича, улар билан ёнма-ён хонадонда ўзбекистонлик бир оила ҳам ижарада турар экан. Аёл тиним билмай ишлар экану, эри болаларини мактабга олиб бориб, олиб келар ва уларга овқат тайёрлаб берар, бошқа иш қилишга бўйни ёр бермас экан. Бир куни қўшнилар суҳбатлашиб ўтиришганида эри хотинига “Икки-уч минг доллар берсанг, бир Ўзбекистонга бориб дам олиб келсам” дебди. “Бу гапни эшитиб, қулоқларимга ишонмадим” дейди ҳамсуҳбатим.

Мен агар аёл бугун эридан бир қадам илгарилаб кетган бўлса, бу эркакнинг беҳунарлиги, ношудлиги ва ориятининг сустлигидан деб биламан. Оила учун эр ҳам, хотин ҳам бирдай масъул, аммо ҳамма нарсанинг меъёри, чегараси бор. Бир умр эр уйда, хотин кўчада бўлиши халқимизнинг менталитетига тўғри келмайди. Соғ эркак хотинини ишлатиб, ўзи қараб ўтирмайди.

Эсимда, ёшлигимизда кўчамиздан ўқитувчимиз ўтиб қолгудек бўлса, биз болалар бир қатор тизилишиб, то у киши ўтиб кетмагунча жойимиздан қимирламай турардик. Бирваракайига салом бериб, олган сабоқларимизнинг ҳосиласи ўлароқ иззат-икромини жойига қўйишга, инсоний вазифаларимизни астойдил бажаришга ҳаракат қилардик.

Бугунги ёшлар аввалгиларидан тубдан фарқ қилади. Юриш-туриши, ки­йиниши-ю дунёқараши, компьютерни ўзлаштириб, интернетни “сув қилиб ичгани” – буларнинг ҳаммаси ёш авлоднинг тараққиёт сари ўзгача, яъни мутлақо янги бир йўлдан дадил бораётганидан дарак берса, айрим йигитларнинг баъзи бачкана қилиқлари, қўлига антиқа узук, бўйнига занжир тақиб, лабиниям билинар-билинмас бўяб олиши, “шохлашиб” саломлашиши, тажовузкор руҳдаги тарбияси турли хорижий фильмларнинг менталитетимизга таъсири натижаси десак, муболаға қилмаган бўламиз. Замонга мос одимлаш – давр талаби. Лекин бу азалий урф-одатларга путур етказиш мумкин дегани эмас. Бизнингча, оилада отанинг ўрни йўқлиги, мактабларда эркак ўқитувчиларнинг камайиб кетгани ўғил болалар тарбиясига  салбий таъсир кўрсатмоқда.

Маълумки, ўғил бола кўчада катта бўлади. Унинг тарбиясига кўпроқ ота масъул. Ота фарзандларига барча соҳада ўрнак бўлмоғи лозим. Фарзандлар отасининг юриш-туриши, жамиятда, маҳалла-кўйда ўзини тутиши, қариндошлари, қўни-қўшниларига муносабатидан андоза олади. Ота китоб ўқиса, бола ҳам қўлига китоб олади. Ота спорт билан шуғулланса, болалар ҳам соғлом турмуш тарзига амал қилади. Ота вақтдан самарали фойдаланса, фарзандлар ҳам бекорга санғиб юрмайди.

Бизда азалдан оила муқаддас саналган. Чунки у ватаннинг мўъжаз парчаси бўлиб, жамият уларнинг бирлигидан ташкил топади. Оилада келажак авлод улғаяди, миллат шаклланади. Эркакнинг ўз вазифасини унутиб қўйиши, ҳеч жойда ишламай, аёлининг топганига шерик, тирик товон бўлиб яшаши ўз-ўзидан унинг оиладаги мавқеини пасайтиради. Эрнинг рўзғор юкини бўйнига олмаслиги ўзаро меҳр-оқибатнинг йўқолишига, оила қўрғонининг дарз кетишига, кейинроқ эса бутунлай парчаланишига сабаб бўлади. Бу эса гулдай фарзандлар тирик етим бўлиб қолади дегани. Фарзанд одамзотга Аллоҳ таоло ато этган неъматлар ичида энг аълосидир. У айни пайтда бу дунёнинг зийнати ҳамдир. Фарзандни қалб райҳони дейишади. Болалар тарбияси эр-хотиннинг бўйнида бўлса, таъминоти отанинг гарданида. Бу масъулиятни ҳеч қачон унутмаслик лозим.

…Фарзандларини ташлаб, ўз ҳою-ҳаваси ортидан кетган навқирон ота яқинда букчайган ҳолда уйига кириб келди. У кетаётганда болаларининг кичиги ҳали отасини таний оладиган ёшга тўлмаганди. Ҳозир улар улғайган, олий маълумотли. Кексайган ота энди ўз ҳуқуқларини талаб қилишга ҳам журъат этибди. Ҳолбуки, куч-қуввати борлигида менга болаларинг керак эмас дея муштипар аёлини зор қақшатиб кетганди. Маҳалла-кўйдан уялган, гап-сўздан қочган шўрлик аёл эса бугун фарзандларидан уни қабул қилишларини сўраб турибди. Ҳа, бундай мисоллар кўп ва улар қайси бир ота ёки онага сабоқ бўлса ажабмас.

Афсуски, юқорида қайд этганимиздек, бир ишнинг бошини тутмаган айрим эркаклар тизгинни хотиннинг қўлига топшириб, ўзлари хўжасининг амрига маҳтал ходимдек бош эгиб турадилар. Бу бизнинг минг йиллик қадриятларимизга тўғри келмайди. Эркаги бор оила – устуни бут, пойдевори мустаҳкам қалъа. Эр одатда оиланинг устуни, фарзандлар учун қаҳрамонлик, мардлик тимсолидир. Падари бузрукворлик бахти эса бола тарбиясидек юкни елкасига ола билган, солиҳ, ибратли фарзандлар тарбиялаган оталарга насиб этади.

Норбўта Ғозиев,

“Huquq”

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: