Home /   / Қонун ҳуқуқ беради, масъулият ҳам юклайди

Қонун ҳуқуқ беради, масъулият ҳам юклайди

Мамлакатимизда давом этаётган либераллаштириш ва демократлаштириш, илғор инновация янгиликларини ҳаётга татбиқ этиш жараёни оммавий ахборот воситаларини ҳам қамраб олди. Фуқаролар қонунларда кафолатланган мурожаат қилиш ҳуқуқидан бемалол фойдаланмоқда.

Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган  турли мавзулардаги материалларни ўқисангиз ҳаётимиздаги ўзгаришларни ҳис қиласиз. Холис, аниқ, асосли маълумотларга таяниб ёзилаётган мақола ва хабарлар ўқувчиларнинг хабардорлигини оширишга, ҳуқуқбузарлик, камчилик ва нуқсонларни бартараф этишга хизмат қилмоқда. Асосийси, прокуратура органлари матбуот саҳифаларидаги, интернет сайтларидаги қонун бузилишига оид  чиқишларга бефарқ қарамаяпти ва уларга ўз муносабатини билдираяпти.

Юртимизда бу йил аччиқ қалампир етиштиришни йўлга қўйиш деҳқонлар учун жиддий синов бўлди дейиш мумкин. Бундан кўзланган мақсад – халқимизнинг деҳқончиликдаги бой тажрибасига таянган ҳолда бу экин майдонларини кенгайтириш орқали қишлоқ аҳлининг даромадини ошириш, турмуш шароитини яхшилаш эди. Чунки жаҳон бозорида аччиқ қалампир харидоргир маҳсулот ҳисобланади. Аммо айрим жойларда бу ташаббус охирига етмай қолгани ҳам бор гап. “Ўзбекистон овози” газетаси бу ҳолатга сезгирлик билан муносабат билдирди, шу мавзуда мақола эълон қилди. Жумладан, газетанинг 2019 йилги 66-67-сонидаги “Аччиқ қалампир ҳақидаги аччиқ ҳақиқат ёки кўриниб турган айбини тан олиш ўрнига таҳририятга раддия жўнатган шоввозлар” номли мақолада келтирилган ҳолатлар синчиклаб ўрганилди. Бош прокуратуранинг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлимига Тошкент вилояти прокуратураси тақдим этган ахборотда баён этилишича, “Воҳа зар чашмаси” фермер хўжалиги раҳбари Д.Раҳимов ва “Шаҳриёров Эралижон Шавкатович” фермер хўжалиги раҳбари Ш.Шодиёровдан мақолада кўрсатилган ҳолатлар юзасидан олинган тушунтириш хатида улар “Brand Investment group agro” МЧЖ ва “Агробанк”нинг Касби филиалига нисбатан даъво ва эътирозлари йўқлигини билдиришган. Бундан ташқари, “Нарзуллаев Жалолиддин Элмурод ўғли” фермер хўжалиги билан “Brand Investment group agro” МЧЖ ўртасида 2018 йил 4 майда 6-шартнома тузилгани, унинг 2.1.2-бандига мувофиқ фермер хўжалиги етказиб берилиши лозим бўлган қалампир кўчатининг пулини олдиндан 100 фоиз (7 975 000 сўм) тўлагани аниқланди. Бироқ МЧЖ шартнома шартини бузиб қалампир кўчати етказиб бермагани учун фермер хўжалиги маҳсулот топшириш имкониятидан маҳрум бўлган. Шунга кўра Касби тумани прокуратураси томонидан фермер хўжалигига “Brand Investment group agro”дан 7 975 000 сўм асосий қарз, 3 000 000 сўм пеня ва 16 218 сўм почта харажатини ундириш ҳақида Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилган.

Суднинг 2019 йил 4 июндаги ҳал қилув қарорига асосан даъво қаноатлантирилиб, 2019 йил 5 августда 4-1105-1901/858-ижро варақаси Қуйичирчиқ туман Мажбурий ижро бюросига юборилган.

«Ишонч» газетасининг 91-сонида чоп этилган “Ҳавойи қарздорлик ёхуд коммунал тўловлардаги чалкашликлар қачон барҳам топади?” номли мақолага эса Мажбурий ижро бюроси томонидан ўз вақтида муносабат билдирилди.

2019 йил 21 август куни “nor.uz” сайтида эълон қилинган “Қўмқўрғонга қонунлар етиб келмайди, ишонинг” номли мақолада “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинида бир гуруҳ шахслар экин майдонларини талон-торож қилгани ҳақида сўз боради. Хусусан, “Алижон омад” фермер хўжалиги раҳбари муайян ер майдонини ноқонуний эгаллаб олгани, айрим фуқаролар бу ерларга ўзбошимчалик билан уй қургани тилга олинган. Сурхондарё вилояти прокуратурасининг ахборотига кўра фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг 2018 йил 13 июндаги ижро ҳужжатига асосан И.Маматова ва унинг оила аъзолари ҳамда А.Маматов “Алижон омад” фермер хўжалигига тегишли ерда ўзбошимчалик билан қурган уй ва қўшимча иморатларни буздириш, ерни фермер хўжалигига қайтариш белгиланган. Мазкур ҳужжат 2018 йил 25 августда МИБнинг Қумқўрғон тумани бўлими иш юритувига келиб тушгач, ижро ҳаракатларига киришилган.

Ижро ҳаракатлари давомида 2019 йил 27 мартда Қумқўрғон тумани ҳокими томонидан МИБ туман бўлимига 851/01-20-хат тақдим қилиниб, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган тураржойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерда ноқонуний қурилган уйларни буздириш, ерни туман захирасига қайтариш ҳақидаги ижро ҳужжатларини туман ҳокимлигига қайтариш сўралган.

Шу сабабли мазкур ижро ҳужжати 2019 йил 30 мартда “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 40-моддаси 1-бандига асосан Қумқўрғон тумани ҳокимлигига қайтарилган.

“Муштум” журналининг 2019 йил 6-7-сонида чоп этилган “Қоровул “ов”га чиқди, ортидан ғавғо чиқди” номли танқидий мақола ҳам Мажбурий ижро бюроси томонидан ўрганиб чиқилган. Бюро директорининг ўринбосари М.Эгамбердиев имзоси билан йўлланган ахборотда таъкидланишича, “Муштум” журналининг икки журналисти ҳамда фуқаро Ў.Муродов МИБнинг Пастдарғом тумани бўлимига келиб, электр энергияси бўйича асоссиз қарздорлик ҳисобланганидан ҳамда туман электр тармоқлари корхонасида фаолият юритувчи Ш.Жумаевнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб оғзаки мурожаат қилишган. Мурожаат ўрганилганда Ў.Муродовга 183 750 сўм асоссиз қарздорлик ҳисоблангани аниқланган. Ушбу ҳолат юзасидан далолатнома расмийлаштирилиб, асоссиз қарздорлик “Электрҳисоб” дастуридан чиқарилган. Бундан ташқари, Ў.Муродов ҳозир қоровул бўлиб ишлаб келаётган Ш.Жумаевга илгари Туркман маҳалласида назоратчи бўлиб ишлаган вақтида электр энергияси учун берган 360 000 сўм пул ўз ҳисобрақамига тушмаганини маълум қилиб, бу масала юзасидан ёрдам сўраган. Мурожаатни ўрганиш давомида корхона ходими Ш.Жумаев бюронинг Пастдарғом бўлимига таклиф этилиб, ундан Ў.Муродовнинг абонент ҳисобрақамига электр энергияси учун 360 000 сўм пул ундирилиши таъминланди.

Прокуратура органлари фуқаролар ва юридик шахсларнинг оғзаки ва ёзма мурожаатларига, уларнинг қабулини ташкиллаштиришга жиддий эътибор қаратган бир пайтда айрим шахслар ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларни қабул қилишдан бош тортиш ҳолатлари мавжудлиги ҳақидаги ҳақиқатга тўғри келмайдиган хабарларни ҳам тарқатмоқда. Бунга 2019 йил 22 августда “Facebook” ижтимоий тармоғидаги “Антикоррупция” гуруҳида “Obida Rasulova” номли аккаунт эгаси тарқатган хабар мисол бўла олади. Унда аккаунт эгаси Бош прокурор қабул қилишдан бош тортганини қайд этган.

Биздаги маълумотлар эса фуқароларнинг қабуллари масаласида Бош прокуратурада қонун талаблари асосида қаттиқ тартиб ва интизомга амал қилинишини кўрсатмоқда. Қайд этилишича, Бош прокурор Н.Йўлдошев лавозимга тайинлангандан кейин тўрт марта қабул ўтказган. Бундан ташқари республикамизнинг барча вилоят, шаҳар ва туманларида Бош прокурор ўринбосарлари, вилоят прокурорлари ва бўлинмалар раҳбарлари томонидан сайёр қабуллар ҳам мунтазам ўтказилмоқда.

Шуниси диққатга сазоворки, фуқароларга ҳар томонлама қулайлик яратиш мақсадида қабуллар электрон шаклда ҳам ташкиллаштирилаяпти. 2019 йилнинг 5 июль куни видеоконференция алоқаси орқали мамлакатнинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи фуқароларнинг қабули ўтказилиб, унда 27 нафар жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг мурожаатлари тингланган. 2 август кунги видеконференцалоқада эса 26 кишининг мурожаати эшитилган. Худди шундай электрон қабул 6 сентябрь куни ҳам ташкил этилди. Унда Бош прокурор томонидан 29 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари қабул қилинди ва уларнинг мурожаатлари тингланди. Ва ниҳоят, октябрь ойининг 4-санасида видеконференцалоқа орқали яна фуқароларнинг қабули ўтказилди. Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Наманган, Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан 20 нафар жисмоний ва юридик шахснинг электрон мурожаати эшитилди ва қабул қилинди. Мурожаатнинг бу шакли фуқароларга катта қулайлик яратиб, вақти ва нақдини тежаётганини аксарият юртдошларимиз эътироф этаяпти.

Интернет орқали сохта хабар тарқатиб, ўқувчиларни чалғитишга, ўзини жабрдийда қилиб кўрсатишга уринаётган фуқаролардан яна бирининг даъвосига тўхталиб ўтишга тўғри келади. Тошкент вилояти прокурорининг ўринбосари З.Қораев имзоси билан тақдим этилган ахборотда ижтимоий тармоқлардан олинган яна бир хабарга қонуний муносабат билдирилган. Ҳақиқатан ҳам Мирсаид Ҳайдаров исмли шахсга нисбатан Ўртачирчиқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 2017 йил 24 июлда ЖКнинг 139-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Бироқ бу модданинг юқорида айтилган воқеага алоқаси йўқ. Жиноят иши қўзғатилишига Ўртачирчиқ тумани “Қурамаовул чувулдоқ” маҳалла фуқаролар йиғини Саховат кўчаси 16-уйда яшовчи Н.Содиқова ва унинг укаси Р.Муҳаммаджоновнинг фуқаро М.Ҳайдаров фарзандларини кўриш баҳонасида уларнинг уйига келиб, жанжал чиқариб, оилани шарманда қилиш мақсадида турли идораларга туҳматдан иборат аризалар билан мурожаат қилиб келаётгани боис унга нисбатан чора кўришни сўраб туман прокуратурасига йўллаган аризалари асос бўлган. Терговга қадар текширув давомида М.Ҳайдаровнинг аризасида келтирилган важлар тасдиғини топмаган, аксинча, у собиқ турмуш ўртоғига, собиқ қайнонасига ва собиқ қайнукасига туҳмат қилгани аниқланган. Унинг шунга ўхшаш мазмундаги бошқа аризалари ҳам текширилганда, улардаги важлар тасдиқланмаган.

Жиноят иши бўйича 2019 йил 6 августда туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан М.Ҳайдаровга нисбатан ЖКнинг 139-моддаси 3-қисми “г” банди ва 140-модддаси 1-қисми билан айб эълон қилинган ҳамда айблов хулосаси билан мазмунан кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Ўртачирчиқ тумани судига юборилган.

Прокуратура органлари оммавий ахборот воситалари, интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган турли мавзулардаги материаллар, фуқароларнинг мурожаатларига келгусида ҳам алоҳида эътибор қаратиб боради.

 Бош прокуратуранинг жамоатчилик билан алоқалар

ва ҳуқуқий ахборот бўлими

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: