Home / Жиноят ва жазо / Ҳомиладор аёл найранги

Ҳомиладор аёл найранги

Бу дунёда одамларни бир-бири билан боғлаб турувчи ишонч деган муқаддас туйғу бор. Ўзаро ишонч туфайли яхши-ёмон кунларда инсон инсонга дўст ва ҳамдард бўлади. Бироқ ишонган ўша одам фирибгар бўлса-чи? Жавоб оддий, одамнинг қўйни пуч ёнғоққа тўлади. Ирода Азимова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам ишончга кирди ва бир фирманинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб кетди. Оқибатда эса…

И.Азимова Яккасарой туманида фаолият юритаётган сайёҳлик фирмаларидан бирида норасмий агент бўлиб ишларди. У турли мамлакатларга саёҳат қилишни мақсад қилган фуқароларни топиб, «турфирма»га олиб келар ва икки томондан ўзининг хизмат ҳақини олиб, тирикчилигини қиларди.

Бора-бора аёл фирма ходимларининг ишончига кириб, гоҳ-гоҳида, яъни ўзига пул зарур бўлган ҳолатларда фирмага мижоз олиб келар, уларнинг ҳужжатларини расмийлаштириб, жўнатиб юборар, улар томонидан тўланган пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб, кейинчалик пул топганида фирманинг ғазнасига кирим қиларди. Унга фирма ходимлари ишонч билдиргани учун баъзан Ироданинг бундай ишига рухсат бериб туришарди. Аммо бир куни И.Азимова бу ишончдан фойдаланиб, текин даромадли бўлишни мақсад қилади.

Ўтган йилнинг август ойида Ирода фуқаролар А.Юсупов, С.Раҳматуллаев, А.Файзибоев ва Ф.Бердиевларни Хитой давлатига жўнатиш учун уларнинг номига мазкур «турфирма»дан баҳоси 18 миллион 79 минг сўмлик авиабилетлар расмийлаштиради. Бу фуқаролардан «Тошкент-Урумчи-Тошкент» йўналиши бўйича расмийлаштирилган 4 та авиабилетнинг пулларини олган И.Азимова уларни фирманинг ғазнасига кирим қилмасдан, фирма ходими Ж.Раҳимовга юзланади ва пул зарур бўлиб қолгани, эртаси куни пулларни тўлаб қўйишини айтади. Бу сафар Жавоҳир унинг гапларига ишониб, чув тушганини, орадан бир неча ой ўтиб ҳам пуллар ғазнага тўланмагандан кейин англади. У мазкур ҳолат бўйича тегишли жойга ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг мажлисида Ирода Азимова айбига тўлиқ иқрор бўлди ва қилган ишидан пушаймон эканини билдириб, моддий зарарни келгусида қоплаб беришини айтди. Ҳомиладорлиги сабабли енгиллик беришларини сўради.

Суд Ирода Азимовага Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми билан бир йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлаб, ҳукм ўқиди.

Зубайдахон Муротова,

Яккасарой туман прокурорининг ёрдамчиси

лавозимида иш ўрганувчи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: