Home /   / Она ерни асраб-авайлашга ҳар биримиз масъулмиз

Она ерни асраб-авайлашга ҳар биримиз масъулмиз

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев барча чиқишларида она еримизни асраб-авайлаб, унинг ҳосилдорлигини йилма-йил ошириб бориш, қишлоқ хўжалигида экологик тоза биологик ва органик ўғитлардан самарали фойдаланиш кераклигига урғу бериб, бунинг замирида мўл ҳосил олиш, энг асосийси миллат саломатлиги ётганини, шундагина келгуси авлод биздан рози бўлишини уқтириб ўтади.

Афсуски, охирги йилларда республикада кимёвий-техноген технологиялар кенг кўламда қўлланмоқда. Тўғри, бу ор­қали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашда маълум бир ютуқларга эришилди. Шу билан бирга, бу катта меҳнат ва маблағ сарф­ланишидан ташқари тупроқ унумдорлиги пасайишига ҳам олиб келди. Тупроқ таркибидаги гумус миқдори кама­йиб кетиши ҳисобига тупроқнинг табиий унумдорлиги ва экинларнинг ҳосилдорлиги, сифати пасайгани кузатилаяпти.

Прокуратура органлари томонидан ердан оқилона фойдаланиш, ер ажратишда суиистеъмолчилик ва таниш-билишчиликка йўл қўймаслик борасида назорат ишлари мунтазам олиб борилмоқда.

Таҳлиллар, соҳадаги қонунийлик аҳволи бу йўналишда қонун бузилишларининг олдини олиш, ҳуқуқбузарларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш чораси кўрилмасдан, прокурор назорати сусайтириб юборилганини кўрсатди.

Аҳолининг юқори суръатда кўпайиши, қишлоқ хўжалиги ерларининг бошқа тоифага ўтказилиши ва глобал иқлим ўзгариши таъсирида мамлакатда охирги 15 йил давомида аҳоли жон бошига тўғри келадиган суғориладиган ер майдонлари 24 фоиз (0,23 гектардан 0,16 гектаргача) қисқарган.

Шундай шароитда айрим ҳудудларда унумдор ерларни
асраб-авайлаш ўрнига, ердан ноқонуний фойдаланиш, уни талон-торож қилиш ёки асоссиз бериб юбориш одатий ҳолга айланган.

Ер бериш тартибини бузган мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги масаласи қатъий ҳал этилмаётгани оқибатида бу каби қонун бузилишларига тўлиқ барҳам берилмаяпти. Хусусан, ўтган ярим йилликда 15 892 гектар ер ноқонуний ажратилган бўлса, 839,6 гектар ердан ноқонуний фойдаланиб келинган.

Жиззахда 12 589, Фарғонада 966, Қорақалпоғистонда 534, Навоийда 454, Наманганда 446, Сирдарёда 356, Самар­қандда 321, Андижон ва Хо­разм­да 109 гектар ер ноқонуний ажратилган.

Маҳаллий ҳокимликлар 378 та ҳолатда 15 218 гектар, Ергеодезкадастр ходимлари 6 та ҳолатда 4 гектар, фермер хўжаликлари 88 та ҳолатда 622 гектар, деҳқон хўжаликлари ёки томорқа ер эгалари 6 та ҳолатда 1 гектар ҳамда бошқалар 7 та ҳолатда 47 гектар экин ерини ноқонуний равишда ажратиб бергани аниқланган.

Маҳаллий ҳокимликлар томонидан ноқонуний ажратилган ер майдонлари асосан Жиззах (12 519 гектар), Фарғона (918), Навоий (454), Наманган (444), Сирдарё (355), Самарқанд (281) ҳамда Хоразм (105) вилояти ҳисобига тўғри келади.

Текшириш ва мониторинглар давомида ноқонуний ажратилган жами 6 732 гектар ер захирага қайтарилиши таъминланди.

Шу билан бирга, республика бўйича 2019 йил 1 июлгача туман ҳокимликлари захирасида 1 миллион 544 минг гектар ер, шундан 228 420 гектар суғориладиган майдон бўлса-да, белгиланган тартибда ажратиш чоралари кўрилмай қолган.

Бундай ерлар асосан Қорақалпоғистонда 96 641, Жиззах вилоятида 27 008, Сирдарё вилоятида 24 070, Қашқадарё вилоятида 19 081, Наманганда   16 820, Сурхондарёда 12147, Хоразмда 11 092, Тошкентда    9531, Навоийда 7114 ва Андижонда 4829 гектарни ташкил қилади.

Шунингдек, суғориладиган ерларнинг ҳолати ёмонлашиб бораётгани ҳам яна бир муҳим масала ҳисобланади. Хусусан, 2013 йилнинг 1 январида 347 769 гектар ернинг ҳолати ёмон деб эътироф этилган бўлса, ҳозирга келиб бу кўрсаткич 456 859 гектарга тенг.

Хусусан, 191 366 гектарининг мелиоратив ҳолати ёмонлиги, 207 507 гектарига сув етишмаслиги, суғориш иншоотлари яроқсиз ҳолатга келиб қолгани, 19 293 гектари мелиорация тармоқлари ишламаслиги оқибатида ишдан чиққани, 11 871 гектари ўта тошлоқ ва гипс қатламли ерлар эканлиги, 23 936 гектари сурункасига экин экилмагани сабабли ишдан чиққани, 1768 гектари фойдаланилмаётган бўз ерлар экани аниқланган.

Юқоридаги салбий ҳолатлар мавжуд бўлса-да, Жиззах, Наманган, Фарғона, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан етарли назорат ўрнатилмаган.

Шу билан бирга, фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда ер ресурслари ва давлат кадас­три бўлими ходимлари томонидан экин ерларини фуқароларга сотиш йўли билан муомаладан чиқариш ҳолатларига ҳам ҳамон барҳам берилмаган.

Бу каби қонун бузилишлар асосан Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Фар­ғона вилоятларида кенг тус олган. Хусусан, Шароф Рашидов туманидаги «Афруз кумуш файз» фермер хўжалиги раҳбари А.Анорбоев қишлоқ хўжалиги ерлари ҳисобидан уй қуриш учун Н.Носировга 0,06 гектарини 8 миллион сўм, Ш.Умурзоқовга 0,06 гектарини 12 миллион сўм, Д.Бекмуродовга 0,06 гектарини 15 миллион сўм ҳамда Т.Бойматовга 0,48 гектарини 55 миллион сўмга сотиб, пулини ўзининг шахсий манфаати йўлида ишлатиб юборгани аниқланди.

Мазкур мансабдор ва масъул шахслар ҳозир суд қарорларига асосан жиноий жавобгарликка тортилиб, жазо муқаррарлиги таъминланган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, экинлардан олинадиган ҳосилнинг ярми минерал ўғитлар ҳисобига яратилади, аммо деҳқончиликда қўлланаётган пестицидлар тупроқдаги микроорганизмларга салбий таъсир кўрсатиб, тупроқ таркибидаги озиқ моддалар миқдорини камайтиради. Унумдорликни тиклаш мақсадида тупроқдаги микроорганизмлар ривожланиши учун мақбул шароит яратиш ва уларни тиклаш зарур, фақатгина шу йўл билан патоген (касаллик келтириб чиқарувчи) микроорганизмлардан тупроқни тозалаш мумкин. Биологик ўғитларни, айниқса (эффектив микроорганизмлар) ЭМ-технологияларни қўллаб, пахта ва буғдой ҳосилдорлиги ва сифатини яхшилаш мумкин, бу қишлоқ хўжалиги ривожланган давлатлар тажрибасида исботланган.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган “Байкал ЭМ-1” микробиологик ўғити ҳам шулар жумласидандир. Масалан, 2018 йилда ушбу ўғит Андижон, Наманган, Сирдарё, Тошкент ва Жиззах вилоятларида қўлланиб, мўл ҳосил олиш билан бирга унинг эрта пишишига замин яратилди. Бу далаларда касалликлар ҳам бўлмай, заҳарли кимёвий дориларни қўллашга эҳтиёж бўлмади, фермерларимиз эса олинган ҳосилни юқори навларга сотиб яхшигина даромад қилишди.

“Байкал ЭМ-1” препарати азот тўпловчи, фотосинтезни жадаллаштирувчи, сут ачитувчи бактериялар ва хамиртуриш замбуруғининг сувдаги эритмасидан иборат бўлиб, ер микрофлорасини 100 фоиз тиклаб беради. Ушбу микроорганизмлар ўсимлик учун зарур бўлган аминокислоталар, органик кислоталар, полисахарид ва витаминлар ишлаб чиқиб, ўсимлик ҳужайларидаги физиологик жараённи, яъни фотосинтез ва нафас олишни жадаллаштиради. Ўсимликларнинг иммунитетини ошириб, касалликка чидамли бўлишини таъминлайди. Тупроқ таркиби ва биологик фаоллигини яхшилайди, биринчи йили пахта ҳосилдорлигини 30-40, ғалланикини 40-50 фоиз оширади. Иккинчи-учинчи йилга бориб ҳосилдорликни 2-2,5 баравар ошириш хусусиятига эга. Хусусан, 2011 йил Андижон вилоятининг Асака, Балиқчи, Булоқбоши, Избоскан, Олтинкўл, Пахтаобод, Фарғона вилоятининг Қува, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманларида ўз исботини топиб, фермер хўжаликларининг 98 фоизи биринчи теримдаёқ пахта топшириш режасини ортиғи билан бажарди.

Бугунги кунда «Байкал ЭМ-1» ўғити Япония, Германия, Голландия, Россия, Хитой, Украина ва бошқа кўплаб мамлакатларда кенг қўламда ишлатилмоқда.

«Байкал ЭМ-1» ўғити 30 та медал ҳамда 25 та диплом билан тақдирланган, 2007 йили ЮНЕСКО раҳнамолигида Россияда ўтказилган халқаро конференцияда “ХХI аср технологияси олтин сифат белгиси” совриндори бўлди. 2015 йили Европа давлатларининг Болгарияда ўтказилган қишлоқ хўжалиги кўргазмасида “тенги йўқ микробиологик инновацион ўғит” деб эътироф этилиб, катта олтин медаль ва диплом билан мукофотланди.

Бу препаратни қўллаш орқали қишлоқ хўжалигига янги инновацион технологияларни жорий этиш, ернинг унумдорлигини ошириш, экологик тоза маҳсулот етиштириш ва энг асосийси миллат саломатлигини яхшилашга замин яратилади.

Муродилжон Мўминов,

Бош прокуратура бошқарма прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: