Home /   / Нореал қарздорлик: сабаблар аён бўлди

Нореал қарздорлик: сабаблар аён бўлди

Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ва «Табиий монополиялар тўғрисида»ги Қонунлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган «Табиий газ истеъмолчилари ва газ билан таъминловчи ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар тартиби тўғрисида»ги Низом ҳамда «Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари»нинг ижроси ўрганилди. Таҳлилларда Фар­ғона туманидаги айрим истеъмолчиларга муайян сабабларга кўра вақтинча табиий газ етказиб бериш тўхтатиб қўйилган вақтлар учун ҳам қарздорлик ҳисоблангани аён бўлди.

«Водийгазтаъминот» УКнинг хабарномаларига кўра, 2018 йил 18 декабрь куни соат 8:00 дан 17:00 га қадар, яъни 9 соат давомида Оқтепа, Аввал қишлоқлари, шунингдек, ўтган йили ва жорий йилнинг апрель ойига қадар 7 та ҳолатда Водил, Миндонобод, Чимён қишлоқларига кундуз куни 10:00 дан 11:00 га қадар табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилган.

«Ўзтрансгаз» АЖ Қувасой туманлар­аро участкаси Фарғона тумани бўлими томонидан таъминот тўхтатилган 15 соат ҳам қўшиб ҳисобланиши натижасида газ ҳисоблаш ускунасисиз, яъни меъёрий тўлов асосида ҳисоб-китоб қилинадиган истеъмолчиларга 720 та ҳолатда жами 305 минг 758 сўм қарздорлик ортиқча ҳисобланган. Хусусан, ўтган йил декабрь ойида туманнинг Қорасув маҳалласида яшовчи фуқаролар М.Бурхонов ва Б.Раҳмоновга бир соат етказиб берилмаган табиий газ учун ҳам қарз қўшиб қўйилган.

Айрим ҳолларда тўловлари шахсий ҳисоб варақларига киритилмагани туфайли истеъмолчилар қарздор бўлиб қолишган. Жумладан, Пастки арча кўчасида яшовчи икки нафар фуқаронинг 2016 йил мобайнида Ипотека банки орқали жами 400 ва 300 минг сўм миқдоридаги тўловлари бошқа 7 та истеъмолчининг ҳисоб рақамларига бўлиб туширилган. Тўлов ҳужжатлари банкдан олинган мемориал ордерлар илова қилинган ҳолда «Ўзтрансгаз» АК раҳбариятига ҳавола этилганидан сўнг хато тузатилиб, тўловлар М.Толипов ва М.Низомовнинг шахсий ҳисоб рақамларига ўтказилган.

Мажбурий ижро бюросининг Фар­ғона туман бўлимида давлат инспектори вазифасида ишлаган У.Жўраев қарз­дорлардан олган пулларни ғазнага топширмасдан ўзлаштирган. У 2018 йил март ойи бошларида Дамкўл МФЙда яшовчи Н.Кенжаевага фойдаланилган табиий газдан 980 минг сўм қарз бўлиб қолгани, қарзини тўламаса, тармоқдан узиб қўйилиши, қарзини ва жаримани тўлаганидан сўнг қайта уланишини «тушунтириб», ундан нақд 500 минг сўм пулини олган. Тўлов қабул қилингани ҳақида ҳеч қандай ҳужжат бермаган. У фирибгарлик билан қўлга киритган пулни тегишли ҳисоб рақамига кирим қилмаган.

Шунингдек, у шу маҳаллада яшовчи Н.Маҳмудованинг табиий газдан 947 минг сўм қарзига тўлаш учун бериб қўйган пластик картасидаги 500 минг сўмни ҳам ечиб олиб, ўз эҳтиёжларига сарфлаган. Сўнгра эгасига пластик картасини қайтариб бермасдан алдаб юрган. Юқоридаги йўсинда табиий газдан қарзи учун М.Ахмедовадан олган 500 минг сўм, С.Янтасевдан олган 200 минг сўм пулларни ҳам ҳисоб рақамларига туширмасдан ўзлаштирган. Собиқ инспекторга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судда кўрилди. Истеъмолчиларга етказилган зарарлар ўрнини қоплаган У.Жў­раевга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Туман электр таъминоти корхонаси томонидан ҳам истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилган. Белгиланган янги нархлар тўғрисида маълумотлар ОАВлар орқали эълон қилинмаган.

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган «Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари»га асосан электр тармоқлари корхоналари жорий этиладиган чеклашлар ҳақида унинг ҳажми ва вақтини кўрсатган ҳолда истеъмолчиларни ўз вақтида хабардор қилиши лозим. Бироқ, туман электр таъминоти корхонаси томонидан ишлаб чиқилиб, туман ҳокимлиги билан келишилган чекловлар графиги ҳақида истеъмолчилар огоҳ этилмаган. Шунингдек, корхона маъмурияти режали таъмирлаш туфайли электр таъминотидаги узилишлар тўғрисида истеъмолчиларни камида уч сутка олдин огоҳлантириш борасидаги мажбуриятини ҳам тўлиқ бажармаган. Бундан бошқа ҳолатларда 6 марта вақтинчалик ўчириш ҳақида истеъмолчилар огоҳлантирилмаган.

Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларида ва «Истеъмолчларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунда белгиланган шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқини чеклаб қўядиган ва қонун ҳужжатларига зид бўлган талаблари ҳақиқий ҳисобланмаслиги, агар уларнинг қўлланиши натижасида истеъмолчига зарар етказилган бўлса, ушбу зарар сотувчи томонидан қопланиши лозимлиги, сотувчи истеъмолчидан кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмаслиги борасидаги талаблар қўпол равишда бузилган.

Электр энергиясини ҳисобга олиш истеъмолчининг айбисиз вақтинчалик бузилганда етказиб берилган электр энергия учун ҳисоб-китоб Бюро хабардор қилинган ҳолда, ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг қарори билан, ҳисобга олиш бузилгунигача бўлган олдинги ҳисоб-китоб давридаги ёки ҳисобга олиш тиклангандан кейин­ги даврдаги ўртача суткалик сарф бўйича амалга оширилиши белгиланган. Ушбу талабга зид равишда электр корхонасида қайта ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилмай қолган. Бюро томонидан ҳисоб-китоб қилинганида эса даъво санаси нотўғри қўйилиши натижасида электр ҳисоблагичлари куйиб қолган истеъмолчиларга норматив ҳужжатлар асосида 12065 киловатт соат энергия сарфи ҳисобланган. 2 миллион 644 минг сўм қарздорлик компьютер базасига киритилиб, ундирувга қаратилган.

Текшириш натижалари компьютер базаси билан солиштирилганида 12 та ҳолатда электр энергиясидан 11342 киловатт соат миқдорида жами 2 миллион 480 минг сўмлик ноқонуний қарздорликлар ҳисоб-китоб қилингани аниқланди. Хусусан, «Дилкушо» МФЙда яшовчи фуқаро Т.Бадирдинов хонадонида МИБ назоратчилари томонидан назорат кўриги ўтказилган. Ҳисоблагич куйганлиги аниқланиб далолатнома расмийлаштирилган. Қайта ҳисоб-китоб хулосасида охирги назорат куни, яъни 2018 йилнинг 15 февраль кунидан эътиборан 189 кун учун 180 минг сўм миқдорида қўшимча электр энергия истеъмоли ҳисобланган. Аслида эса охирги назорат санаси, яъни 2018 йил 16 август кунги компьтер базасига киритилган маълумотлар асосида даъво муддати 7 кундан иборат бўлиб, ушбу муддатга 6667 сўм ҳисобланиши лозим эди. Қонун талабига нописандлик натижасида 182 кунга 173 минг 355 сўм ортиқча ҳисобланиб ундирилган.

Бошқа истеъмолчиларнинг қарздорлигини ҳисоблашда ҳам юқоридаги каби қонун бузилишига йўл қўйилган. Ўтган йил давомида истеъмолчи С.Мирзаев, М.Камолов, Б.Ёқубов, Ш.Холбоев, Х.Ботиров, Х.Ортиқова, О.Сайдуллаев, С.Зоиров, Д.Бўтаев, В.Ортиқовларга ноқонуний равишда 32 минг 705 сўмдан тортиб 483 минг 992 сўмгача ортиқча электр энергияси сарфи ҳисобланган.

Прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, табиий газ ва электр энергияси таъминоти корхоналари томонидан йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатлари бартараф этилди, 1000 нафарга яқин истеъмолчининг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Комилжон Ҳасанов,

Фарғона туман прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: