Home /   / Нoбyд бўлгaн эгизaклap

Нoбyд бўлгaн эгизaклap

Бахтиёр билан Кароматнинг икки фарзанди бор. Айни пайтда улар яна янги меҳмон кутишяпти. Кароматнинг ҳомиласи эгизак экан.

Бир куни кечки соат 21:00 ларда Кароматнинг тоби қочди. Бахтиёр тезда таниш ҳамширага қўнғироқ қилди. Ҳамшира Кароматни дарҳол шифохонага олиб бориш кераклигини айтди.

Бахтиёр аёлини туман тиббиёт бирлашмасига олиб борди.

Навбатчи шифокор, олий маълумотли акушер-гинеколог Қурбон Холмўминов бемор аёлни қабул қилиб, «ҳомиладорликнинг 19-ҳафтаси, эгизак ҳомила, бошланган аборт, анемиянинг оғир даражаси, сурункали пиелонефрит қўзиш даври» ташхиси билан хаста ҳомиладорлар бўлимига ётқизди. Бир неча кун ётиб даволанса тузалиб кетишини айтди. Кейинги кун хабар олишга келган Бахтиёрга Каромат аҳволи яхшиланганини билдирди.

Орадан бир-икки кун ўтди. Эрталаб Бахтиёрга қайнопаси қўнғироқ қилиб, Кароматнинг аҳволи оғирлашганини айтди. Бахтиёр тезда шифохонага етиб борди.

Ҳақиқатан ҳам Кароматнинг аҳволи оғирлашган экан. Ҳар куни олаётган «Инфузол» дорисини секинлик билан томирга юбормасдан, тезлик билан юборишган. Шундан сўнг аёлнинг аҳволи ёмонлашган. Аксига олиб бу пайтда хонада ҳамшира ҳам бўлмай, хонадаги бошқа бемор ёрдам берган. Натижада Каромат тинмай қайт қилиб қолади. Бахтиёр турмуш ўртоғидан хавотир олиб, Қурбондан аёлининг аҳволи ҳақида сўради. «Энди бироз вақт қайт қилади, кейин ўтиб кетади», – деди доктор. Лекин Кароматнинг аҳволи оғирлашаверди. Аёлидан хавотирланаётган Бахтиёр тинмай ундан аҳволи қандайлигини телефонда сўраб турди.

Аёл ичи оғриётганидан шикоят қилди. Шифокорлар унга оғриқ қолдирувчи укол қилишди. Бахтиёр турмуш ўртоғининг соғлиғидан хавотирланиб, шифохонадан кетмади.

Кароматнинг аҳволи яхшиланмади, қайт қилиши қолмади, қорнидаги оғриқ эса чидаб бўлмас даражага етди. Қолаверса, эгизакларининг қимирлаши ҳам сезилмай қолди.

Шундан кейин уни УТТ аппаратида текшириб, ҳомилаларнинг юраги урмаётгани аниқланди.

Шунда ҳам Қурбон Бахтиёрга хавотирланмаслигини, эгизакларнинг юраги секин ураётганини, аёлни реанимация бўлимига ўтказишини, у ерда доимий шифокорлар назоратида бўлишини айтди.

Бахтиёр реанимацияда ётган аёлидан тез-тез аҳволини сўраб турди. Ярим кечаси қўнғироқ қилганда хотини зўрға гапириб, оғриқ кучли эканини айтганди, Бахтиёр чидаб туролмади. Қурбоннинг хонасига бориб, вазиятни тушунтирди.

Уйқуси бузилган Қурбон Бахтиёрни ёқтирмади. Иложсиз қолгач, Кароматни текшириб кўрди. «Қон кетаяпти, операция қилиш керак» деб унга зарур дори-дармонлар рўйхатини берди.

Кўп ўтмай аёлни жарроҳлик амалиётига олиб киришди.

Бир-икки соатлардан кейин операция хонасидан бир шифокор чиқиб, қон кераклигини айтди. Шу ерда ўтирган Кароматнинг отаси қон берди. Бахтиёр врачлар айтган дориларни етказиб турди. Орадан бироз вақт ўтиб яна қон кераклигини айтишди. Бахтиёр қишлоқдошларидан қон гуруҳи тўғри келадиган 15 нафар танишини чақирганди. Шулардан учтасидан қон олишди. Бироқ ижобий натижа бўлмади. Шифокорлар «қон етарли, лекин қуйилган қон ивимасдан чиқиб кетаяпти» дейишди.

Кароматни эрталаб соат 8:00 ларда операция хонасидан реанимация бўлимига олиб ўтишди. Бир неча соатдан сўнг яна қон қуйишди, шаҳардан врач чақиришди. Лекин энди жуда кеч, фойдаси йўқ. Кароматнинг жони узилганди.

Қурбоннинг тажрибасизлиги ёки лоқайдлиги панд берди. У беморга эътиборсиз бўлди. Ўша куни беморни қабул қилганидан сўнг амалдаги миллий стандарт талаблари бўйича текшириш режаси тузмади, унинг аҳволини чуқур ўрганмади. Беморнинг қонидаги гемоглобин миқдори (Hb-60) паст бўлишига қарамасдан оғир анемияни даволаш учун беш кун давомида бирон-бир муолажа ўтказмади. Бачадондан қон кетиши хавфини билгани ҳолда керакли дори-дармонлар билан даволаш чораларини кўрмади. Беморнинг аҳволи оғирлашган бўлишига қарамай малакали шифокорлар билан консилиум қилиб, оператив муолажани бошлаш чораларини кўрмагани натижасида ҳомиладор аёлнинг «ривожланмаган эгиз ҳомиланинг ўлими фонида кечган геморрагик шок ва ДВС синдроми билан асоратланган бачадондан ўткир қон кетиши» натижасида шифохонада вафот этишига сабабчи бўлди.

Суд тиббий экспертизасида ҳам муолажаларни даволаш диагнистик стандарт талабларига мос равишда ўтказмагани маълум бўлган.

Суд ҳукми билан Қурбон Холмўминов бир йил тиббиёт муассасаларида акушер-гинеколог лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Иш ҳақининг 20 фоизини давлатга ушлаб қолган ҳолда жазо тайинланди.

Собиржон ЖАНИЕВ,

Нарпай тумани прокурорининг катта ёрдамчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: