Home /   / Насиҳат эмас, амалий ҳаракат зарур

Насиҳат эмас, амалий ҳаракат зарур

Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш учун нималар қилиш керак? Бизнинг фикримизча, энг аввало, насиҳатларни камайтириш керак! Чунки бугун ахборотлар уммонида яшаётган ёшларга “яхши бўлсанг — яхши бўлади, ёмон бўлсанг — ёмон” қабилидаги панду ўгитларнинг таъсири ҳам, қизиғи ҳам кам бўлиб қолди. Бу ҳолатлар қайтага уларнинг жиғига тегиб, тескарисини қилишга ундайди.

Шундай экан, биринчи галда жиноятчиликнинг олдини олиш учун ёшларни жиноят қилишга ундайдиган сабаблар, ҳолатларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш керак.

Ёшлар ўзига хос жўшқинлик билан ўзларини намоён этишни, орзуларига жуда тез ва осон эришишни истайди. Улар кутишни ёқтиришмайди. Сабр-қаноат эса фақат кексаларга хос фазилат. Ёшлар ўртасидаги жиноятларнинг илдизини ҳам худди шу жиҳатлардан қидиришга тўғри келади.

Бугунги кунда айрим ёшларнинг энг ожиз жиҳатларидан бири буюмга сиғиниш ҳисобланади. Аслида бу ҳолат барча авлод вакилларида ҳам учраши мумкин. Лекин ёшлар муаммони ўзларича ҳал этишга интилишади-да…

Эътибор қаратилса, ёшлар томонидан содир этилаётган ҳар уч-тўрт жиноятнинг бирини қўл телефони ва шунга ўхшаш замонавий жиҳозларга эгалик қилиш учун уринишлар ташкил этади. Бу нафақат ушбу жиҳозларнинг бозори чаққонлигидан, балки ёшларнинг уларга муккасидан кетиши сабабли ҳамдир.

Маънавий қашшоқликнинг ўрнини тўлдириш учун жуда катта бойлик керак бўлади. Ёшлар ҳар қандай ҳолатга ҳам жиддий ва тезлик билан муносабат билдиришади. Шу билан бирга улар албатта ўқишни, ўрганишни исташади. Шунинг учун ҳам интернет орқали бўлар-бўлмас нарсалар, бир-бирларининг чала ёзишмаларини “мутолаа” қилишади.

Бундан ташқари, ҳаммани бирдай “ақлли китоб”ларни ўқишга мажбурлаб бўлмайди, бунинг кераги ҳам йўқ.

Инсон бадиий асарни ақлли бўлиш учун ўқимайди, балки кўнгил хотиржамлиги, руҳий ҳаловат учун мутолаа қилади. Ёшларни мутолаага қайтарамиз деб кўп уринаяпмиз. Кўпчилигимиз улар электрон китоб­лар ўқияпти деб хурсанд бўлаяпмиз ҳам.

Аслида бу билан улар бизни алдашмоқда, биз эса ўзимизни… Тўғри, интернетдан илмий асарлар олиш, кўплаб маълумотларга эга бўлиш мумкин. Бундан олий ўқув юртига ўқишга кирмоқчи, илм эгалламоқчи бўлган ёшлар оқилона фойдаланишмоқда. Лекин бадиий адабиётни камдан-кам кишиларгина электрон шаклда ўқий олиши мумкин. Чунки ҳозиргина компь­ютерда ўйин ўйнаган, завқ билан рангли соққачаларни ҳар томонга сочиб, “очко” олаётган ўсмирга “Ўткан кунлар”ни ўқиш қанчалик завқ бағишлайди? Асардаги ҳис-туйғу ва ҳаяжон унинг онгига қанчалик етиб боради?! Китоб эса бутунича бир воқеа-ҳодисага бағишланган. Уни қўлга олиб, ўша воқеани тасаввур этасиз, ўша оламда яшайсиз.

Бадиий адабиёт маълумот олиш учун эмас, балки эстетик завқ учун ўқилади. У кино, театр, тасвирий санъатдан шуниси билан фарқ қиладики, ундаги воқеа-ҳодисалар бевосита инсон онгида, унинг кўнглида юз беради. Бадиий асарни ўқувчи ўзи хоҳлаганича тасаввур қилади, саҳналаштиради ва унинг ичида яшайди.

Ёшларимиз ишлашни, ҳалол меҳнат ортидан даромад орттиришни, яхши яшашни чин дилдан исташади. Бунинг учун уларга имконият яратиб бериш зарур. Бугун юртимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати ҳам айнан шунга йўналтирилган — арзон уй-жойлар қуриш, тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринларини кўпайтириш борасидаги улуғвор ўзгаришлар жараёнига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.

Албатта, жамиятда жиноят учун жазонинг муқаррарлиги деган тушунча ҳам бор. Ҳар қандай жиноят жазосиз қолмаса, уларнинг сони ҳам камаяди. Лекин фақат қўрқитиш орқали инсонни жиноят қилишдан тўхтатиб бўлмайди. Жиноятнинг олдини олишнинг энг маъқул усули — фуқароларнинг маънавиятини ошириш. Одамлар қачонки, онгли равишда жиноят қилишдан қочса, шундагина жиноятчиликнинг камайишига эришиш мумкин.

Мирзоҳид ТУРСУНОВ,

Миришкор туман прокурорининг катта ёрдамчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: