Home /   / Найрангбоз банкир

Найрангбоз банкир

Завқиддин Тўраев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2007 йилдан бери АТ «Халқ банки»нинг Боғишамол филиали кредит операциялари бўлимида турли лавозимларда ишлаб келди. 2011 йилдан бошлаб шу бўлимда бош мутахассис бўлди. Шартнома асосида ўқишга қабул қилинган талабаларга таълим кредитлари берилишини ва ундирилишини назорат қилиш, ҳисоботлар тайёрлаб, тегишли жойларга тақдим қилиш каби вазифалар Завқиддиннинг зиммасида эди.

Саодат Комилова шартнома асосида ўқишга кирди. Шартнома пулини тўлашга қурби етмагач, банкдан таълим кредити олишга қарор қилди.

У 2012 йили турмуш ўртоғининг «Nexia» русумли автомобилини гаровга қўйиб, банкдан 18 миллион 725 минг сўм таълим кредити олди. 2014 йил октябрь ойида кредит маблағларини сўндириш учун 2 миллион 150 минг сўм, ноябрь ойида 2 миллион 500 минг сўм, декабрь ойида эса 8 миллион 230 минг сўм маблағларни олиб келиб, З.Тўраевга топширди. Банк ходими пулни қабул қилиб олиб, квитанция ёзиб берди. Кўп ўтмай Саодат яна 5 миллион 845 минг сўм келтирди. Завқиддин квитанция ёзиб, бухгалтериядан штамп бостириб келди.

— Опа кўнглингиз хотиржам бўлсин, мана квитанция тайёр. Фақат бу менда қолади. Тақиқдаги машинангизни чиқариш учун хат тайёрлайман, — деди.

Саодат унга ишониб чиқиб кетди. У расмийлаштирилган кредит бўйича ҳамма тўловларни ўз вақтида тўлаб бўлди. Завқиддин бу маблағлардан       1 миллион 761 минг сўмини С.Комилова номига тўлов қилиб, қолган 16 миллион 964 минг сўмни эса «ҳазм» қилиб юборди.

Саодат «Кредитни ёпдим, энди машинамни тақиқдан чиқариб беринг», деб бир неча марта бош мутахассисга мурожаат қилди. Йигит бу томонини ҳам ўйлаб қўйганди. Транспорт воситасини тақиқдан чиқариш ҳақида хат тайёрлади. Филиал бошқарувчисининг имзосини сохталаштириб, жиноий йўл билан автомашинани тақиқдан чиқаришга эришди.

Орадан 5 йил ўтиб, яъни 2017 йилда С.Комиловага АТ «Халқ банки»нинг Боғишамол бўлимидан қўнғироқ бўлди. Аёл банкка келиб, бошқарувчининг гапларидан ҳайрон бўлди.

— 2012 йилда олинган таълим кредити ҳанузгача тўланмаган, — деди бош­қарувчи.

— Мен ҳаммасини ўз вақтида тўлаганман! — деди Саодат ўзида бўлган ҳужжат ва квитанцияларнинг асл нусхасини кўрсатиб. Гаровга қўйилган машина ҳам тақиқдан чиқарилганини айтди.

Банк бошқарувчиси Завқиддинни чақириб, ҳолатга аниқлик киритди. Кредит тўланган, англашилмовчилик бўлибди, деган хулосага келишди.

2018 йил январь ойида Саодатнинг яна тинчи бузилди. Банкдан огоҳлантириш хати келганди. Унда 10 кун муддат ичида банкдан олган кредитни тўлаш кераклиги  ёзилган эди.

Аёлнинг фиғони фалакка чиқиб, банк­ка йўл олди.

— Компьютер маълумотларига кўра огоҳномада кўрсатилганидек, 18 миллион 638 минг 260 сўм миқдорида қарздорлигингиз бор, — деди банк бошқарувчиси.

Саодат ўтган йили бўлган ҳолатни айтди.

— Завқиддин қарзларни тўламади. Шунинг учун уни ишдан бўшатдим, — деди бошлиқ.

Аёл З.Тўраевни излаб топди. Банкка олиб келиб бошқарувчи билан юзлаштирди. Йигит барча айбларини бўйнига олди. Бир ой муҳлат берса, ҳамма пулларни жойига қўйишини айтди. Аммо сўзининг устидан чиқмади.

С.Комилова бу сарсонгарчиликдан чарчади. Завқиддиннинг устидан тегишли жойга арз қилди.

Суд ҳукми билан З.Тўраев 1 йил 6 ой мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизи давлат фойдасига ундириш шарти билан унга 1 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Ҳозир банкларда кредит турлари жуда кўп. Кредит олиб ўқишингиз, тадбиркорлик қилишингиз, чорвачилик ва ҳоказолар билан шуғулланишингиз мумкин. Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, Завқиддин каби ўз ишига юзаки муносабатда бўладиган кимсалар сабаб, баъзан идора остонасини ҳатлашга юрак безиллаб қолади.

Рустам ДАМИНОВ,

Самарқанд вилоят прокуратураси

бўлим АМИБ терговчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: