Home / Тавсия этимиз / Нархи қанча меҳрнинг, айтинг…

Нархи қанча меҳрнинг, айтинг…

Фарзанд инсон ҳаётининг мазмуни, насл-насабини     давом эттирувчи, оиланинг мустаҳкам занжири ҳисобланади. Одоб-ахлоқли, баркамол фарзанд ота-онанинг бахт-иқболи, икки дунё саодатига етиштирувчи дилбанди бўлиб, уларнинг «Жаннат рай­ҳонлари» деб таърифланиши ҳам бежиз эмас.

Шукрки, барчамизнинг уйимизда ана шундай «Жаннат ғунчалари» ўсиб-улғаймоқда. Қолаверса, халқимиз ўта болажон бўлиб, болаларидан бор меҳр-муҳаббатини аямайди. Ютуқларидан қувонади, ғурурланади. Бировнинг боласини ҳам «бегона» демай, қучоғини очади. Буни Иккинчи жаҳон уруши даврида ўзбекистонликлар Россия, Украина ва Белоруссия­нинг фашистлар босиб олган ҳудудларидан Ўзбекистонга эвакуация қилинган 200 минг нафар болани бағрига олганлигида ҳам кўришимиз мумкин. Ўша даврда кўплаб ўзбек оилалари иккита ва ундан ортиқ етим болаларни, жумладан, Ш.Шомаҳмудовлар 14 нафар,  Ҳ.Самадовлар 12 нафар, М.Жўраева ва Ашурхўжаевлар 8 нафар болани ўз қарамоғларига олганлар.

Аммо бу не бедодликки, орадан шунча йил ўтиб, ўша машъум уруш йилларида бировнинг боласини қабул қилиб, етимлигини билдирмаган, инсонпарварлик фазилатларини кўрсатган юртдошларимизнинг авлодлари бугун ўз жигарбандини меҳрибонлик уйларига топширмоқда, улардан воз кечмоқда. Аслида, меҳрибонлик уйи етим болалар ва ота-онасининг қаровисиз қолган болалар учун давлат тарбия муассасаси ҳисобланади. Аммо минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болаларнинг ҳаммаси ҳам чин етим ёки ота-онасининг қаровисиз қолган болалар эмас.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги А.П.Хлебушкина номли 22-Меҳрибонлик уйи ҳақида эшитмаган одамни топиш қийин бўлса керак.

— Айни пайтда ушбу даргоҳда 110 нафар бола тарбияланмоқда, — дейди Меҳрибонлик уйи директори Шаҳри Бердиева. — Уларнинг 38 нафари чин етим, 57 нафари ижтимоий, 11 нафари кам таъминланган, 4 нафари эса ташландиқ етим болалар ҳисобланади. Масканимизда камчиликлар йўқ, ҳукуматимиз томонидан уларга худди ўз уйларидагидек барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Бироқ, буларнинг барчаси бир бўлганда ҳам ота-онасининг биргина меҳри ўрнини босолмайди-да! Шу сабабли имкон қадар уларга меҳр беришга, шундоқ ҳам ўксик қалбларини янада вайрон қилмасликка ҳаракат қиламиз.

Опа нақадар рост гапирганига эса у киши билан меҳрибонлик уйини айланганимда амин бўлдим. Ёши, миллати, ўғил ёки қиз болалигидан қатъи назар, рўпарадан чиққан тарбияланувчи борки, менга қўлини кўксига қўйиб, салом берар экан, айримлари «Мама», бошқалари эса «Ойи» дея Шаҳри опанинг икки юзидан ўпиб қўярди. Опа ҳам уларни бағрига босиб, ўқишлари-ю муаммолари ҳақида сўрашдан эринмасди. Уларнинг қувонч барқ ураётган чеҳраларини кузатар эканман, хаёлимдан «Аслида директорнинг ўрнида шу болаларнинг оналари бўлиши лозим эди-ку!» деган ўй ўтди.

Шаҳри опа фикримни ўқи­ди, шекилли, кулимсираганча гап бошлади:

— Ишонсангиз, бир кунда ўн марта учратишса ҳам фарқи йўқ. «Ойи-ойи»лаб, қучоқлаб, юзимдан ўпиб кетишади. Уларнинг муносабатидан қанчалар хурсанд бўлсам, бу болажонларимнинг аччиқ қисматини ўйлаб, шунча сиқиламан. Ахир уларда нима айб?

Шу пайт сафимизга тарбиячи Нина Верешагина келиб қўшилди. Қирқ йилдан кўпроқ умрини мазкур даргоҳга бағишлаган бу аёл А.Хлебушкинани эслаш баробарида, болаларнинг «Ота»си сифатида танилган тарбиячи Лев Асриянц ҳақида сўзлаб берди.

Мазкур даргоҳдан учирма бўлганларнинг тақдири билан қизиқаман. Маълум бўлишича, 2017 йилда битирувчиларнинг  15 нафари, 2018 йилдагилардан эса 7 нафари айни пайтда юртимиздаги турли олий ўқув юртл­арида таҳсил олишаётган экан.

— Болаларимиздан Коля Пирогов маҳаллий футбол жа­моа­сида тўп сурган. Тилло Саматов эса нафақат спортчи, балки ўзи куй басталаб, қўшиқ ҳам куйлайди, — дейди фахр билан Нина Ивановна. — Ҳо­зир иккаласи Жисмоний тарбия ва спорт университети талабаси. Баҳодир Аминов грант асосида магис­тратурага кириб, Швейцарияда ўқиш­ни давом эттирмоқда. Ҳарбий соҳага қизиққан     10 нафардан ортиқ йигитларимиз эса Қуролли Кучлар академияси, Чирчиқ ҳарбий танкчилар олий билим юрти каби даргоҳларда таҳсил олишмоқда.

Орада Шаҳри опа айни пайт­да болаларга нафақат таълим-тарбия берилаётгани, балки эртанги ҳаётга зарур кўникмаларнинг ҳам ўргатилаётгани ҳақида айтиб берди-да, ўнг томонда қад ростлаган бино томон йўл бошлади. Бинонинг ичкари қисмида ошхона жойлашган бўлиб, у ерда 15-16 ёшлардаги тўрт-беш нафар қизча овқат тайёрлаш билан банд экан. Опанинг айтишича, қизларга ошхонадан зарур масаллиқлар олиб берилар, улар эса тарбиячи бошчилигида ўзлари хоҳлаган таом таёрлаш баҳонасида, пазандачиликни ҳам ўрганишар экан.

Фурсати келганда опадан «Ўзингиз ҳам онасиз. Болаларини ташлаб кетаётган оналар ҳақида қандай фикрдасиз?» дея сўрадим. Шаҳри опа дарров жавоб бермади. Бироз ўйланиб тургач, секингина «Бу уларнинг виждонига ҳавола» деди, ке­йин эса «Менга қолса, бундай ота-оналарнинг барчасини ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этган бўлардим», дея гапни қисқа қилди…

 

Сен етим эмассан!

Пойтахтимиздаги «Сархумдон» МФЙда истиқомат қилувчи Раҳима Мирзатиллаева 10 нафар болани оналик қилиш учун ўз қарамоғига олганини эшитганимизда, очиғи унчалик ишонмадик. Бўлмасам-чи, айримлар ота ёки она деган номга иснод келтириб, қалбининг бир парчасидан воз кечаётган бир пайтда бировнинг боласини бағрига олишдек мардлик ҳар кимнинг ҳам  қўлидан келавермайди-да!

Хуллас, «юз марта эшитгандан, бир  марта кўрган афзал» деган иборага амал қилган ҳолда, шу матонатли аёлни кўриб, бир-икки оғиз суҳбатлашиш мақсадида йўлга отландим-у, онахонга учрашишдан олдин МФЙ раисининг фикрини билишни лозим топдим. Маҳалла раиси Абдуманноп ака Зокиров идора олдида уч-тўрт нафар фаоллар билан суҳбатлашиб турган экан.

— Ҳа, маҳалламизда шундай ўта болажон ва жонкуяр онахон истиқомат қилади, — дея гап бошлади Абдуманноп ака ташрифим сабабини билгач. — Ўзи камтар бўлса-да, шунга яраша қайсарлиги ҳам бор. Шароити ҳар қанча оғир бўлса-да, сездирмайди. Айримлар ҳатто «Бу аёл таъминот ёки уй олиш баҳонасида болаларни асраб олди», дея гап-сўз ҳам қилишди. Уч хонали уйда шунча одам яшайди. Аммо ишонсангиз, биз — маҳалла аҳли ҳаракат қилганимиз ҳолда, ўзи бирор марта ҳам бу масалада мурожаат қилгани йўқ. Ўзига шу ҳақда гап очсангиз, «Болаларга биринчи галда меҳр кўрсатсак, бўлди, қолгани иккинчи даражали», деб гапни қисқа қилади. У кишини таниганимга 40 йил бўлган бўлса-да, бирор марта нолиганини кўрмаганман. Жуда иродали аёл…

Шундан сўнг раис илтимосимга кўра, онахонни шу ерга — идорага чақирадиган бўлди. Кўп ўтмай набирасини етаклаганча Раҳима опа кириб келди. Ташрифим сабабини тушунтиргач, онахон бу ишга қандай жазм этганини сўзлаб берди.

— Отадан 5 ёшда етим қолганман. Шу сабабли етимлик нима эканини яхши биламан. Бундан ташқари, онам доимо «Имкон топсанг, қийналганга ёрдам бер, айниқса, етимга озор берма, бошини силагин» деб ўргатарди. Боласини ташлаб кетган аёлларни сира тушунмасдим. Шундай бўлса-да, уларни қораламайман. Балки, улар шунга мажбур бўлгандир…

Хуллас, вояга етиб турмушга чиқдим. Ўша пайтда Ички ишлар идорасида ишлардим. Тақдир экан, турмушим бузилди, ўғлим Жамшид билан она уйига қайтиб келдим. Айнан ўша кезларда хаёлимга бола асраб олиш фикри келиб қолди. Ҳам етимга оналик қиламан, ҳам битта болам иккита бўлади, дея онамга маслаҳат солдим. Онам ҳам «Худойим дилингга солган бўлса, амалга оширгин» дея, қароримни маъқуллади.

Шундай ниятда юрган кезларим, яъни 1983 йилда навбатчи қисмга бир кунлик чақалоқни олиб келиб қолишди. Зарур ҳужжатларни тайёрлагач, қизалоқни бағримга олдим ва Зилола, деб исм қўйдим. Кўп ўтмай оиламизга Камола қўшилди. Жасурбекни мен ҳақимда эшитган қариндошлари олиб келишган. Онаси туғруқ вақтида вафот этган экан. Азамат эса уйимизга ўзи кириб келган. Ўшанда у 12 ёш­да эди.

Кейин Ирода ташриф буюрди. Жавоҳирни эшигим остонасига ташлаб кетишган. Шаҳризоданинг тақдири бошқача кечган. Бир аёл дарсдан чиққан Жасурни тўхтатиб, «қараб тургин» дея, қўлига чақалоғини тут­қазиб кетади. Қаҳ­ратон қишда 16 ёшдаги ўғлим болани кўтарганча, аёлни 5 соатдан ошиқроқ кутган. Ўша Шаҳризодам ҳозир 14 ёшда.

Орада ҳали туғилмаган боласини менга асраб олишни таклиф қилганлар ҳам учраган. Шунақа пайтда рози бўлардим. Шу билан бирга, маълум вақтдан кейин келса, боласини беришимни айтардим. Ахир бола ўз онаси билан бўлганига ҳеч нарса етмайди-ку! Уч нафар болани оналарига қайтариб берганман.

Худога шукр, тақдиримдан нолимайман. Ўғилларимни уйлантирдим, қизларимни узатдим. 14 нафар набирам бор. Икки нафар қизим ҳам бўйи етмоқда. Яхши жой чиқса, уларни ҳам эгасига топширсам дейман…

 

Онамни соғиндим, кетаман…

— Боланинг ҳар томонлама гармоник ривожланишининг муҳим жиҳатларидан бири ота-она билан фарзанд ўртасидаги илиқ ва яқин муносабатлардир, — дейди 21-сонли Меҳрибонлик уйи психологи Шаҳло Жуманова. — Бола ривожланишидаги секинлашиш ва ҳатто ундаги айрим психик касалликлар у ёки бу даражада оиладаги муносабатларга, хусусан, ота-она билан бола ўртасидаги ўзаро муносабатларга боғлиқ.

Ачинарлиси, муассасага келган болага бу ерда барча ша­роит­лар етарли бўлгани ҳолда, пулга ҳам сотиб олиб бериб бўлмайдиган она меҳри етишмайди. Касбим тақозоси билан болалар билан кўп суҳбатлашаман. Бола бу ерга  келиши сабабини айтиб бераётганида ота-онасидан нафратланади, бу ер унга ёқаётганлиги, шароитлар етарли эканлигини хурсанд бўлиб сўзлайди. Орадан маълум вақт ўтгач эса (бу баъзида 3-4 кун ҳам бўлиши мумкин) уйини соғинганлиги, онасини кўргиси келаётганлигини айтиб, кўзига ёш олади. «Ота-онамни соғиндим. Улардан кечирим сўрайман, энди яхши бола бўлишга ваъда бераман» дейдиганлари ҳам кўплаб учраб туради.

Бу ерга келган болалар одатда жисмоний, жинсий, эмоционал ва ҳоказо жароҳатлар билан жароҳатланган бўладилар. Бундай вазиятларда уларга муас­саса раҳбари, шифокор, социолог, психолог, логопед, стомотолог, тарбиячи ва тўгарак раҳбарлари ҳамкорлигида комплекс даражада ёрдам кўр­сатилади. Психолог томонидан уларнинг муаммолари ўрганилиб, стресс ёки депрессив ҳо­латлар суҳбат, медитацион ҳамда релаксацион машқлар, арт-терапевтик машғулотлар орқали бартараф этилади. Тўғри, бу бир мартада ёрдам бермаслиги мумкин, лекин уларни бошларидан ўтказган руҳий ва салбий эмоциядан вақтинча чалғитиш орқали биринчи психологик ёрдамни, қўллаб-қувватлашни, ўзига бўлган ишончни, ўзининг кераклилигини ҳис қилдиришни амалга ошириш мумкин.

Кези келганда айрим сабабларга кўра фарзандини Меҳрибонлик уйига ташлаб кетаётган оналарга айтар сўзим бор: Ёдда тутинг, болангиз доимо меҳрингизни туйиши, ҳис қилиши шарт! Фарзандини ижобий томондан тан олаётган ота-она ўз фарзандида кўплаб ижобий хислатларни кўради, қандай бўлса, шундай қабул қилиб, у билан фахрланади. Аммо фарзандида фақатгина камчиликни кўраётган ота-она унда нафақат ўзига, балки атрофдагиларга ҳам наф­рат ва адоватни шакллантиради. Иродасизлик қилиб, «Она» деган буюк номга доғ туширманг!

Эшикка термулганча, Сизни кута-кута муштоқ бўлган, охир-оқибат бирор оилага асранди фарзанд бўлишга ҳам рози бўлаётган бегуноҳ болакайларни асло қийнаманг!..

 

Ғофуржон АЛИМОВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: