Home /   / Обод турмушимизнинг ҳуқуқий пойдевори

Обод турмушимизнинг ҳуқуқий пойдевори

Ҳар қандай жамиятда одамлар ўртасидаги муносабатлар қонунлар билан тартибга солинади. Қонунга амал қилинган жамиятда тинчлик, тараққиёт бўлади ва аксинча, қонунга риоя этилмаган жамиятда ҳаловат йўқолади, тартибсизлик юзага келади.

Давлатнинг ҳам, фуқароларнинг ҳам ҳуқуқ доирасида фаолият олиб боришини таъминлайдиган, мамлакатни башарият орзу қилган демократия ва инсонпарварлик принципларига асос­ланган ҳуқуқий давлат барпо этишга йўналтирадиган асосий қонун конституциядир. Конституция белгилаб берган принцип ва нормалар қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда аниқлаштирилиб, иқтисодий, сиёсий ва маданий соҳалардаги муносабатларни тартибга солади.

Ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон Конституцияси бугун барчамиз учун мўътабар ижтимоий-ҳуқуқий ҳужжатга айланди. Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ Конституция лойиҳасининг ишлаб чиқилиши, умумхалқ муҳокамасига қўйилиши ва қабул қилиниши миллий давлатчилигимиз тарихида катта сиёсий воқеа сифатида баҳоланади.

Ўзбекистон Конституцияси мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаёти, ташқи сиёсати билан боғлиқ барча масалаларни ҳуқуқий тартибга солувчи принцип ва нормаларни белгилаб беради. Энг асосийси, бош қонунимизда давлат халқ иродасини ифодалар экан, унинг манфаатларига хизмат қилиши мустаҳкамлаб қўйилган.

Ҳуқуқий демократик давлатнинг ўзига яраша мезонлари бўлиб, улардан бири инсоннинг дахлсиз ва ажралмас ҳуқуқларининг таъминланишидир. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида эътироф этилган бу ғоялар Конституциямизда ривожлантирилиб, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият деб эътироф этилган. Шу билан бирга, Асосий қонунимизда фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмаслик­лари шартлиги тўғрисидаги қоида ҳам ўз ифодасини топган.

Демак, ҳар бир фуқаро Конституцияда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланар экан, бошқаларнинг манфаатлари билан ҳам ҳисоблашмоғи лозим. Ушбу принцип конституциянинг бошқа моддаларида ҳам белгиланган. Масалан, 48-моддага кўра фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар. Акс ҳолда ҳуқуқ ва бурчлар бир томонлама бўлиб қолади, яъни бировлар фақат ҳуқуққа, бошқалар эса фақат бурчга эга бўлади. Бу эса жамиятда адолат тамойилининг бузилишига олиб келади.

Ўзбекистонда шахс ва жамият манфаатининг устуворлиги ҳамда давлатнинг улар олдида жавобгарлиги Асосий қонунда мустаҳкамланган. Давлатнинг фуқаролар олдида масъуллиги демократик ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиларидан ҳисобланади.

Инсоннинг энг муҳим ва муқаддас ҳуқуқларидан бири тинч яшаш ҳуқуқидир. Давлат ва жамиятнинг бурчи мазкур ҳуқуқни барча қонуний воситалар билан кафолатлашдан иборат. Мазкур ҳуқуқни амалга ошириш – давлат ва жамиятни демократлаштиришнинг энг муҳим шарти. Демократиянинг инсонпарварлиги ана шу билан белгиланади.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинлик­ларини тантанали равишда эълон қилиш, Конституция ва қонунларда белгилаб қўйиш, сўзсиз бажарилишини кафолатлашнинг ўзи камлик қилади. Энг асосийси, ушбу ҳуқуқ ва эркинлик­ларнинг амалга оширилишини таъминлашдир.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Ҳаракатлар стратегиясида ҳам юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти, ижтимоий фаоллиги, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш муҳим аҳамият касб этиши ва ахборотлардан тўсиқларсиз, тўла-тўкис фойдаланиш инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилинишида таъсирчан омил бўлиб хизмат қилиши алоҳида қайд этилган.

Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг энг асосий омили ҳам халқимизнинг миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлиги десак, янглишмаймиз. Шу сабабли инсонпарварлик, бағрикенглик, биродарлик тамойилларининг фақат қонунларда эмас, ҳаётда ҳам ўз ифодасини топиши бизнинг ютуғимиздир.

Эркин ва обод турмушимизнинг ҳуқуқий пойдевори — Конституциямиз шу нуқтаи назардан барчамиз учун азиз ва муқаддас. Ўз тақдирини ватан тақдири билан чамбарчас боғлаган ҳар бир киши муқаддимасидан бошлаб сўнгги моддасига қадар истиқлол ва истиқбол руҳи, инсонпарварлик ва адолат ғояларига йўғрилган Конституциямизнинг мазмун-моҳиятини чуқур англамоғи зарур.

Исмоилжон Абдухакимов,

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий

прокурорининг биринчи ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: