Home /   / Оила мустаҳкамлигининг сири нимада?

Оила мустаҳкамлигининг сири нимада?

Mavzuga qaytib

Газетамизнинг жорий йил 21 февраль сонида чоп этилган “Мажбурий ижро бюроси оилаларни яраштирмоқда” номли мақолада ажралиш ҳолатлари, шунингдек, алимент масалалари баён этилган. Дарҳақиқат, қонунчилигимизга кўра, эр-хотин ажрашгандан сўнг, аксарият ҳолларда фарзанд онаси билан қолганлиги сабабли, суд томонидан фарзанднинг моддий таъминоти учун отадан тўлов ундириш белгиланади. Қарздорлардан тўловни ундириш эса Мажбурий ижро бюросининг вазифаси ҳисобланади. Аммо мақолада яраштириш билан боғлиқ низоларни ҳал этишда мутасадди ташкилотлар ходимлари сусткашликка йўл қўяётганликлари қайд этилган эди. МИБ ходимлари эса вазиятлардан келиб чиқиб, 1200 дан ортиқ ажрашган оилаларни яраштиришга муяссар бўлишган. Ваҳоланки, улар фаолиятлари доирасида фақат алимент ундириш билан шуғулланишлари мумкин эди.

Қуйида халқимиз томонидан “Муқаддас қўрғон” дея аталувчи оилага путур етказувчи иллатлар, масъулиятсизлик, шошма-шошарликларнинг оқибатлари хусусида сўз юритилади.

Дуогўй халқимиз бор. Ота-боболаримиз дуога қўл очганда “Топганинг тўйга буюрсин”, келин-куёвга эса, “Илоҳим, қўша қаринглар!” деб тилак билдирадилар. Қолаверса, “Дуо олган омондир, қарғиш олган ёмондир”, деб бежиз айтилмаган.

Афсуски, “Топганинг тўйга буюрсин!” деган дуолар ижобат бўлиб, дан­ғиллама тўй ўтиши билан “қўша қариш” уёқда турсин, орадан бир-икки ой ўтмаёқ ажралиб кетаётган оилалар сони ошиб бормоқда.

Давлат статистика қўмитасининг маълумотига кўра, 2018 йилда Ўзбекис­тонда 311,4 минг янги оила тузилгани ҳолда, ФҲДЁ органлари томонидан 32,3 мингта никоҳдан ажралиш ҳолатлари қайд этилган. Мос равишда 1000 аҳолига нисбатан никоҳдан ажралиш коэффиценти 1,0 промиллени ташкил этган.

Хўш, ажралишлар кўпми ё кам?

Агар фоиз нисбатида оладиган бўлсак, бу рақам арзимас кўринар. Ана олинг, бу рақам 32,3 минг эмас, 100 та бўлсин! Нима ўзгаради? Бу ҳам кўп эмасми? Иккинчи жаҳон уруши даврида эвакуация қилинган болакайларни ўз бағрига олган, миллатлар ичида энг болажонлиги билан дунёга донг таратган халқимизга шу ярашадими?! Аммо ана шу рақам ортида қанчадан-қанча оилаларнинг тақдири ётгани-чи?! Ёки ғам-ташвиш нима эканлигини тушунмай (тушунмасин ҳам!), ота-онаси бағрида ўсиб-улғаяётган норасидаларни бу бахт­дан мосуво қилишга нима ҳаққимиз бор?!

Қарс икки қўлдан чиқади. Тўппа-тўғри. Бироқ айрим йигитлар хотинининг бирор камчилиги бўлса, сабр қилишга, тузатишга ҳаракат қилишмайди. Аёллар ҳам бирор гап бўлса, дарров тилига эрк беришади. “Сизга тегиб нима кўрдим?” ёки “Қўлингиздан нима келарди?” деган иддао билан эрларининг қуюшқондан чиқишига сабабчи бўлишади. Нима бўлганда ҳам назаримизда, эркаклар сабрли бўлишлари керак. Муқаддас китобларда айтилишича, Аллоҳ таоло томонидан эркак киши учун аёли ва фарзандлари омонат қилиб берилган экан. Омонатга хиёнат эса қандай оқибатларга олиб келишини яхши биламиз. Ўргатиш эмас-ку, ҳар икки томон сабр­ли бўлиб, муроса йўлини танлагани маъқул эмасми?..

Мазкур мақолада бировнинг ёнини олиб, бошқасини қораламоқчи эмасмиз. Четдан туриб, баҳо бериш осон. Агар ажралмоқчи бўлаётганларнинг дардини эшитсангиз, икки томон ҳам ўзича ҳақ. Эр хотинини, хотини эрини айблайди. Орага қайнона, қайнсингиллар қўшилган ҳолатлар ҳам кўплаб учраб туради.

— Ҳақиқатан ҳам оилалар бузилиши жамиятимизнинг оғриқли нуқталаридан бирига айланган, — дейди “Кўкча дарвоза” МФЙ раиси Абдусаттор Валиев. — Арзимаган келишмовчилик сабаб ёки ёшларнинг шошқалоқлиги, сабрсизлиги туфайли оилалар пароканда бўлиб кетмоқда. Ахир оила уйга ўхшаган, бугун қурилиб, эртага бузиладиган иморат эмас-ку! Бизнинг МФЙ ҳудудида     1 110 та оила истиқомат қилади. Ўтган йили 7 та оила ажралиш масаласида мурожаат қилган бўлса, ҳозирча иккитасини яраштиришга муваффақ бўлдик. Ҳайрон қоларли жиҳати, шу 7 та оиланинг 5 таси айнан телефон сабаб ажралишга қарор қилган.

Янада ачинарли жиҳати, баъзи йигитлар учун уйланиш худди хоббига айлангандек. Уч йилда уч марта уйланиш “бахт”­ига муяссар бўлган “азамат”лар бармоқ билан санарли бўлса-да, учраб туради. “Бу нима қилганинг”, деб сўрасангиз, “Нима қилай, ёқмади. Буниси бўлмаса, бошқаси”, дейди кўзини лўқ қилиб.

Шукрки, маҳалламизда ибратли оилалар ҳам бор. Гоҳида уларни маслаҳатга чақириб турамиз. Масалан, Маърифат Орифжонова, 85 ёшга чиққан бўлсалар-да, ҳали анча тетиклар. 4 ўғилни вояга етказган. Оиласига ҳамманинг ҳаваси келади.

Раисдан онахоннинг манзилини олиб, у кишининг фикрлари билан қизиқдик.

— Ҳар қандай оилада тушунмовчилик бўлиб туради. Фарзандларимнинг отаси бу масалага бошқача ёндашардилар. Агар ўғлим билан келинимнинг орасидан гап қочса, бунга фақат бизни айбдор ҳисоблардилар, — дейди Маърифат ая. — У киши билан 58 йил бирга яшаган бўлсак, бирор марта баланд овозда гапирганини эслолмайман. Тўнғичим Олимжон 65 ёшда бўлса, кенжам Рустамжон 55 ёшга қадам қўйди. 15 нафар невара, 25 нафар чеварам бор. Оилада эрнинг ҳам, аёлнинг ҳам ўз ўрни бўлиши керак. Аммо “Эр зардали бўлса, хотин пардали бўлади”, деган нақлни ҳам доим ёдда тутиш лозим. Аммо бу эркак хотинига зуғум қилиши  керак, дегани эмас.

Кўпгина оилавий жанжалларга келиннинг онасига гап ташиши сабаб бўлмоқда. Илгари келиннинг онаси учун қизи тушган уйга бирор сабабсиз келиши уят саналган. Ҳозир унақа эмас. Ёшларимизда сабр ҳам етишмайди. Озгина сабр қилса-ку, олам гулистон. Оиланинг тинч-тотув яшашида ҳалол луқманинг ҳам ўрни бўлакча.

Онахоннинг ҳузуридан чиқар эканмиз, бир ҳамкасбимиз қўнғироқ қилиб, яна бир ибратга лойиқ оила ҳақида айтиб қолди. Ўша ерга ошиқдик. Эшикдан кирар эканмиз, тўрда савлат тўкиб ўтирган онахонга кўзимиз тушиб, худди “Келинлар қўзғолони”даги “Фармонбиби”ни кўргандек бўлдик. Фақат “Фармонбиби” 7 нафар ўғил уйлантирган бўлса, 82 ёшга қадам қўйган Нурхон ая Абдушоҳидова 7 нафар қиз узатиб, 2 ўғилни уйлантирган экан. Онахон худди Фармонбибидек салмоқлаб гап бошлади:

— Фалончи ажрашибди, деган гапни эшитсам, ичимдан бир нарса узилгандек бўлади. Айниқса, ота-онанинг хоҳиши билан дунёга келган гулдек фарзандларига ачинаман. Худога шукур, 2 ўғил, 7 қизни туғиб, вояга етказдим. 30 та неварам, 35 та эварам бор. Ҳаммаси олий маълумотли.

Икки ёшнинг тинч яшаб кетишида кўп нарса қизнинг онасига боғлиқ. Биринчи галда, қизини сабрга ўргатиши лозим. Ундан кейин қулоғига гап ташимасликни қуйиши керак. Ҳамма нарса “деди-деди”дан бошланади. Узатиладиган қизнинг қўли ширин бўлмаса-да, тили ширин бўлиши керак.

Раҳматли хўжайиним қизларим кўп бўлгани учун уларнинг тарбиясини алоҳида назорат қилганлар. Биринчи галда уйимизнинг кўчага қараган деразаларини беркитиб ташлаганлар. Ундан ташқари, оиламизда ҳозиргача кечки соат 18:00дан кейин ҳеч ким кўчага чиқмайди. Натижасини қарангки, еттита қизимдан олтитаси бир-бирига овсин бўлган. Қизларим маъқул бўлмаса, қудаларим, битта қизимни олгач, иккинчисига оғиз солармиди?!..

Шукрки, юртимизда ана шундай ибратга лойиқ, турли можароларга кўз юмиб, умргузаронлик қилаётган оилалар бисёр. Қашқадарё вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан ўтказилган матбуот брифингида шу ҳақда маълумот берилган. Маълум бўлишича, вилоятнинг Шаҳрисабз туманидаги Кўл қишлоғида ўтган 2-3 йил давомида бирор марта ҳам оилавий ажрим ёки оилавий низолар учрамабди. Мазкур қишлоқда 301 та оила бўлиб, унда яшовчи 1302 нафар аҳолининг 650 нафарга яқини хотин-қизлар экан.

Тадбирда таъкидланишича, қишлоқ аёлларининг турмуш ўртоғига нисбатан итоаткорлиги, уларда оилавий муносабатларни қадрлаш ҳисси юқори даражада бўлганлиги боис ҳам қишлоқ тарихида сўнгги 2–3 йил давомида бирор марта ҳам ажралишлар қайд этилмаган. Брифингда шунингдек, Қашқадарё вилояти оилаларни яраштириш бўйича республикада энг яхши кўрсаткичда эканлиги таъкидлаб ўтилган. Вилоятда ўтган йили яраштирувлар сони 424 тага кўпайибди. Ҳа, ўрнак бўлишга арзийдиган ҳолат.

Мавзуга қайтсак: кишини янада ўйлантирадиган томони айрим ёшларнинг бурч, масъулият, деган тушунчалардан бебаҳра вояга етаётганидир. Оила жамиятнинг ячейкаси, деган атама бор. Шундай экан, оиланинг жамият олдида масъулияти бўлганидек, ҳар бир инсоннинг оиласи олдида масъулияти бор. Ана шу масъулият унутилса ё қадрсизланса, оилага дарз кетади. Бу, ўз навбатида, жамиятга ҳам таъсир ўтказади. Жамият учун оиланинг аҳиллиги, поклиги-ю, оқил фарзанд ўстириб-улғайтиришидан ортиқ нарса керак эмас.

Айримлар ажралишларни иқтисод билан боғлашади. Ундай бўлса, яқин ўтмишимизга назар ташлайлик: қаҳатчилик, турли урушлар… Бобо-бувиларимиз қандай сабр қилишди экан?

Баъзилар эса яхши даромад топган ҳолда, баракаси йўқлигидан нолийди. Бунинг асл сабаби билан қизиқилса, уйи­да кунора жанжал экан. “Бир марта жанжал бўлган хонадондан қирқ кун барака кетади”, деган нақл хаёлга ҳам келмайди. Эр ҳам, аёл ҳам ўзича ҳақ. Ачинарлиси, бундай жанжаллардан энг жабр кўрадигани болалар. Телеканалларимизда намойиш этилаётган сериаллардан бирида шундай эпизодга кўзимиз тушди: тўрт яшар болакай ўзи чизган суратни онасига кўрсатади. У суратда ўзини, ота-онаси-ю, бувиларини тасвирлаган экан. Она суратни олиб қарайди ва нима учун оғизларни чизмаганини сўрайди. Болакай “урушишингларни хоҳламайман”, деб жавоб беради.

Шу ўринда яна бир ҳолатга эътибор қаратишни лозим топдик. Оиласидан ажрашгач, фуқаро фарзанди учун алимент тўлаш билан “жазо”ланади. Жазо сўзини қўштирноққа олишимизнинг сабаби, алимент жазо эмас, бу маблағ боланинг таъминоти учун тўланади. Шундай экан, ажралишни хоҳлаётган икки томонни ҳам эшитиб кўриб, бирга яшаб кетиши мумкин бўлгани ҳолда, “Йўқ! Ажрашаман!” дея қайсарлик қилаётганларга алиментдан таш­қари, балки бошқа жазо турини ҳам қўллаш керакдир?! Тўғри, ажралиш масаласи суд томонидан ҳал этилади. Аммо, турмуш ўртоғининг ажрашишга қаршилигига қарамай, судга берган кимса, у эрми ё хотин, ким бўлишидан қатъи назар, бундай хатти-ҳаракати билан эри ё аёлининг оилали бўлиб яшаш ҳуқуқини бузмаяптими? Ёки, болаларнинг ҳам тўкис оилада, ота-онаси бағрида яшаш ҳуқуқини поймол қилмаяптими? Уларнинг моддий таъминоти учун белгиланган алимент миқдори ҳар қанча кўп бўлмасин, ота ё она меҳрининг ўрнини боса оладими? Ажрашиш тараддудига киришган шахсларнинг бу ҳаракати ҳуқуқбузарликка кирмайдими? Қонунчилигимизда эса ажралмоқчи бўлганларга нисбатан чора қўлланилмайди. Шундай бўлса-да, оиласини аро йўлда қолдириб кетаётганларнинг қилмишини қандай аташ мумкин? Балки, арзимаган сабаб билан ажрашмоқчи бўлган фуқаро меҳнат қиладиган жамоада ёки истиқомат қиладиган маҳаллада унинг қилмишини муҳокама қилишни жорий этиш лозимдир? Сабаби, оиласига масъулиятсиз одам хизмат вазифасига масъулият билан ёндаша олармикан? Айтмоқчимизки, бўлғуси олим-у давлат арбоби ҳам, ўғри-муттаҳам ҳам оилада туғилиб, илк тарбияни оилада олади. Демак, унинг келажаги, қандай инсон бўлиб вояга етиши айнан оилага боғлиқ. Таҳлиллардан кўринадики, жиноят кўчасига кираётган ёшларнинг аксарият қисми айнан нотинч ёки эр-хотин ажрашган оилаларда вояга етган.

Ушбу сатрларни ўқиб, минг марта айтилган, сийқаси чиққан гаплар яна такрорланибди, дейишингиз мумкин. Аммо эртанги кунимиз ҳақида қайғуриб, биргаликда ҳаракат қилмасак, ажралишлар давом этаверади, ота-онаси ҳаёт бўлса-да, тирик етим болалар сафи кў­пайиши билан бирга, жамиятимизнинг “Муқаддас қўр­ғон”­ига путур етаверади.

Ғофуржон АЛИМОВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: