Home /   / Оларда кирар жоним, берарда чиқар жонимми?..

Оларда кирар жоним, берарда чиқар жонимми?..

Инсон жамиятдан айро ҳолда яшай олмайди. Одамлар ўзаро мулоқот, муомала-муносабатда бир-бирлари билан яқинлик ўрнатадилар. Қолаверса, қийин пайтларда бир-бирини қўллаш, маънавий, моддий ёрдам бериш, йиқилганда суяб, қоқилганда қўлидан тутиб, ўртадаги муносабат, яқинликни янада мустаҳкамлаш инсоний фазилатлар сирасига киради. Бундай жараёнларда қарз олди-бердиси ҳам юзага келади. Бугунга келиб, қарз олди-бердиси ортидан келиб чиқаётган муаммоли вазиятлар, одамларнинг бир-бирига ишончсизлик билан қараши ва қарз олиб қайтаришни пайсалга соладиганлар ҳисобига кўпчилик бу савоб ишдан ўзини олиб қочадиган бўлди.

Қарз муносабатни бузади деган гап ҳам бежиз пайдо бўлмаган. Бугунги кунда қарз олди-бердиси туфайли жуда кўплаб низолар, уруш-жанжаллар, қариндош-уруғ, дўст-ёрлар орасининг бузилиши келиб чиқмоқда. Катта миқдордаги қарзлар бир неча йиллардан бери тўланмаган. Натижада иш судгача бориб, таниш-билишлар, қариндош-уруғлар бир-бири билан судлашиб юради.

Жиноят ишлари бўйича Сергели туман судининг ижро варақасига асосан, қарздор О.Дусбоевдан ундирувчи Х.Тошпўлатов фойдасига 80 миллион 900 минг сўм ва 13 минг АҚШ доллари миқдорида зарар ундириш белгиланган эди.

Мазкур ижро ҳужжати ижросини таъминлаш ҳамда қарздорнинг мол-мулкларини аниқлаб, ундирувни қарздорнинг мулкига қаратиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБга, «Тошкент шаҳар Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри» давлат корхонаси ҳамда банк муассасаларига сўров юборилган. Сўровларга олинган жавоб хатларига кўра, қарздорнинг номига кўчмас мулк объектлари ва автомото­транс­порт воситалари давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги ҳамда банк ҳисоб рақамлари очилмаганлиги аниқланган.

Мажбурий ижро ҳаракатларини амалга ошириш жараёнида 2017 йил 23 ноябрда қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор ҳам қабул қилинган.

Бюронинг Шайхонтоҳур туман бўлими томонидан олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари  давомида 2019 йил 15 март куни МИБ портал электрон дастури орқали сўров юборилганда, қарздор О.Дусбоев таъсисчилигидаги 100 фоиз улуш билан “Beton maxsus konstruksiya” ва “Caspian agro example” жамиятлари борлиги аниқланиб, қарздор таъсисчилигидаги жамият ҳисоб рақамларига банд солинди ҳамда инкасса топшириқномалари юборилди.

Ушбу жамиятлар ҳисоб рақамларидаги пул маблағлари инкасса топшириқномаларига асосан ечиб олиниб, 4 йилдан буён ундирилиши лозим бўлган 80 миллион 900 минг сўм ва 13 минг АҚШ доллари миқдоридаги зарар Х.Тошпўлатовга Бюронинг Шайхонтоҳур туман бўлими томонидан ундириб берилди.

Хуршид ОЧИЛОВ,

МИБ Сергели туман бўлими бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: