Home / Жиноят ва жазо / Қонга беланган остона

Қонга беланган остона

«Остонаси тиллодан уй сеники ёр-ёр…»

Тўйларда айтиладиган ўланлардаги бу машҳур сатрлар барчага таниш. Бундан 25 йил муқаддам турмуш қурган Равшан ва Муқаддаснинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) тўйида ҳам шу ўланлар янграгани аниқ. Ўшанда айтилган тилакларда ҳам бу хонадон бўсағаси келин учун бахт остонаси бўлсин, деган эзгу ниятлар акс этган бўлса эҳтимол.

Дунёда тирноққа зорлар қанча. Аллоҳ улардан карамини дариғ тутмади: икки қиз, бир ўғил берди. Болаларга чиройли исмлар қўйишди — Зарина, Нигора, Жаҳонгир… Эр-хотин мана шу мунаввар кунларининг қадрига етишмади. Арзимаган баҳоналар билан жанжал устига жанжал чиқаришди. Бир кун жанжалдан сўнг қирқ кунлаб барака қочди. Орада болаларнинг ранги сар­ғайди, кўзларига мунг чўкди.

Оила қўрғонига кетган дарз кенгайиб, улкан ёриқларга айланди. Бориб-бориб бу қўрғон қулади. 2015 йилда Равшан билан Муқаддас ажрашишди. Салкам бўйи тенги уч фарзанди билан Муқаддас отаси ва жигарлариникида яшаб юрди. Равшан эса Азиза исмли аёлга уйланиб олди.

Кейинги жанжал уй-жой ва мол-мулк устида давом этди. Бу орада собиқ хотинига қўл кўтаргани учун Равшан судланиб, жазо олиб чиқди. Зиддиятлар янада чуқурлашди.

Ажрашганларидан икки йилча вақт ўтиб, Муқаддас фарзандлари билан суд қарори асосида Равшан яшаб турган уйнинг бир қисмига эга чиқди. Бошқа эшиклардан кириб-чиқиб яшай бошлашди. Табиийки, низолар бу билан тугамади. Равшан собиқ хотинини вафот этган деб кўрсатиб, ўртадаги мулк бўлган машинани пуллаб юборди, устига-устак тегишли идоралар орқали қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб, яшаб турган уйини жигарларидан бирининг номига расмийлаштириб берди. Бундан хабар топган Муқаддас яна судга югурди…

Равшан аччиқ устида собиқ оиласини, фарзандларини бутунлай ўз ҳолига ташлаб қўйди. Болалар бобо ва бувиларининг нафақаларига кун кечиришга мажбур бўлишди. Турмуш ташвишлари жуда эрта бошларига тушган Зарина ва Нигора коллежни тугатганларидан сўнг истироҳат боғида ишчи бўлиб ишлай бошлашди.

Ўша куни Равшан уйда ёлғиз эди. Дарвозахонадаги темир-терсаклар орасида куймаланиб юрарди. Пайвандлаш ускунаси орқали эски темирларни бўлаклаётган пайтида дарвозадан собиқ хотини кириб келди. Одатдаги жанжал бошланди.

Даҳанаки жанг ур-йиқитга айланди. Дарвозани қулфлаб олган Равшан дод-фарёдига қарамасдан Муқаддасни қўл­ларидан тортиб йиқитиб, судрай бошлади. Ғазабини жиловлай олмаган эркакнинг қўлига узун темир илашди. У шу билан аёлнинг бошига туширди. Дарвозахона қонга беланди…

Аниқлик киритадиган бўл­сак, Равшан Қиличов 1974 йилда туғилган. Маълумоти ўрта, фермер хўжалигида ишчи бўлиб ишлаган. Оилали, тўрт нафар фарзанди бор. Муқаддам икки бор жиноят содир этган Равшан биринчи гал 2 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинганди. Кейинроқ ҳукм ўзгартирилиб, у бир йилни панжара ортида ўтказди. Кейинги сафар унга 3 йилу 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси та­йинланди. Амнистия жонига аро кириб, жазодан озод этилди.

Собиқ хотинининг қотилига айланган Равшан Қиличовнинг жирканч жинояти тафсилотларига жиноят ишлари бўйича вилоят судида бўлиб ўтган суд мажлисида ойдинлик киритилди. Гарчи Равшан Муқаддасни тортишув натижасида йиқилиб, бошини темирга уриб олиб, жароҳат олди, дея ўз айбини яширишга уринган бўлса-да, манфур жиноят инкор этиб бўлмас далиллар билан ўз исботини топди.

Суд ҳукми билан Равшан Қиличовга Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жабрланувчининг вакили, унинг катта қизи Зарина Араббоеванинг фойдасига судланувчидан 5 миллион 200 минг сўм моддий ва 60 миллион сўм маънавий зарар ундириладиган бўлди.

…Одатда қизлар отага меҳрибон бўлади, дейишади. Бироқ меҳр деган бебаҳо бойлик берилсагина қайтади. Равшаннинг қизлари ҳам бир умр ундан меҳр кўрмай улғайишди.

Суд мажлисида бир манзарани кўрган иштирокчиларнинг қалблари зир титраган бўлса, ажабмас. Зарина мунатазам равишда уларга азоб бериб келиб, онасининг қотилига айланган отасига оғир жазо берилишини сўради. Отанинг боши эса эгик эди. Муқаддас билан талашилган уй, қонга беланган остона ўтаётгандир балки унинг хаёлидан?!.

Шерзод НУРМАТОВ,

Қашқадарё вилоят прокуратураси бўлим прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: