Home / Тавсия этимиз / Қopaдaн-дa қopa бoзop бу…

Қopaдaн-дa қopa бoзop бу…

30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни

Жиноят оламида қорабозорлар етарли. Бировида қурол-яроғ сотилади, бошқасида наркотик моддалар, яна бошқасида контрабанда маҳсулотлари… Бу бозорлар ичида қорадан қораси борки, инсоният бу иллатдан қадим замонлардан буён қутула олмай келади. Юқоридаги бозорларнинг барчасида одамзоднинг тийиқсиз нафсини ноқонуний қондирадиган маҳсулотлар растага қўйилса, биз айтмоқчи бўлган энг жирканч дўконда инсоннинг ўзи билан савдо қилинади. Тўғрироғи, унинг эрки, озодлиги, ори ва номуси билан…

 

Қайталаган қулдорлик васвасаси

Қинғир йўл билан бойлик орттириш истаги одам боласини ҳамиша ҳалокатга етаклаган. Наркотик моддалар ва қурол савдоси, бировнинг мулкини талон-торож қилиш, ўғирлик, фирибгарлик каби жиноятлар замирида, шубҳасиз, осон пул топиш муддаоси ётади. Бугунги кунга келиб ана шу қора рўйхатдан қадим замонлардан қолган яна бир жиноят ўрин эгаллади. Бу – одам савдоси. Ер юзидаги ҳеч бир давлатнинг қонунлари, қолаверса, халқаро-ҳуқуқий меъёрлар ҳам одам савдосига йўл қўймайди. Бироқ 1990-йиллардан бошлаб жаҳоннинг бир қатор мамлакатларида одам савдоси авж олиб бораяпти.

Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра дунёда 30 миллиондан 200 миллионгача киши мажбурий меҳнатнинг жабрланувчиси ҳисобланади. Энг ачинарлиси, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра одам савдоси қурбонларининг 71 фоизи аёллар ва болалардир. Кўпчилик тадқиқотчилар одам савдосини ҳатто наркотик моддалар сотишдан ҳам даромадлироқ деб ҳисоблайди. Бу фикрни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти маълумотлари ҳам тасдиқлайди.

Ислом динида нопок йўл билан топилган пулнинг ҳаромлиги айтилган. Мусулмон халқимиз ҳаромдан ҳазар қилади.

 

Тарихдан бир шингил…

Одам савдоси трансмиллий, яъни ҳудуд ва чегара танламайдиган жиноят бўлиб, XIX аср охирларидаёқ унга қарши кураш бошланган. XIX аср охири ва XX аср бошларида аёлларнинг Европадан Америка ва Шимолий Африкага кенг кўламли миграцияси ҳамда аёлларни Европага сотиш ҳодисаси кузатилган. Бунга барҳам бериш мақсадида Парижда 1902 ва 1910 йилларда иккита конференция ўтказилиб, Оқ қуллар савдосига қарши курашиш конвенцияси қабул қилинган. Кейинроқ ушбу конвенция Аёллар ва болалар савдосини йўқотиш ва Вояга етган аёллар савдосини йўқотиш конвенциялари билан тўлдирилган. Одам савдоси муаммосига қарши курашиш секин-аста ривожланиб, 1948 йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган. Шундан сўнг Инсон ҳуқуқларининг Европа конвенцияси, Қуллик хусусидаги конвенция, Қулликни йўқотиш амалиёти тўғрисидаги қўшимча конвенция, Аёлларга қарши дискриминациянинг ҳар қандай кўринишларига қарши кураш тўғрисидаги конвенциялар қабул қилиниб, дунёнинг кўплаб мамлакатларида қўллана бошланган.

 

Алдов исканжаси

Табиийки, аёллар эркакларга нисбатан нозик, ишонувчан ва ҳиссиётга берилувчан бўлишади. Алдов, зўравонлик, таҳқирлаш ва қаллоблик воситасида ўз мақсадини амалга оширувчи одамфурушлар учун аксарият аёлларга хос бу хислатлар жуда қўл келади. Одатда катта маош тўланадиган иш таклифи кўпчиликнинг, айниқса, ёш қиз-­жувонларнинг бошини айлантириб қўяди. Оқибатда осонгина қўлга киритилган ўлжа катта даромад келтирувчи воситага айлантирилади. Бу – ўлжани овлашнинг биринчи босқичи.

Симёғоч ва автобекатларда хорижий давлатдаги юқори маош тўланадиган турли ишлар тавсия қилинган эълонларга кўзингиз тушгандир? Албатта, чет элда ишлаб пул топишнинг ёмон томони йўқ. Чунки ишбилармон одам имкониятидан келиб чиқиб, ўзига мос ишни танлашга ва бунинг ортидан даромад топишга тўла ҳақли. Қолаверса, чет элга чиқиб ишлаш учун қонунларимизда ҳам ҳеч қандай чеклов йўқ. Аксинча, мутасадди идоралар ана шундай мақсадни кўзлаган фуқароларга бажонидил кўмаклашади, йўл-йўриқ кўрсатади. Аммо баъзи қаллобларнинг гапига ишониб иш тутсангиз-чи? У ҳолда алданиб қолишингиз ҳеч гап эмас.

– Бир аёл билан таксида Тошкентга кетдик, суҳбат давомида у хорижий давлатлардан бирида ишлаб, катта пул топиш мумкинлигини айтиб қолди, – дейди А. исмли аёл. – Хоҳиш устун келиб, дугонам билан ҳамсуҳбатимизнинг гапларига қизиқиб қолдик ва у ерга бормоқчи бўлдик. У ерда кўрмаган азобимиз қолмади. Бизга берилган ваъдалар ёлғон экан…

 

Аччиқ ҳақиқат

Саробни кўрганмисиз? Унинг ғалати хусусияти бор: чўлда чанқоқдан тинкангиз қуриб, узоққа қарасангиз, худди денгиз ястаниб ётгандек кўринади, бораверсангиз, у узоқлашаётгандек бўлаверади. Бораверасиз, бораверасиз, охири йўлингизда саҳродан бошқа ҳеч вақо йўқлигига ишонасиз. Фирибгарларнинг ваъдалари ҳам саробга ўхшайди: яқинлашганингиз сари узоқлашади ёки бутунлай ғойиб бўлади.

Яхши ният билан чет элга йўл олган одам савдоси қурбонлари ҳам саробга алданиб қолганини афсус билан тан олишади. Аслида ҳам шундай: қўйнингизни пуч ёнғоққа тўлдиришганини манзилга етиб борганингиздан сўнг англайсиз.

Аввалига зўрлик ёки алдов билан қўлингиздан паспортингизни олиб қўйишади. Сўнг таҳдид билан ўзингиз хоҳламаган ишга мажбурлашади.

Юқорида таъкидлаганимиз А. исмли қизнинг ҳасратидан чанг чиқади:

– Чет элда ишлашимиз учун бизни сайёҳлик визаси билан олиб чиқишган экан. У ерга етиб борганимиздан кейин дугонам иккаламизнинг паспортимизни олиб қўйиб, энг тубан «иш»га мажбурлашди. Уларнинг зулмидан қочиб кимга мурожаат қилишни билмасдик. Оқибатда ўзимиз билмаган ҳолда ноқонуний ишлаганликда айбланиб, жазога тортилдик…

Бунга ўхшаш мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Бироқ уларни жамлаб таҳлил қилганда шундай хулоса келиб чиқади: одам савдоси жинояти қаллобликка асосланган. Алдовга учиб, катта пул топиш орзуси эса саробнинг ўзгинаси.

 

Қонунни билсангиз – ютқазмайсиз

Бу жиноят жабрдийдаларининг асосий хатоси – улар қонунни билмайди ёки билса ҳам амал қилмайди. Ваҳоланки, 2010 йил 30 июлда БМТ Бош ассамблеясининг 64\293-резолюцияси билан Одам савдосига қарши курашиш бўйича глобал ҳаракат дастури қабул қилинган. Мазкур дастурда ушбу жиноятнинг олдини олиш, жабрдийдаларнинг ҳимояси, жиноятчиларни таъқиб этиш ва барча йўналишларда ҳамкорликни мус­таҳкамлаш чоралари кўзда тутилган. Шунингдек, 2013 йилда БМТ томонидан 30 июль Бутунжаҳон одам савдосига қарши кураш куни деб эълон қилинган.

Ўзбекистонда одам савдосининг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий асос яратилган. Чунончи, Жиноят кодексида бундай йўлга қадам қўйиш ноқонуний ҳаракат дея баҳоланиб, жиноятнинг кўлами ва оқибатига қараб ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Давлатимиз 2003 йил 12 декабрда БМТ Бош ассамблеяси томонидан 1950 йилда қабул қилинган Одам савдоси ва фоҳишаликнинг учинчи шахс­лар томонидан ишлатилишига қарши кураш тўғрисидаги конвенцияга қўшилди. БМТ Бош ассамблеясининг 2000 йил 15 ноябрдаги резолюцияси билан қабул қилинган Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенция, шунингдек, одам савдоси, айниқса, аёллар ва болаларни сотишнинг олдини олиш, унга чек қўйиш ва бунинг учун жазолаш тўғрисидаги қўшимча протокол ҳам ратификация қилинди. Хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, шу жумладан, одам савдосига қарши кураш ҳақида бир қатор шартномалар имзоланди. Шунингдек, 2008 йил 17 апрелда «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонун, 2008 йил
8 июлда «Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

Бундан ташқари, одам савдосига қарши курашиш, жиноят қурбонларини ижтимоий ҳимоялаш комплекс характерга эгалиги инобатга олиниб, давлат, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тузилди. Ҳозирги кунда комиссия одам савдосининг олдини олиш ҳамда жабрланувчиларга ёрдам кўрсатишга қаратилган бир қатор тадбирларни ўтказиб келаяпти.

Шунга қарамай мамлакатимизда бундай жиноятнинг камаймаётгани ташвишланарлидир. Бугунги кунга келиб ушбу жиноят дунё ҳамжамиятининг оғриқли нуқтасига айланди. Имони ва виждонини пулга сотаётган, қалбини дунё ҳирси эгаллаб олган кимсалар жиноий ҳаракатларини тўхтатмаяпти.

Ҳеч бир мамлакат одам савдосидан тўлиқ ҳимояланмаган. Негаки, бундай трансмиллий жиноят барча давлатларга кириб борган, ҳар бир мамлакат у ёки бу шаклда бу иллатдан жабр кўрмоқда. Ўзбекистон ҳам дунё ҳамжамиятининг бир бўлаги сифатида бу муаммони бошдан кечирмоқда.

 

Инсон қадри ҳамма нарсадан устун

Хулоса қилиб айтганда, бугун одам савдоси жинояти барчамиздан ҳушёрликни талаб этади. Зеро, ҳар бир инсон эмин-эркин яшашга ҳақли. Шу боис ушбу жиноятга барҳам бериш, унга қарши курашиш ва унинг олдини олиш – катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлган вазифа. Бу ишдан ҳеч ким четда турмаслиги керак. Ёшларни тўғри йўлга бошлаш бутун жамоатчиликнинг диққат марказида турган долзарб вазифалардан ҳисобланади. Ўз йўлини топган одам бегона юртларга иш излаб кетмайди, кимларнингдир қўлида хор бўлмайди.

Инсон қадри ҳамма нарсадан устун. Ёшларимиз бахтни бошқа юртлардан эмас, она заминимиздан изласин. Маънавият ва фарзанд тарбияси ҳар қандай бойликдан устунлигини унутмайлик. Инсон шаъни ва эркинлигига тажовуз бутун жамиятга қарши қаратилгани ҳар биримизни ҳушёр торттириши лозим. Инсоний қадриятларни топташга уринган ҳар қандай шахс қонун олдида жавоб бериши керак. Бу нафақат ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг, балки ҳар биримизнинг вазифамизга айланмоғи шарт. Шундагина юртдошларимиз одам савдосидек мудҳиш жиноят қурбонига айланишининг олдини олган бўламиз.

Норбўта ҒОЗИЕВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: