Тезкор хабарлар
Home / Тавсия этимиз / Ҳокимларнинг ноқонуний қарорлари

Ҳокимларнинг ноқонуний қарорлари

Ер юзининг бирорта ҳам мамлакатида ўхшаши топилмайдиган маҳалла институти юртимизда минг-минг асрлар давомида сайқал топиб ривожланган. Бугунги кунга келиб  маҳалла фуқаролар йиғинлари ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тузилмасига айланди.

Туб ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида унинг ўрни беқиёсдир. Давлатимиз томонидан маҳалла институтини ривожлантириш учун зарур бўлган барча иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий асос­лар яратилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони маҳаллалар ривожига кучли туртки берди.

Фармонда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашига тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар марказларида «Маҳалла маркази» мажмуалари биноларини, фуқаролар йиғинлари идоралари биноларини намунавий лойиҳалар ва уларга қўйилган талаблар асосида қуриш (реконструкция қилиш, таъмирлаш), шунингдек, уларни зарур мебель жамланмаси, компьютер техникаси, алоқа воситалари ва интернет тармоқлари билан жиҳозлаш вазифаси юклатилди.

Хўш, «Маҳалла маркази» маж­муалари бинолари намунавий лойиҳалар ва уларга қўйилган талаблар асосида қурилаяптими? Бу соҳада амалга оширилаётган ишлар аҳволи пойтахт мисолида ўрганилди.

Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 31 мартда «Тошкент шаҳрининг туманлари ҳудудида «Замонавий маҳалла» марказлари намунавий лойиҳасини жорий қилиш тўғрисида»ги 333-сонли қарори қабул қилинган. Қарорда тадбиркорлик субъ­ектларига барча маҳаллаларда «Замонавий маҳалла» намунавий лойиҳаси асосида маҳалла оқсоқоли, маслаҳатчилари, профилактика инс­пектори учун хоналар, кутубхона ва бошқа инфраструктурадан ташкил топган маҳалла маркази ҳамда савдо шохобчаси, новвойхона, маиший устахона, кичик ва ўрта бизнес (ҳудуд экологияси, жамоат тартиби, фуқаролар хавфсизлиги ва тинчлигига таъсир этмайдиган) фаолияти учун зарур бўлган бошқа хоналардан ташкил топган савдо ва маиший шохобчалар ташкил этишга рухсат берилиши, ушбу объектларни ташкил этиш маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва туман ҳокимликлари тавсия этган тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилиши, маҳалла маркази бинолари «Маҳалла» хайрия жамоат фондига беғараз топширилиши белгиланган.

Ушбу қарор доирасида Тошкент шаҳри бўйича 505 та маҳалла фуқаролар йиғини биноларидан 21 тасининг бузилиши, 263 тасини янгидан қуриш ва 172 тасини реконструкция қилиш назарда тутилган.

Шу ўринда қарорнинг 2-бандига алоҳида эътибор қаратиш зарур бўлади. Ҳужжатда  маҳалла маркази ҳамда савдо ва маиший шохобчалар ташкил этиш маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва туман ҳокимликлари томонидан тавсия этилган тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилиши, бунда шу ҳудудда яшовчи аҳолининг розилиги асосий мезонлардан бири эканлиги белгиланган. Бироқ, айрим ҳолатларда ҳо­ким­лар томонидан маҳаллаларда яшовчи аҳолининг розилиги инобатга олинмасдан, улар маҳалла маркази бинолари қурилишига қарши бўлса-да, қурилишни бошлаш ҳақида қарорлар қабул қилинган.

Шу масалада прокуратурага фуқаролардан бир қанча мурожаатлар келиб тушди. Тошкент шаҳар прокуратураси органлари томонидан фуқароларнинг ушбу масалага оид 29 та мурожаати кўриб чиқилиб, ҳокимларнинг 15 та қарорига протест ва уларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида судга аризалар киритилди.

Жумладан, Чилонзор тумани ҳокими томонидан 2018 йил 26 мартда «Sherobod buildings» МЧЖга тумандаги «Тирсакобод» МФЙ ҳудудида 2-тор «Тирсакобод» кўчаси 7-уй биносини бузиб, қайта қуриш орқали «Замонавий маҳалла» лойиҳаси асосида маҳалла маркази қуриб бериш шарти билан Чилонзор тумани, Арнасой кўчаси 7-а уй олдидаги меҳмонхона, клиника, офис, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси қуриш учун темир гаражлар ўрнида 0,20 гектар қўшимча ер майдони ажратилган. Бироқ, «Sherobod buildings» МЧЖга 0,20 гектар ер майдони ажратишда маҳалла аҳолисининг розилиги олинмаган.

Шу сабабли Чилонзор тумани прокурорининг протестига асосан қайд этилган қарор бекор қилинди.

Шунингдек, туман ҳокимининг 2018 йил 1 февралдаги 119-сонли ҳамда 2018 йил 7 мартдаги 275-сонли қарорларини қабул қилишда аҳоли розилиги олинмаганлиги сабабли ушбу қарорлар туман прокурорининг протестларига асосан бекор қилиниши таъминланган.

Ваҳоланки, амалдаги қонунчиликка кўра, Тошкент шаҳрининг туман ҳокимлари ўз ҳудудида ҳар қандай мақсадда доимий фойдаланиш учун ер участ­касини ажратиш ваколатига эга бўлмаган.

Шунга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимининг юқорида келтирилган қарорида туман ҳокимликларига «Замонавий маҳалла» намунавий лойиҳаси асосида ташкил этилган, маҳалла маркази ҳамда савдо ва маиший шохобчаларини қу­риш ихтиёрини билдирган тадбиркорлик субъектларининг мурожаат ва лойиҳаларини эътибор билан ўрганиб чиқиб, Тошкент шаҳар ҳокимлигига ер майдони ажратиш бўйича асосланган таклиф киритиш вазифаси юклатилган.

Амалда эса Тошкент шаҳар ҳокимининг жами 11 та қарорида туман ҳокимликларига ташаббус билдирган тадбиркорлик субъектларига «Замонавий маҳалла» лойиҳаси асосида маҳалла марказлари ҳамда савдо ва маиший шохобчаларини қуриш учун ер майдонларини ажратиш ҳамда мавжуд маҳалла гузарлари биноларини реконструкция қилиш, қайта қу­риш, таъмирлаш, атрофида обо­дон­лаштириш ишларини олиб бориш юзасидан рухсат бериш ҳақида туман ҳокимининг қарорлари қабул қилиниши юзасидан топшириқлар берилган.  Бу ўз навбатида шаҳар ҳокимининг 2017 йил 31 мартдаги 333-сонли қарорига ва юқоридаги қонун ҳужжатларига зид ҳисобланади.

Бир хато бошқа хатоларга йўл очиб бериши турган гап. Ўз навбатида туман ҳокимлари томонидан «Замонавий маҳалла» лойиҳаси асосида маҳалла марказлари ҳамда савдо ва маиший шохобчалари ташкил этиш учун ер майдони ажратиш ҳақида жами 392 та қарор қабул қилинган. Шу жумладан, Бектемир туманида 12 та, Мирободда 18 та, Мирзо Улуғбекда 44 та, Олмазорда 45 та, Сергелида 33 та, Учтепада 52 та, Чилонзорда 41 та, Шайхонтоҳурда 35 та, Юнусободда 56 та, Яккасаройда 19 та ва Яшнободда 37 та қонун ҳужжатларига зид қарорлар қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралдаги ПФ-4944-сонли Фармонида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига 2018 йилнинг 1 декабригача Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар марказларида «Маҳалла маркази» мажмуалари биноларини, 2021 йилнинг 1 декабригача фуқаролар йиғинлари идоралари биноларини намунавий лойиҳалар ва уларга қўйилган талаблар асосида қуриш (реконструкция қи­лиш, таъмирлаш) вазифалари юклатилган. Бироқ, ўрганиш да­вомида Қорақалпоғистон Рес­публикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан мазкур фармон ижроси бўйича аниқ чора-тадбирларни ўзида акс эттирган қарорлар эмас, аксинча, фармон матнини қайта кўчириш йўли билан умумий масалалар баён этилган қарорлар қабул қилинганлиги маълум бўлди.

Бу соҳадаги ишлар аҳволини ўрганиш натижаларига кўра тегишли қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш мақсадида Тошкент шаҳридаги туман ҳокимларининг жами 392 та қарорларини қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш ҳақида шаҳар ҳокими номига тақдимнома киритилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда Тошкент шаҳридаги «Замонавий маҳалла» мажмуалари биноларини қуриш тажрибасини қўллаган ҳолда, аниқ механизмни жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилди.

Абдураҳим МУҲИДДИНОВ,

Бош прокуратура бошқарма прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: