Home /   / Назорат кучайтирилди

Назорат кучайтирилди

«Huquq» газетасининг 2019 йил 11 апрель сонида «Долзарб мавзу» рукни остида «Каналларга оқизилаётган канализация» сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Унда Бектемир тумани ҳудудидаги Чирчиқ дарёси бўйида жойлашган айрим корхоналар ишлаб чиқаришдан ҳосил бўлган оқинди сувларни дарёга чиқариб юбораётгани тан­қид остига олинганди. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мақолада келтирилган ҳолатларни ўрганиб, қўмита раиси ўринбосари У.Утаев имзоси билан таҳририятга жавоб йўллади.

Республика бўйича оқова сув тозалаш иншоотлари 30-40 йил олдин қурилган бўлиб, ҳозирги вақтда улар таъмирталаб ва реконструкцияга муҳтож. Мақолада келтирилган ҳолатлар тўғри ёритилган. Бу борада Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан «Ўзбекистон Республикасида канализация тизимларини янада такомиллаштириш бўйича кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳага Давлат экология қўмитаси ўз таклифларини берди.

Мақолада Бектемир тумани ҳудудидан ўтган «Чирчиқ» дарёси бўйида жойлашган айрим ишлаб чиқариш корхоналари томонидан Бектемир оқова сув тозалаш иншоотларига ташланаётган оқова сувлар кўпайганлигини, улар етарли даражада тозаланмасдан дарёга оқизилишини ўрганиш мақсадида, Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бош­қармаси, Тошкент шаҳар «Сувсоз» ДУК, Санитария-эпидемиология давлат назорати маркази ва Сув хўжалиги вазирлиги мутахассислари билан ҳамкорликда ишчи гуруҳ тузилиб, Чирчиқ дарёси бўйида жойлашган 12 та корхонада ўрганишлар ўтказилди.

Тошкент шаҳар «Сувсоз» ДУК лабораторияси томонидан корхоналарнинг ишлаб чиқаришдан ҳосил бўлган оқова сувларидан намуналар олиниб, таҳлил қилинганда, оқова сув таркибида ифлослантирувчи моддалар (ёғлар, аммоний азоти, хлоридлар, муаллақ моддалар ва бошқалар) белгиланган меъёрлардан ортиқлиги ва Бектемир оқова сув тозалаш иншоотларига таъсир кўрсатаётгани аниқланди.

Мақолада баён этилган ҳолатлар бўйича Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан Чирчиқ дарёси қирғоқларида жойлашган корхоналарда ҳамда аҳоли эгаллаб олган ҳудудларда дарё муҳофаза зонаси қоидаларини бузиб, ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг тегишли моддалари билан маъмурий чоралар кўрилди.

Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бош­қармаси томонидан ишлаб чиқариш оқоваларини шаҳар канализация тизимига ташлаётган ҳудуддаги 12 та корхонага локал оқова сув тозалаш иншоотларини ташкил этишлари тўғрисида кўрсатмалар берилди.

Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бош­қармаси, ДСЭНМ ва «Сувсоз» ДУК ҳамкорликда «Тошкент шаҳар Бектемир туманида экологик ҳолатни янада яхшилаш юзасидан чора-тадбирлар режаси» ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, 2019 йил 10 май куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, «Сувсоз» ДУК, Бектемир оқова сув тозалаш иншоотлари станцияси, Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Аналитик назоратга ихтисослашган назорат маркази ҳамда туман ҳудудида фаолият олиб бораётган корхоналар раҳбарлари ва мутасадди ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда корхона раҳбарларининг ахборотлари тингланди ва улар ишлаб чиқариш оқова сувларини Чирчиқ дарёсига ташламаётганлари, балки «Сувоқова» канализация тармоқларига шартнома асосида оқизаётганларини, оқова сувлар таркибидаги ифлослантирувчи моддаларни белгиланган меъёрларга етказиш, бу бўйича локал (маҳаллий) оқова сув тозалаш иншоотларини қуришни режалаштираётганларини маълум қилишди. «Тошкент шаҳар Бектемир туманида экологик ҳолатни янада яхшилаш юзасидан чора-тадбирлар режаси» корхоналар томонидан маъқулланди.

Шунингдек, йиғилишда «Сувсоз» ДУК ҳамда Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бош­қармасига корхоналарда оқова сувлар ифлосланишининг олдини олиш бўйича мониторинг ишларини кучайтириш вазифаси юклатилди.

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: