Home /   / Одам савдоси ва мажбурий меҳнат, бу тушунчаларни нима боғлаб туради?

Одам савдоси ва мажбурий меҳнат, бу тушунчаларни нима боғлаб туради?

Инсон онгли мавжудот сифатида ҳамма замонларда ҳам эркин яшашга ҳаракат қилган. Уни эркидан маҳрум қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги қонунларимизда ҳам белгилаб қўйилган.

Жумладан, Конституция­мизнинг 37-моддасига кўра, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир.

Суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади. Бироқ бугунги кунда дунё бўйлаб одам савдосидек ўта хавфли иллатнинг кенг тарқалиши инсон ҳуқуқ ва эркинликларига жиддий хавф туғдирмоқда.

Кейинги йилларда одам савдоси туфайли юзага келаётган глобал хавф қанчалик ортиб бораётган бўлса, унга қарши курашишга қаратилган чора-тадбирлар кўлами ҳам шунчалик кенгаймоқда. Шу боис ҳам 2013 йили БМТ Бош ассамблеяси 30 июлни Жаҳон одам савдосига қарши курашиш куни деб эълон қилди.

Жорий йилнинг 30 июль куни Жаҳон одам савдосига қарши курашиш куни муносабати билан Ўзбекистон Президенти томонидан «Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармон қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги имижини яхшилашда давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг таъсирчан тизимини яратишга хизмат қилади.

Нега мазкур ҳужжатда одам савдоси билан мажбурий меҳнат тушунчалари ёнма-ён қўлланган?..

Маълумки, мамлакатимизда болалар меҳнатига барҳам берилди, катталарнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда.

Шу билан бирга, бу борадаги мавжуд айрим муаммоларнинг тўлиқ бартараф этилишига эришилмаган, баъзи салбий омиллар сақланиб қолган.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда халқаро майдонда давлатимиз имижини яхшилаш мақсадида фуқаролик жамияти вакиллари ва мазкур соҳадаги хорижий ноҳукумат ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича иш олиб борилмоқда.

Фармонга асосан Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси этиб қайта ташкил қилинди. Миллий комиссия давлат органлари ва ҳудудий органларнинг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқади, шунингдек, уларнинг ижросини назорат қилади ва бошқа бир қатор долзарб вазифаларни бажаради.

Шунингдек, Фармон билан Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари зиммасига одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича ҳудудий комиссияларга раҳбарлик қилиш вазифаси юклатилди.

Муҳим янгилик сифатида Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий маърузачи институтининг таъсис этилишини кўрсатиш мумкин. Табиийки, Миллий маърузачи қандай вазифаларни бажаради деган савол туғилади.

Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида мамлакатимиз ва жаҳонда юзага келаётган вазият тўғрисида, ушбу жиноятга алоқадор шахсларни тергов қилиш ва жазолаш ҳамда одам савдоси қурбонларини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида Ўз­бекис­тон Президентига ҳар йили ахборот тақдим этиш, Ўзбекистонда аккредитация қилинган хорижий давлатларнинг дипломатик корпуси ва халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналарини жалб этган ҳолда оммавий ахборот воситалари учун мунтазам равишда брифинглар ташкил этиш, мазкур соҳада республиканинг халқаро майдондаги миллий манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш Миллий маърузачининг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Шунингдек, «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонунга одам савдоси қурбонларини халқаро стандартларга мувофиқ идентификация қилиш механизмини белгилаш ва одам савдоси қурбонларини қайта йўналтиришнинг миллий механизмини жорий этишни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги ҳамда Жиноят кодексига болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилганлик учун жавобгарлик нормасини белгилайдиган қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги эса бир ой муддатда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Миллий комиссиянинг расмий веб-сайти ишлаб чиқилиши ва фаолият юритишини таъминлайди. Шунинг­дек, Миллий комиссия билан биргаликда хорижий оммавий ахборот воситалари ва интернет-ресурсларда кенг кўламли тарғибот ишларини ташкил этиш, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича брифинглар, интернет-конференциялар, телекўрсатувларда давлат органлари раҳбарлари ва жамоатчилик вакилларининг чиқишларини таъминлаш ҳам назарда тутилган.

Мазкур фармон моҳиятан мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг бош мезони инсон эканлигини яна бир карра исботлайди.

Фарҳоджон НАЗАРОВ,

Бош прокуратура бошқарма прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: