Home /   / Назорат кучайтирилди

Назорат кучайтирилди

Коронавирус балоси кўплаб мамлакатларни ўргимчак тўри мисоли қамраб олишга улгурди. Афсуски, 15 мартдан бошлаб юртимизда ҳам коронавирусга чалинган беморлар борлиги аниқлана бошлади.

Ўзбекистонда ушбу инфекциясининг қамрови кенгаймаслиги учун барча чоралар кўрилмоқда. Жумладан, барча турдаги таълим муассасаларида вазият барқарорлашгунга қадар таътил   эълон қилинди. Жамоат транспорти ҳаракати ҳам тўхтатилди.

Ҳозирги кунда чет элда бўлиб турган фуқароларимиз махсус рейслар орқали мамлакатимизга олиб келиниб, 14 кунлик карантинда сақланаяпти. Карантинга олинган объектларда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, қолаверса, тиббий назоратдаги юртдош­ларимиз ўзбошимчалик билан белгиланган ҳудудни тарк этишининг олдини олиш мақсадида назорат кучайтирилмоқда.

Карантинга олинган объектларда Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари куну тун фаолият олиб бормоқда. Хавфсизликнинг бу тарзда кучайтирилиши, шубҳасиз, ҳамюртларимиз саломатлигини асраш ва касалликдан талофатсиз халос бўлишга замин яратади.

Карантин чоралари белгиланган жойларда хизмат ўтаётган ҳарбийларнинг ҳуқуқий ҳимоясини мустаҳкамлаш, аҳолига тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида Республика ҳарбий прокуратураси ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари мазкур объектларда бўлишди. Бу каби тадбирлар барча ҳудудий ҳарбий прокуратуралар томонидан мунтазам равишда амалга оширилмоқда.

Тимур ХАМЗАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокуратураси бўлим бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: