Home /   / Нопок раҳбар

Нопок раҳбар

Мўмай даромад илинжида бировни алдаш, айниқса, фаолиятида ёлғон ишлатиш инсонни асло рўшноликка элтмайди.

2017 йил сентябрь ойида «Atlasco Trading» МЧЖнинг раҳбарлигига тайинланган Т.К. ҳам ёлғоннинг охири вой бўлишини билмасди дейиш ноўрин. У орадан бир йил ўтар-ўтмас (тергов жараёнида жиноят ишининг бир қисми алоҳида иш юритувига ажратилган шахслар билан тил бириктириб), рақамсиз олди-сотди шартномаси тузади ва ушбу шартномага асосан «Atlasco Trading»га «Intertech Trade» МЧЖни бирлаштиради. Икки корхонани бирлаштириш пайтида «Intertech Trade»нинг нақд пулга сотиб юборилган 10 млрд. 526 млн. 345 минг сўмлик импорт қилинган товарлари «Atlasco Trading»нинг балансига текинга ўтказиб берилгани ҳақида санаси бўлмаган сохта топшириш-қабул қилиш далолатномасини тузади.

Ҳужжатли тафтишда аниқланишича, «Atlasco Trading» томонидан 2017 йил ва 2018 йилнинг октябрь ойигача 33 млрд. 130 млн. 170 минг сўмлик товарлар савдо қоидалари бузилган ҳолда сотилган, нақд пул банкка инкассация қилинмасдан, яширилган. Натижада давлат бюджетига тўланиши лозим бўлган 1 млрд. 826 млн. 833 минг сўм солиқни тўлашдан бўйин товланган.

Содир этган жиноятини яшириш орқали жавобгарликдан қутулиш мақсадида Т.К. яна бир жиноятга қўл уради. Яъни тергов жараёнида жиноят ишининг бир қисми алоҳида иш юритувига ажратилган шахснинг таъсисчилиги ва раҳбарлигида «Alliance Trade» МЧЖни ташкил қилади ва «Atlasco Trading»ни «Alliance Trade» билан бирлаштириб, шу йўл билан сунъий равишда «Alliance Trade»ни «Atlasco Trading» МЧЖнинг ҳуқуқий ворисига айлантиради. Шунингдек, «Alliance Trade»нинг раҳбари номидан 2018 йил 13 ноябрь кунги 1 ва 2-хатларни ёзиб, уларга «Atlasco Trading» МЧЖ номига келиб тушган барча товар ва маҳсулотлар комиссия шартномаси ва топшириш-қабул қилиш далолатномасига асосан аслида 2018 йил май ойида банкрот деб топилган ва 2016 йилдан буён фаолият юритмаётган «Creative Business Group» МЧЖ­га топширилгани ҳақида сохта маълумотлар киритиб, ушбу ҳужжатлардаги «Alliance Trade» МЧЖ раҳбарининг имзосини қалбакилаштириб туман ДСИга топширади.

Бундан ташқари, Т.К. «Nika Medikal Service» МЧЖ билан тузилган шартномага асосан 2017 йил ноябрь ойида «Atlasco Trading»нинг ҳисоб рақамига тиббиёт ускуналари учун 164 млн. сўм пул туширади ва бу билан қонун талабларига зид равишда, лицензиясиз фаолият юритишнинг ҳам уддасидан чиқади.

Шунча қинғирликлари етмаганидек, Т.К. қонун олдидаги жавобгарликдан қутулиб қолиш мақсадида «Atlasco Trading»нинг солиқ солишга асос бўладиган молиявий фао­лиятига доир бирламчи ҳужжатлари, бухгалтерия ҳисоботлари ҳамда товар-моддий бойликлар ҳисоботларини юритишга оид бошқа ҳужжатлар, рўйхатга олиш дафтарлари, корхоналар билан тузилган шартномалар ва бошқа қатъий ҳисобда турувчи ҳужжатларни йўқ қилади.

Жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани суди томонидан Т.К.га иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазоси ҳамда 15 млн. 204 минг сўм жарима жазоси тайинланди. Шунингдек, Т.К.нинг солиқдан қарзини қоп­лаш чоралари ҳам белгиланди.

Фарход БОБОНИЁЗОВ,

Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: