Home /   / Наркоманга дорихонада нима бор?

Наркоманга дорихонада нима бор?

Президентнинг 2019 йил 6 февралдаги «Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида»ги қарорига асосан аҳолининг соғлиғини сақлаш, дори-дармонларнинг ноқонуний айланишига йўл қўймаслик, кучли таъсир қилувчи моддалар айланишини тартибга солиш бўйича бир қатор ишлар қилинмоқда. Хусусан, 2019 йилнинг 1 декабридан инсон организмига кучли таъсир қилувчи 78 та модда рўйхати белгиланди.

Шу муносабат билан энди 1 декабрдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган рўйхатга киритилган дорилар буюм-миқдор жиҳатидан ҳисобга олиниши лозим ва уларнинг чакана реализацияси фақат ижтимоий дорихоналар, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақлаш ва реализация қилиш учун лицензияси бўлган дорихоналар томонидан амалга оширилади. Ушбу тартибни бузган субъектлар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Қайд этиш жоизки, Жиноят кодексининг 273-моддасида гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказганлик, 275-моддасида гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ишлаб чиқариш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузганлик ҳамда 276-моддасида гиёҳванд­лик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Йилнинг ўтган даврида Сирдарё вилоятида ҳам кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган дориларнинг ноқонуний олди-сотдиси билан боғлиқ жиноятлар содир этилган. Жумладан, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан 9 та шу тоифадаги жиноят фош қилинган. Масалан, Сирдарё вилояти ИИБ ходимлари ўтказган тадбирда Сардоба тумани тиббиёт бирлашмаси олдида турган Ш.Эратованинг ёнида «Трамадол-ЗН» ёзувли бир дона конвалютада 9 дона капсула борлиги аниқланган. Ушбу ҳолат юзасидан Ш.Эратовага нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, жазо муқаррарлиги таъминланган.

Шу билан бирга, юқоридаги қарорда шифокор рецепти бўйича бериладиган дорилар ва тиббий буюмлар, шу жумладан, кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган дориларнинг ноқонуний савдосига барҳам бериш бўйича текширишлар вилоят ички ишлар ва соғлиқни сақлаш бош­қармалари томонидан Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга хабар берган ҳолда, текширувларни электрон рўйхатдан ўтказиш орқали амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 27 июлдаги «Тадбиркорлик субъект­ларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғ­рисида»ги фармонига асосан дориларни рецептсиз чакана сотиш устидан назорат ваколатли органни хабардор қилиш тартибида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, шунингдек, ИИВ, Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ва соғлиқни сақлаш ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилиши мумкин.

Бироқ департаментдан ташқари қайд этилган орган ва муассасалар бугунги кунга қадар Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига уланмаган ҳамда соғлиқни сақлаш ходимлари текширув ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномалар билан таъминлаш учун синовдан ўтказилмаган.

Шунга кўра ҳозир вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси икки нафар малакали мутахассисини текширув ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳнома билан таъминлаш учун синовдан ўтказиш чорасини кўрмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралардан олинган маълумотларга кўра айрим туман ва шаҳарларда «дорихона наркоманлиги» авж олмоқда. Айрим фуқаролар таркибида психотроп бўлмаган, дорихоналарда сотилиши тақиқланмаган, арзон дориларни ҳидлаш ва истеъмол қилиш орқали ўзларининг ноодатий эҳтиёжларини қондираяпти.

Ушбу ҳолатларни инобатга олган ҳолда давлатимиз раҳбарининг қарорида:

– кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган дориларни бериш учун ёзилган рецептлар дорихоналарда бир йил давомида сақланиши;

– мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар тиббиёт ташкилотларида беморга рецептли дориларни рецептни расмийлаштирмасдан тайинлаш тақиқланиши;

– 2020 йил 1 январдан бошлаб дорилар ва тиббий буюмларнинг реализация жараёнини узлуксиз равишда видеога ёзиб олиш ва бир ой давомида видеоёзувларни сақлаш дорилар ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишдаги лицензия талаби ҳисобланиши (қишлоқ оилавий поликлиникалари ва врачлик пунктлари ҳудудида жойлашган дорихоналар ва уларнинг филиаллари бундан мустасно), мазкур талабнинг мунтазам равишда (бир йил давомида икки ва ундан ортиқ марта) бузилиши лицензиянинг амал қилишини тугатиш учун асос бўлиши қатъий белгиланди.

Иззат Ачилов,

Сирдарё вилояти прокуратураси бўлим прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: