Op вa дoғ

Ор ва номус… Қиз бола учун бу неъмат жондан ҳам устун. Йигит учун-чи? Ота-боболаримиз ор-номусни дунёнинг барча неъматларидан афзал санашган. Ор учун майдонга тушишган, жанггоҳларда жон олиб, жон беришган. Оркашлик, жўмардлик, тантилик йигитнинг энг улуғ фазилатлари ҳисобланган.

Бироқ афтидан бу фазилатлар қуйидаги тафсилотлар қаҳрамонининг тушига ҳам кирмаган кўринади…

Самар Рустамов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 1996 йилда туғилган, маълумоти ўрта-махсус. Оилали, битта фарзанди бор. Илгари судланмаган, вақтинча ишсиз, Қарши шаҳрида яшайди.

…Ҳаммаси бундан уч йил муқаддам бошланганди. Ўшанда Нодира коллежда 3-курсда ўқирди. Телефони бузилиб қолиб, устахонага борди.

– Бугун телефонингиз соз бўлмайди, – деди уста йигит. – Телефон рақамингизни ташлаб кетинг, эртага созлаб, хабар бераман…

Устанинг ёнидаги нотаниш йигит улар келишиб олгунига қадар Нодирага гап отиб ўтирди.

*  *  *

Эртаси куни телефон устаси унга қўнғироқ қилиб,  «Телефонингиз соз бўлди, олиб кетинг» деди. Нодира бориб телефонини олди. Сўнг коллежга ўқишга борди. Дарсдан кейин уйига қайтиб, рўзғор ишлари билан андармон бўлиб юрганида нотаниш рақамдан «Салом, яхшимисиз?» деган СМС олди. Эътибор бермай, ишида давом этди.

Эртаси куни яна ўша рақамдан қўнғироқ бўлди. Нодира ажабланиб қўнғироққа жавоб берди.

– Узр, сизни безовта қилдим, фақат телефонни қўйиб қўйманг, – деди хушмуомалалик билан қўнғироқ қилган йигит. – Исмим Самар, сизни кеча устахонага борганингизда кўриб, ёқтириб қолдим. Рақамингизни уста ўртоғимдан олдим. Аслида сизни анчадан бери кузатиб юрибман… Мени тўғри тушунинг, сизни ўйин қилиш ниятим йўқ… Ниятим жиддий. Агар сиз ҳам менга бефарқ бўлмасангиз, илтимос, учрашайлик…

– Мен сиз билан учрашмайман, – деди қиз. – Ота-онам билса, балога қоламан. Менга бошқа телефон қилманг…

Нодира шундай деб алоқани узди. Аммо орадан ҳеч қанча фурсат ўтмай йигит яна қўнғироқ қилиб, гапларини такрорлаб туриб олди. Қиз Самарнинг қўнғироқларига умуман жавоб бермай қўйди.

*  *  *

Бир куни у ўқишдан қайтаётганида Самар йўлини тўсди.

– Нега телефонни кўтармаяпсиз? – деди у талмовсираб қолган қизга. – Яна айтаман. Менинг ниятим жиддий. Сизни ишонтириш учун нима қилай?!

– Билмасам, – дея елка қисди Нодира.

Йигит энди унинг ортидан коллежгача кириб бора бошлади. Охири қизни учрашишга кўндирди. Муносабатлар чуқурлаша бошлади.

Навбатдаги учрашувлардан бирида қиз Самарга ёрилди:

– Бизникига совчилар келаяпти, ния­тингиз жиддийлигини айтгандингиз, совчиларингизни юборинг…

Кутилмаганда йигит чайналиб қолди:

– Онам… рози бўлмайди-да… ўзи айтган қизга уйлантираман деб туриб олган…

– Бу нима деганингиз? – аччиқланди Нодира. – Ваъдалар жуда қуюқ эди-ю…

– Шошилма, мен бир сўзли йигитман, – Самар қизни яна аврай бошлади: – Фақат сенинг ҳам озроқ ёрдаминг керак…

– Қанақа ёрдам? – ҳайратланди Нодира.

– Паспортингни олиб чиқсанг, қонуний никоҳдан ўтамиз, шундан кейин онам рози бўлишга мажбур бўлади…

*  *  *

Қиз эртаси куни паспортини олиб чиқди. Самар уни таксига таклиф қилди. Машинада яна бир йўловчи бор экан. Йигит уни акам деб таништирди. Улар таксида аллақандай кўп қаватли уй ёнига бориб тўхташди. Самар қизни ичкарига таклиф қилди.

– Нима қиламан бу ерда? – ажабланиб сўради қиз. – Никоҳ уйига бормаймизми?

– Агар  ростан ҳам турмушга чиқиш ниятинг бўлса, бу уйга кирамиз, – деди йигит. – Ҳозир акам ота-онамни бу ерга олиб келади.

Самарнинг акаси жўнаб кетди. Нодира иккиланганча ичкарига қадам босди. «Квартира»да бир кекса аёл уларни кутиб олди.

– Бу қиз ким? – деди у Самарга. – Нимага бу ерга олиб келдинг?

– Уйланмоқчи бўлган қизим бу, – дея Самар қолган гапларни аёлга рус тилида тушунтира бошлади.

Бироздан сўнг Самарнинг гапидан кўнгли тўлди шекилли, аёл илжайганча хонадан чиқиб кетди. Самар Нодира билан бироз суҳбатлашиб ўтирди.

Бир пайт томдан тараша тушгандай дабдурустдан қизга деди:

– Ҳозир кийимларингни ечишинг керак…

Қиз унга анграйиб қаради:

– Бу нима деганингиз? Нима учун?

Самар бамайлихотир режасини тушунтира бошлади:

– Хавотир олма, акам ҳам худди шундай йўл билан янгамга уйланган, яъни ота-онамизга «қизни зўрлаб қўйдим» деб ёлғон ишлатган. Ҳозир ота-онамиз келиб, сенинг кийимсиз ҳолатингни кўриб, бунга ишонишади. Кейин тўй қилишга рози бўлишдан бошқа чоралари қолмайди… Қалай, зўр ўйлабманми?

Нодира унинг бу гапларига ишониб, кийимларининг бир қисмини ечди-ю, ичкийимда қолди. Самар эса уни телефонда видеога ва суратга ола бошлади…

Орадан анча вақт ўтди ҳамки, йигитнинг ота-онасидан дарак бўлмади. Қиз алданганини англаб, йиғлаб юборди. Қўшни хонадан уй соҳибаси чиқиб келиб, йигитга қизни қўйиб юборишини айтди…

*  *  *

Шу бемаъни воқеадан кейин Нодира Самар билан гаплашмай қўйди.

Бу орада Самар унинг уйига келган барча совчиларни йўлдан қайтариб, уларни Нодирани келин қилиш фикридан айнитиб юрди.

Охири йигит Нодирани телефонда «тутиб олиб», ўдағайлади:

– Нимага мен билан гаплашмаяпсан?

– Мен сен билан бошқа гаплашмайман, –  деди қиз ғазаб билан, – энди менга телефон қилма, мени бошқа инсонга беришмоқчи…

Йигитнинг овози баттар таҳдидли тус олди:

– Сен бошқага теголмайсан, чунки менда сенинг ярим яланғоч видео ва суратларинг бор… Агар кўчага тарқалиб кетса, шарманда бўласан… Пулини берсанг, буларни ўзингга қайтараман…

Қизнинг қўлидаги телефони тушиб кетишига сал қолди. У алам билан юзини чангаллади. Йигитнинг бу даражада пасткашликка боришини хаёлига ҳам келтирмаган эди…

*  *  *

Нодира бошқа чора топа олмай, тилла зирагини 800 минг сўмга сотиб, пулини Самарга тутқазди. Орадан бир неча ой ўтгач, Самар унга телефон қилиб, яна пул сўради. Бу сафар амаллаб 400 минг сўм берди. Тез орада йигит яна «хархаша» қилди…

Охирги сафар Самар 500 АҚШ доллари беришини талаб қилганидан сўнг қиз юзини ёриб, бўлган воқеани уйдагиларга айтишидан бошқа чора топа олмади…

– «Гавҳар» кафесининг ёнига бораман, келинг шу ерга, – дея қўнғироқ қилди Нодира Самарга. Самарнинг оғзининг таноби қочди.

Айтилган жойда учрашишди.

– Пул қани, олиб келдингми? – йигитнинг дастлабки сўроғи шу бўлди.

Қиз саволга савол билан жавоб қайтарди:

– Флешкани олиб келдингизми?

– Пулни бер, флешкани эртага соат ўнларда оласан, – деди Самар.

Қизнинг аччиғи чиқди:

– Олдин флешкани берасиз, кейин пулни оласиз…

Шундан сўнг йигит яна чайналиб қолди:

– Флешка ёнимда эмас, уйда…

Нодира яна талабини қайтарди. Ноилож қолган йигит ўзи билан бирга келган танишининг машинасида қизни бозор ёнига олиб келиб, ичкарига кириб кетди. Бироздан сўнг чиқиб, қизга флешкани кўрсатиб, «қани, пулни бер» деди.

– Бояги кафенинг ёнига борамиз, – деди қиз. – Пулни ўша ерда оласан…

Кафе ёнида Нодира флешкани олиб, унинг қўлига 200 АҚШ доллари тутқазди. Шу пайт пайдо бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари Самарни жиноят устида қўлга олишди. Талвасага тушган Самар аввалига Нодирадан қарзини олганини иддао қилган бўлса-да, далиллар олдида ожиз қолди…

*  *  *

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судида Самар Рустамовнинг жиноят иши кўрилди. Суд мажлисида судланувчи айбига тўлиқ иқрор бўлишдан ўзга чора топа олмади…

Суд ҳукмига кўра унга уч ярим йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жабрланувчига етказилган моддий зарар қоплангани қайд этилди.

Йигитнинг боши хам бўлди. Маҳалладошлари олдида, оиласи, яқинлари олдида юзи ёмон шувут бўлди унинг. Нима деган одам бўлди у?! Эркак киши шунчалик ҳам тубан кетиши мумкинми?! Бу доғни ювиб бўладими?

Равшан ХУРРАМОВ,

Қашдараё вилояти прокуратураси

бўлим бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: