Тезкор хабарлар
Home /   / Ободлик кўнгилдан бошланади

Ободлик кўнгилдан бошланади

Маълумки, ҳар бир хат ортида инсон шахси, унинг тақдири, элнинг манфаати туради. Шу боис ҳам таҳририятга келган мурожаатлар ўз вақтида ўрганилиб, уларнинг ҳал этилишига кўмаклашилмоқда. Улар асосида газетамиз саҳифаларида танқидий ва таҳлилий мақолалар бериб борилмоқда. Шундай мурожаатлардан бири таҳририятимизга Муборак туманидаги «Амир Темур» маҳалла фуқаролар йиғини Гулшан қишлоғида яшовчи Жўра Ҳазратовдан келиб тушди.

Аризанинг қисқача мазмуни

Аризада Гулшан қишлоғи ҳудудидаги эски қабристоннинг қаровсизлиги, атрофига ўралган сим тўрлар, тирговичлар ва ушбу масканда диний маросимлар (жаноза, марҳумларни хотирлаш) ўтказишга мўлжалланган бинонинг эшик-деразаларини номаълум шахс­лар ўғирлаб кетгани, қабристон девор ёки бошқа тўсиқ билан ўралмагани учун одамларнинг мол боқаётгани ёзилган.

Ариза муаллифи 2017 йил 23 ноябрда янги қабристон учун жой ажратишни сўраб, туман ҳокимига ариза билан мурожаат қилган. Шунингдек, у қишлоқда мачит қуриш учун олдиндан олиб келиб қўйилган 85 та қурилиш материалини (сокольний блокни) янгидан қурилаётган қабристонни ўраш учун ишлатишга рухсат беришни ва уларни олиб бориб ўрнатиш учун техника билан таъминлашни ҳам сўраган.

Янгидан қуриладиган қаб­рис­тонга туман ҳокими ер ажратавермагач, у 2018 йил 28 январда вилоят ҳокимига ариза билан мурожаат қилган. Аризасига ижобий жавоб бўлавермагач, Ж.Ҳазратов 2018 йил 26 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонасига мурожаат қилган.

Мухбир изоҳи

2019 йил 22 февраль куни Муборак туманига бориб, туман ҳокими Ғайрат Жовлиевга учрашдим. У қабристонни тўсиқлар билан ўраш ва ободонлаштириш учун анча маблағ керак бўлишини, туман ҳокимлиги ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармасига шунча миқдорда маблағ ажратилмаслигини, қолаверса, туманда қабристон битта эмаслигини, Гулшан қишлоғи аҳолиси ва тадбиркорлар ҳам бош қўшсагина, маълум бир натижага эришиш мумкинлигини айтди ва ободонлаштириш бош­қармаси бошлиғини чақиртирди.

Шу орада улардан ариза муаллифининг телефон рақамини олиб, қўнғироқ қилдим. Телефонни аёл киши кўтариб, ўзини Жўра бобонинг келини, деб таништирди ва у кишининг мазаси йўқлигини, Тошкентга даволанишга кетганини маълум қилди. Шундан сўнг бош­қарма ҳисобчиси Анвар Содиқов билан Гулшан қишлоғи қабристонини кўриш учун йўлга тушдик. Йўллар лой бўлиб, ўйдим-чуқур жойларига сув йиғилганлиги боис, қишлоққа қийинчилик билан етиб бордик. «Амир Темур» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нормамат Камоловни топишнинг иложи бўлмади. Маҳалла пос­бони Улуғбек Чориев ҳамроҳлигида қишлоқ қабрис­тонига бордик. Қабристон аризада ёзилганидек, қаровсиз аҳволда экан. Эски қаб­рис­тон бўлишига қарамасдан, у ерга бор-йўғи йигирматача майит қўйилган. Бундан ажабланиб, маҳалла посбонига юзландим.

Бу ернинг туб аҳолиси йўқ, қишлоқ аҳолисининг 80 фоизи Касби туманининг Месит қишлоғидан кўчиб келган, — деди У.Чориев. — Уларнинг бирортаси вафот этса, ўзларининг қабристонига олиб бориб қўйишади. Месит қишлоғи бу ердан 35 километр узоқликда жойлашган. Қишлоқнинг бошқа аҳолиси ҳам вилоятимизнинг турли туманларидан кўчиб келган. Улар ҳам қариндошларидан бирортаси вафот этса, ўзларининг қишлоқларидаги қабристонларига дафн этишади.

Ҳақиқатдан ҳам эътибор берсам, қабристонга қўйилганларнинг кўпчилиги бошқа миллатга мансуб кишилар экан. Қрим татарлари ва болгарлар чўлни ўзлаштиришда қатнашиб, бундан 20-25 йиллар олдин ўз юрт­ларига кўчиб кетишган экан.

«Шунча бўш жой ётибди, қабристон учун бошқа жой ажратишларини сўраб ёзҳо-ёз қилишдан мақсад нима, деган саволимга посбон: «Бу ер қумоқ жой экан, шу сабабли қабр қазишда қийинчилик туғилмоқда», деб жавоб берди.

Қабристон ҳудудида қу­рилган иморатнинг ёғочидан тортиб, деворларигача ваҳмак еб кетган. Шу сабабли унинг томи қийшайиб қолган, қаб­рис­тон ҳудуди ўралган тўрлар ҳам занг­лаб, тамом бўлган.

Инсон хотираси муқаддас, олам сарвари бўлган одам ҳамиша қадрланишга лойиқ. Шундай экан, улар ётган муқаддас жойлар — қабристонларни ободонлаштириш сиз билан бизнинг вазифамиз. Ота-боболаримиз қабристонлар ёнидан уловдан тушиб, дуойи-фотиҳа қилиб пиёда ўтишган. Бундай урф-одатларимиз шўролар ҳу­кумати даврида унутилди. Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, хал­қимиз кўҳна ва ҳамиша хал­қ­чил анъаналарини яна тиклади. Ёши улуғлар кичикларга, билганлар билмаганларга инсон хотираси муқаддаслигини, уни хотирлаш зарурлигини ўргата бошлади.

Шукрки, ҳозир ёшлар ота-боболарининг қабрларини ажрата оладиган, уларнинг ён-атрофини тозалаб, гул экадиган, Қуръон-тиловат қиладиган бў­лишди. «Ҳаётдан безсанг ёки димоғинг кўтарилиб, босар-тусарингни билмай қолсанг қабристонга бор, уни зиёрат қил», деган гапда буюк ҳа­қиқат бор. Бунга ишонмаганлар ақалли бир марта у ерга бориб кўр­син, ҳовуридан тушади, ўзидаги қусурлардан холи бўлади.

Муборак тумани раҳбарияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги «Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабрис­тонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида»ги Қарори талабларини бажармаган. Акс ҳолда унинг «а» бандидаги «икки ой муддатда — қабристонларнинг мавжуд ҳолатини ўрганиб, ҳомийларни жалб этган ҳолда, уларни талаб даражасида ободонлаштириш ҳамда таъмирлаш чораларини кўрсинлар ва амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботни 2018 йилнинг 1 апрелига қадар Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар», деган талабга амал қилиб, биз юқорида таъкидлаб ўтган қабристонни ҳам ободонлаштириш чорасини кўрган бўлишарди. Шунда мазкур масканнинг томи қийшайиб ётган иморати ҳам ҳеч бўлмаганда ҳомийлар ҳисобидан таъмирланармиди?

Яна бир мулоҳаза. Ота-боболаримиз қаерга борса, ўша ерни обод қилиб, ўзидан из қолдиришган, туп қўйиб, палак ёзишган. Буюк Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг юришлари ва борган жойида амалга оширган ободончилик ва бунёдкорлик ишлари бунга яққол мисол.

Ўтган йили Хотира куни арафасида Касби тумани Таллиғун қишлоғидаги «Ғойиб ота» қабристонини зиёрат қилгандим. У ердаги ободончилигу орасталикни кўриб, қабристонга эмас, балки бир чаманзор боққа келиб қолдим, деб ўй­лайсиз. Қабристонга махсус қувурда сув олиб борилган, ғишт териб, чиройли йўлаклар қилинганки, ҳайрон қоласиз. Уларга туман ҳокимиятидан ҳам, туман ҳокимлигининг ободонлаштириш бош­қармасидан ҳам ҳеч қандай ёрдам берилмаган. Балки аждодлари руҳини қадрлаган, у ер ўзларининг ҳам сўнгги манзили эканлигини англаган шу қишлоқ одамлари, тадбиркорларининг саъй-ҳаракати билан қабристон обод қилинган.

Туман ҳокимининг 2018 йил 28 майдаги қарори билан Гулшан қишлоғига қабристон учун беш гектар жой ажратилибди. Шу ерни ажратишар экан, шунча «ёзҳо-ёз»лардан кейин эмас, олдинроқ ҳам ажратса бўларди. Шунда асаббузарлигу сарсонгарчиликларга ўрин қолмасди. У ерни ободонлаштириш, эски қабристоннинг майит қўйилган жойини ўраб қўйиш туман ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармасининг 2019 йил сметасига киритилган. Бошқарма бошлиғи Али Назаровнинг гувоҳлик беришича, бошқармага қабристонларни ободонлаштириш учун 2019 йилда 20 миллион сўм ажратилган. Шунинг 10 миллион сўми Гулшан қишлоғи қабристонини ободонлаштиришга йўналтирилади, ишчиларини ҳам бу ишга сафарбар этади. Бироқ бошқарма қаб­рис­тонни тўлиқ ўраб ва ободонлаштириб беролмайди. Чунки бунинг учун жуда катта миқдорда маблағ ва техника талаб қилинади. Бундай имконият эса уларда йўқ.

«Берсанг ейман, урсанг ўламан» қабилида яшайдиган замон ўтди. Қишлоқ аҳолиси, қолаверса, тадбиркорлари бош қўшса, битмайдиган ишлар ҳам битиб кетади. «Кўз қўрқоқ, қўл ботир», дейилиши бежизга эмас.

Чироқчи туманининг Чиял қишлоғида 9 та маҳалла бор. Уларда 62 минг аҳоли яшайди. Бу маҳаллаларда кейинги чорак асрда шаклланган эзгу анъана бор. Чияллик ёшлар ҳар йили Наврўз байрамини кутиб олиш асносида, ҳамжиҳатлик билан элнинг оғирини енгил қилишга одатланганлар. Оқтўнли, Чиял маҳаллаларида 40, Аннарўз маҳалласида 37, Тўқмор, Сўвлиқ, Ғаллакор маҳаллаларида 34, Чувиллоқ, Ўймовут маҳаллаларида эса 39 ёшга тўлган синфдошлар ўз ҳисобларидан Наврўз байрамини ўтказиб берадилар. Шунингдек, ночор, кам таъминланган оилаларга ёрдам берадилар, маҳалланинг ички ва таш­қи йўлларини, масжидлар, қабристонларни таъмирлаш, ободонлаштириш ишига ўз ҳиссаларини қўшадилар.

Улар Чиял ҳудудидан мавсумий оқиб турадиган Қумдарё устига 4 та кўприк қу­ришган. «Аннарўз» маҳалласи ёшлари қишлоқнинг қаб­рис­тони йўлига тош тўкиб, асфальт ётқизишган. Қаб­рис­тонни ободонлаштириш учун артезиан қудуғи қаздириб, ҳудудни чучук сув билан таъминлашган. Тоқчи қишлоғи ёшлари эса ўзлари ўқиган мактабга артезиан қудуғи қаздириб, спорт майдончасини таъмирлаб беришган ва ҳоказо.

Ҳа, таллуғунлик ва чияллик ёшлар  ободлик кўнгилдан бошланишини, пок, тоза жойга фаришталар келишини дилдан ҳис этишгани учун бизга ҳокимият, давлат нима қилиб берди, деб эмас, биз Ватанимиз ривожи учун, қишлоқларимизнинг гуллаб-яшнаши учун нима қилдик, деб яшаяптилар. Мен Муборак тумани, қолаверса, Гулшан қишлоғи ёшларининг ҳам чияллик ёшлардан ўрнак олиб, қишлоғини, кўчаларини, қолаверса, қабрис­тонларини обод қилиш иштиёқи билан яшашларини истардим. Зеро, қабристонлар ота-боболаримиз ётган муқаддас маскан, қолаверса, ҳар биримизнинг сўнгги борар манзилимиздир.

Норбўта ҒОЗИЕВ,

«Huquq» мухбири

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: