Home /   / Она ер соғинчи

Она ер соғинчи

Одамзод ўзи яралган, едириб-кийинтирган ва охир борар жойи бўлмиш ер устида юрганида доим ҳам унинг қадрини билавермайди

Чамаси йигирма беш-ўттиз кишига мўлжалланган, икки қаватли темир кароватлар қўйилган, эшиги ҳам темирдан бўлган нимқоронғи хона.

Қамоқхона кун тартибига кўра хона «со­ҳиб­лари» аллақачон ётиб ухлашлари лозим бўлса-да, кимдир жойига ётган, кимлардир кароватга ўтирган ҳолда паст товушда бир-бирига беҳуда гап сотиш билан овора. Ҳафта бурун жазо ўташ учун келтирилган ёш йигит бошини икки қўллаб чангаллаган кўйи кароватида мук тушиб, тек қотган.

Кароватларнинг бирида ёши олтмишни қоралаб қолган, соч-соқоли оппоқ маҳкум деворга суяниб озғин қўлларига тикилганча хаёлга берилган.

Хонадошларининг баланд-паст товушлари унинг қулоғига кирмас, у ўзга оламда, хаёллари бошлаб кетган кенг адир ёнида жойлашган ота уйида, худди туш кўраётгандай эди: мана, онаси қўлига тандирда пишган иссиқ кулчани тутқазиб, бошини силаб қўйди. Қўлида кулча билан ўтлоқда маъраб, бир-бирини қувалаб ўйнашиб юрган қўзи ва улоқчалари томон чопди. Майсаларнинг оёғига юмшоқ ва ёқимли урилишини туйгандай бўлди.

Сўнг бирдан кўз ўнгида доим қовоғи солиқ юрувчи отаси намоён бўлди. Отаси биринчи марта мастлик оқибатида тенгқури билан уришиб, унинг қовурғасини уриб синдиргани учун судланганида қандай норози қараган бўлса, шундай қараб турарди. Бу нигоҳдан бадани жимирлагандай бўлди ва уч йил қамоқда ўтиришига сабаб бўлган ўша воқеага қайтди. Ўшанда энди йигирмага кирган бўз бола эди. Бекорчиликда учрашиб қолган уч-тўрт тенгқур ароқ ичишди. Бари уйланмаган йигитлар эмасми, ҳангомалари ўз-ўзидан қизларга бурилди. Ёнида турган йигитнинг яхши кўрган қизи тўғрисида билиб-билмай айт­ган бир оғиз андишасиз сўзи сабаб уни бир уриб, йиқилгач бир тепгани эсида… На терговда ва на судда нима учун ўртоғини уриб-тепганини айтмади. Айтолмади, мастликда билмай урибман деб қўя қолди.

Суд маст ҳолатда бесабаб уриб, қовурғасини синдирган деган айб билан уч йилга ҳукм қилди. Ота-онаси, барча орзулари панжарадан ташқарида қолди. Кўп афсус қилди, лекин чорасиз эди. Озодликка чиққанида жанжалга сабаб бўлган, сиртдан яхши кўриб юрган қизи аллақачон турмушга чиқиб, фарзандли бўлган эди…

Кейинчалик ота-онасининг қистови билан уйланди, бола-чақа орттирди. Эл қатори ишлаб кунини кўриб юрган эди. Фарзандлари катта бўлиб, уларни узатиш, уйли-жойли қилиш масаласи кўндаланг бўла бошлагач, уни ўй босди, ўз-ўзига «Бу туриш бўлмайди, нимадир қилиш, пул топиш керак» деди. Шу-шу, ёши қирқдан ошганда ҳамқишлоғига қўшилиб, пул топиб келиш илинжида Россияга жўнади.

Етиб боришгач, қурилишда ишлай бош­лади, ҳар ой ўзидан орттириб уйига ҳаминқадар пул жўнатиб турди…

Бирга ишлайдиган уч йигитнинг бош­қаларга унча қўшилмай, ҳам канда қилмай намоз ўқиб юришини кўриб, уларга ҳавас қилган бўлди. Йигитлардан бирига бу ҳақда гапирганида, у «гап ниятда, бизга қўшилинг, ўрганиб оласиз» деди. Уларга қўшилиб, билганича намоз ўқиб юрди.

Уни доим ёшликдаги хатоси туфайли изидан чиқиб кетган ҳаётидан норозилик, ўз турмушидан қониқмаслик ҳисси қийнаб келарди. Йигитларнинг суҳбатидан йўқотган нарсасини топгандай бўлди, уларга ихлос қўйди.

Аста-секинлик билан Қуръон сураларини ёдлай бошлади. Аввалига йигитларнинг адолатсизлик ва тенгсизлик ҳақидаги гаплари қулоғига мойдай ёқиб юрди. Ке­йинчалик уларнинг шариат қоидалари асосида яшаш шартлиги, лекин бунга ҳозирги тузум йўл бермаслиги ҳақидаги гапларига ҳам чиппа-чин ишонди.

Бир куни йигитлар «Биз бошқа жойга ишга кетаяпмиз, ойлиги яхшироқ, ҳам иш енгил» дейишганида, «Сизлардан ажрамайман, ака десаларинг мени ҳам олиб кетинглар» деб туриб олди. Уларга қўшилиб жўнади-ю, ўз оёғи билан ажал комига бориб тушганини билмай қолди. Тўрт йиллик умри ўзга юртдаги жангарилар лагерларида, турли босқин, талонларда иштирок этиб ўтди…

Шунда кўп бора униб-ўсган уйи тушларига кириб юрди, қўлидан келгани Яратганга «Оллоҳим, ўзинг ёрдам бер, жасадим беэга, ўзга юртда қолиб кетмасин! Униб-ўсган юртимни бир бор кўрсат, сўнг неки жазонг бўлса розиман!» деб ёлвориш, «шунчаям аҳмоқ бўламанми?» дея ўзини яниш бўлди…

Оҳи осмонга етди шекилли, тўдадагилар жавобгарликдан қўрқиб, тўғри келган юртга қочиб тарқай бошлади. У буни Оллоҳнинг инояти деб билди ва минг бир оворагарчилик билан бир мамлакатдан иккинчисига ўтиб, охири юртга олиб учадиган самолётга чиқди. Юртда уни ички ишлар ходимлари кутиб олди. Шу-шу энтикиб талпингани – уйи остонасини кўра олмади.

Тергов ва судда бор айбини, бошқалар қўлида аҳмоқ бўлганини, разолатга ботганини тан олди. Мана шунга ҳам етти йил бўлибди. Иши оғир эмас, ошхонада ишлаб турибди. Уйидагилар ҳар икки-уч ойда хабар олишади. Лекин қарийб ўн беш йиллик умрини туғилиб ўсган еридан айро, беҳуда ўтказгани, айниқса отаси билан видолашиш насиб этмагани, уни ўз қўли билан ерга қўя олмагани, ўғил-қизларининг тўйида ҳам бош бўла олмагани алам қилиб, лабини тишлаб, чуқур уҳ тортди.

Сўнг, туриб-туриб, яна ёшлиги, онаси берган кулча қўлида, майсазорда чопиб кетаётгани кўз олдига келди. Хаёлан чўккалаб, оҳиста эгилиб ерни ўпди. Шунда ўзи қўмсаган ер тафтини туйди, кўксидан оҳ деган нидо отилиб чиқиб, таскин топгандай бўлди ва кўз ёшини артиб, секин жойига чўзилди.

Холмўмин ЁДГОРОВ

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: