Home /   / Oнa қизининг нoмини бyлғaди

Oнa қизининг нoмини бyлғaди

Шакарбой (исмлар ўзгартирилган) яшайдиган ҳудуд аҳолиси узумчилик билан, аниқроғи майиз тайёрлаш билан шуғулланади. Асосий даромади шундан. Уйларнинг томи ҳам узум қуритишга мослашган.

Август ойида Шакарбой укаси Эсонбой билан ўзларининг боғидан узган узумларини қуритиш мақсадида Шакарбойнинг уйи томига илиб чиқишди. Октябрь ойида қуриган ма­йизларни йиғиштириб олиб, дарвозахонага тўкиб қўйишди. Энди майизларни аста-секин қайта ишлаш, тозалаш, сотишга тайёрлаш жараёни бошланади.

Бир-икки кундан кейин Эсонбойнинг ўғли Зокир майизларни кимдир ўғирлаётганини сезиб қолиб, отасига айтди.

– Қопларга солиб, омборга киритиб қўй, – деди Эсонбой. Зокир майизларни 40 килодан ўлчаб, қопларга жойлади, жами 52 қоп бўлди. Зокир майизларни тозалаб бериш учун қишлоқдошларига тарқатди. 7 та қопни тозалатиш учун одам тополмай омборда қолдирди.

Эртаси куни Эсонбой келиб, омборни кўздан кечирди. Ўғлининг ҳисоб-китоб дафтарига қараб яна бир қоп майиз йўқлигини кўрди. Шундан сўнг улар шу куни Шакарбойнинг дарвозахона ва омборига кузатув камераси қўйдиришди.

Ҳалима Шакарбойнинг ён қўшниси. Аёл қўшнисининг дарвозахонасида турган майиздан хабардор эди. Ўша куни ярим кечаси уйғониб, қўшнисиникига ўтди. Қишлоқ жойларда ҳовлилар тўлиқ ўралмаган, дарвозахоналар ҳам очиқ ҳолда бўлади. Аёл майиз борлигига ишонч ҳосил қилди. Омборнинг эшигини ҳам очиб кўрмоқчи бўлди. Эшик қулф экан.

Уйига қайтиб қизи Ҳанифани уйғотди.

– Тур, қизим, юр, Шакарбойникидан майиз оламиз. Мен кўриб келдим, ҳаммаси қотиб ухлаб ётибди. Сен ҳам камчиликларингни тўғрилаб оласан, – деди қизини эгри йўлга бошлаган она.

Турмуши ўхшамаган Ҳанифа анча пайтдан буён бир боласи билан ота уйида эди. Гарчи онасининг қилмиши тўғри бўлмаса-да унга қаршилик қилмади.

Ота-она нафақат ўз ҳурматини сақлашга, балки фарзандларининг шаънига доғ туширмасликка, уларнинг феълидаги нуқсонини яширишга уринади. Лекин Ҳалиманинг ҳаракатларини кўрган одам беш қўл баробар эмаслигига яна бир марта амин бўлади.

Ҳанифа онасига эргашиб, қўшнининг уйига борди. Улар ўзлари билан олиб келган фартукларни майизга тўлдириб қайтишди. Кейин ҳеч нима бўлмагандай уйига кириб ухлашди.

Бир неча кундан бери майиздан кимдир олаётганини сезиб, аммо кимлигини билмай юрган ака-укаларга бу гал видео­камерадаги ёзувларни кўриб, ўғриларни таниб олиш қийин бўлмади. Эртаси куни улар ҳолат юзасидан тегишли жойга арз қилиб, видеоёзувни кўрсатишди.

Шу куни ИИБ ходимлари Ҳалима ва қизини қидириб келишди ва уйларидан нархи 750 минг сўм бўлган 50 кг. майизни ҳужжатлаштириб олишди.

Суд судланувчиларга нисбатан ҳукм ўқиди. Ҳалиманинг қарамоғида 4 нафар, Ҳанифанинг 6 ойлик фарзанди борлигини, аввал судланмагани ҳамда етказилган зарарни қоплаганини инобатга олиб, жарима жазоси тайинлади.

Нафси йўлида эгриликдан қайтмайдиган, ҳатто ўз боласини ҳам бу қинғирликларга шерик қиладиган оналарни ҳеч бир баҳона билан оқлаб бўлмайди. Ҳалиманинг бошида эри, қолаверса оғир кунда ташлаб қўймайдиган отаси, қариндошлари бор. Демак, у ночор, оч қоладиган аҳволда эмасди. Аёлдаги нафс, қаноатсизлик ўзи ва қизини ёмонотлиқ қилди.

 

Санжар КАБИЛОВ,

Самарқанд вилояти прокурорининг катта ёрдамчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: