Home /   / Оила тинч бўлса, жамият фаровон бўлади

Оила тинч бўлса, жамият фаровон бўлади

Аёлларни эъзозлаш, уларнинг соғ-саломат, бахтли яшаши учун қайғуриш эртасини ўйлаган миллатнинг энг яхши фазилатларидан биридир. Чунки соғлом онадан соғлом фарзанд туғилади. Кўзимизнинг оқу-қораси бўлган ўғил-қизларимизнинг қандай инсон бўлиб ул­ғайиши ҳам асосан оналарининг тарбиясига боғлиқ.

Пешку туманида Ўзбе­кис­тон Республикаси Президентининг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила инс­титутини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш юзасидан туманда оғир ижтимоий вазиятга тушган 117 нафар аёл рўйхати тузилиб, ўтган даврда уларнинг 60 нафари оғир вазиятдан олиб чиқилди.

Мамлакатимизда нишонланадиган барча байрамларда туман хотин-қизлари учун дас­турхон ёзилади. Мазкур тадбирларда 530 та муҳтож оилага 317,3 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.  12 боланинг суннат тўйи ўтказилди. Шароитини яхшилашга муҳтож 8 нафар онага арзон уй ажратилиб, 36 нафарига уйини таъмирлаш учун қурилиш моллари берилди.

Нотинч оилаларни аниқлаб, уларга ёрдам қўлини чўзиш, аёллар ҳуқуқбузарлигининг олдини олиш бўйича тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилиб, ажрим ёқасига келиб қолган 36 та оила яраштирилди.

Туман қишлоқларидаги оилавий поликлиникалар ва врачлик пунктларида ўтказилган тиббий кўриклар натижасида 1487 нафар касал хотин-қизлар аниқланиб, барчаси амбулатор, стационар соғломлаштиришга йў­налтирилди. Уларнинг 326 нафарида репродуктив саломатлиги билан боғлиқ касаллик аниқланиб, 320 нафари даволанди. 1765 нафар ҳомиладор аёлнинг 666 нафарида турли касалликлар аниқланиб, 603 нафари соғломлаштирилди. Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳисобидан оғир шароитда яшаётган ногирон хотин-қизлар аравача, қўл­тиқтаёқ ва ҳасса билан таъминланиб, 53 нафари санаторийга юборилди.

«Оила» маркази, туман бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда 120 нафар хотин-қиз касбга ўқи­тилиб, «Пешку чеварлари» МЧЖга ишга жойлаштирилди. 232 нафари жамоат ишларига жалб этилди, 1264 нафарининг эса мавсумий касаначи сифатида бандлиги таъминланди. 447 нафар аёлга «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури асосида 9,6 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди. Натижада 456 та янги иш ўрни яратилди.

Хотин-қизларимизга яратилаётган шароитлар замирида аввало оила мустаҳкамлигини таъминлаш, жамиятга нафи тегадиган ибратли оилалар сонини кўпайтириш мақсади мужассам. Бу йўналишда устувор вазифалар белгиланган. Гап уларни бекаму-кўст бажаришда. Ҳамкор ташкилотлар, жамоатчилик ҳамжиҳатликда ҳаракат қилса, албатта ҳар бир оилада хотиржамлик ҳукмрон бўлади. Оила тинч бўлса, жамият ҳам ривожланади.

Шуҳрат Ҳикматов,

Пешку туман прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: