Home / Жиноят ва жазо / «Қора дори» домида

«Қора дори» домида

Асрорбек (исм-фамилиялар ўзгартирилган) трактор минган, отасининг фермер хўжалигида ишлаган. Айни куч-ғайратга тўлган чоғида гиёҳвандликка чалинди. Отаси уни аввалига наркология диспансерида даволатди. Тузалгандай туюлган, наша, кўкноридан бутунлай воз кечганига ишонтирган йигит савдо-сотиқ билан шуғуллана бошлади. Аммо «тарки одат амри маҳол», деганларидек, яқинларига билинтирмай, гиёҳ­ванд­лик воситаларини истеъмол қилиб юргани туфайли иши касодга учради.

Оиладаги можаролар туфайли аёли икки нафар ўғилчаси билан ота ҳовлисига кетиб қолди. Кўча-кўйда телбасифат аҳволда тентираб юрган Асрорбекни энди ака-укалари шифохонага ётқизишди. Ҳарчанд даволатишмасин, «оғуга қуллик»дан халос этиша олмади. Икки-уч ой шифохонанинг наркология бўлимида даволаниб чиққан Асрорбек бир-икки ой соғ юрди-ю, яна кўкнори истеъмол қилиб, усти-боши юпун бангидевонага айланди. Даволашлар кор қилмай, чўпдай озиб-тўзиб, қирқ бир ёшида ҳаётдан кўз юмди.

Таъкидлаш лозим, тобеликни келтириб чиқариб, кишини эс-ҳушидан айи­радиган, умрига зомин бўладиган наша, кўкнори каби ўсимликларни етиштириш, гиёҳванд моддаларни сақлаш, ўтказиш жиноятларининг олдини олиш, фош этиш, жазонинг муқаррарлигини таъминлаш тадбирлари ўтказилмоқда. Вилоят божхона бошқармаси ва ИИБ ходимлари холислар иштирокида «Баланд масжид» МФЙда яшовчи Суҳробжоннинг  хонадонига келиб, гиёҳвандлик воситаси бўлса, ихтиёрий тақдим этишни сўрашади. Хонадон соҳиби «Уйимда йўқ. Ишонмасаларинг, қараб кўринглар», дейди. Хонадонини кўздан кечириш давомида ётоқхонадан икки ва уч литрли шиша идишларда, икки дона қоғоз ва иккита гугурт қутида, шунинг­дек, уй ертўласидан икки дона қора полиэтилен пакетда қуруқ ҳолдаги наша топилиб, ашёвий далил сифатида олинади. С.Искандаров «Ўзим учун далада — ўтлар орасида ўсиб чиққан ёввойи наша ўсимлигининг баргларини териб, қуритиб, майдалаб қўйгандим», дея изоҳ беради.

Наркологик экспертиза хулосасида у гиёҳвандлик хасталигига чалинмагани, мажбурий даволанишга муҳтож эмаслиги  қайд этилади.

Суд мажлисида С.Искандаров айбига тўлиқ иқрор бўлди. Нашани ўзи истеъмол қилиши учун сақлаб келгани, сотиш нияти бўлмагани, қилмишидан астойдил пушаймонлигини айтиб, енгиллик беришни сўради. Судланувчига озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексида гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш (сотиш) учун оғирроқ — озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиши белгиланган.

Сайёр суд мажлисида ўзи тобеликка чалиниб, бировларни ҳам дарди-бедаво домига тортган, гиёҳвандлик воситаларини етиштириш, ўтказишдан иборат жиноятга қўл урган икки нафар нашаванднинг иши ҳам кўрилди.

Мамарайим Қулфидинов эллик саккиз ёшда, муқаддам уч марта судланган. Асли Қўштепалик бўлиб, Фарғона шаҳрида истиқомат қилаётган бу банги  шу йил бошида Марғилон шаҳрида «дори» топиш илинжида юриб, ёшлигидан танийдиган, ўзидан уч-тўрт ёш кичик ҳамқишлоғини учратиб қолади. Унинг ҳам нашавандлигини билгани боис, қора дори савдоси билан шуғулланиб, пул топишни таклиф қилади. «Ўзимиздан ортганини пуллагани харидор бор», дейди. Аввалига бироз мижғовланган Насимбек Зулфиқоров кейинги гал учрашганларида хайрихоҳлигини билдиради ва 100 граммини қанчага сотиш мумкинлиги ҳақида суриштиради. Мамарайим харидор билан гаплашиб, билиб бермоқчи бўлади. Телефонда боғланиб, қиммат нарх­да пуллаш мумкинлигини айтади. Сўнгра Марғилон шаҳрининг Чорчинор маҳалласидаги уйига боради.

Насимбек уйидан олиб чиққан қора дорини татиб кўради. «Яхши, ўткир экан. Тайёрлаб қўйинг, харидор билан пулини келишиб, олгани келаман», дейди.

Андижонга борганида танишган савдогар ўзининг «хумори»ни қондириш учун 100 грамини 1 500 АҚШ долларига сотиб олмоқчи бўлади. Келишилган куни «Cobalt» русумли машинада етиб келган харидорни Қўштепа туманидаги маҳалла гузарига бошлаб боради. Ўзи машинани бошқариб, Насимбекнинг ишхонаси ёнига келади. Машинанинг ичида кичкина электрон тарозида тортиб кўрганида 200 грамм чиққан «маҳсулот» учун харидордан олган 2 800 АҚШ долларининг 800 долларини ўзида олиб қолиб, қолганини Насимбекка беради. Гузарга қайтиб келгач, машинага ўтирган харидорга «дори»ни беради. Харидор маҳсулотни кичкина тарозида тортиб кўраётган чоғда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари келиб, ўзларини таништиришади. Холислар иштирокида Мамарайимнинг ёнидаги пулларни, марихуанани, тарозини ашёвий далил тариқасида олишади. «Назоратли-харид» тадбири давомида ушланган Насимбекдан эса 2000 АҚШ доллари, иш жойидан топилган наша ўсимлиги уруғи, марихуанага ўхшаш моддалар ашёвий далил тарзида олиниб, расмийлаштирилади.

Суд-кимё экспертизасида Мамарайим ва Насимбекдан олинган модда «опий» бўлиб, жами 320 граммдан иборатлиги, Насимбекнинг ишхонасидан олингани эса 141 грамм «марихуана» эканлиги аниқланади. Наркология экспертизасининг хулосасида М.Қулфиддинов ва Н.Зулфиқоров гиёҳвандлик касаллигига чалингани ва мажбурий даволанишга муҳтожликлари қайд этилади.

Айбларига тўлиқ иқрор бўлган, бировларнинг соғлиғини йўқотиши, наркоманга айланиб, ҳаётдан бевақт кўз юмиши мумкинлигини била туриб, уларга гиёҳвандлик воситаларини пуллаган судланувчилар 10 ва 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Акбарали Юсупов,

Қўштепа туман прокурорининг ёрдамчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: