Home /   / Нафсини ақлидан устун қўйганлар

Нафсини ақлидан устун қўйганлар

2018 йил 25 сентябрдан 2019 йил 25 мартга қадар «Янгиқўр­ғон пахта тозалаш» акциядорлик жамиятининг «Завод қоши» пахта қабул қилиш маскани 2-зона товаршуноси (катта классификатор) лавозимида ишлаб келган Суҳроб Тешаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) жамият билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузган бўлса-да, моддий наф олиш мақсадида бир гуруҳ шахслар билан жиноий тил бириктириб, қалбаки ҳужжатлар тузишни режалаштирган.

Жиноий режага кўра Суҳроб Тешаев 2018 йилги пахта мавсумида фермер хўжаликлари томонидан «Завод қоши» пахта пунктига топширилган 13 миллиард 59 миллион 732 минг сўмлик 3764,8 тонна пахтани қайта ишлашга йўналтириш ўрнига 404 миллион 650 минг сўмлик 213,7 тонна пахтани терговда аниқлашнинг имкони бўлмаган шахсларга сотиб, талон-торож қилган.

Шундан сўнг у жинояти фош бўлмаслиги учун пахта пункти катта ҳисобчиси билан тил бириктириб, пунктнинг расмий ҳужжатидаги 2018 йилги пахтанинг ҳаракати тўғрисидаги маълумотга талон-торож қилинган 213,8 тонна пахта жамиятда сақланаётгани ҳақидаги сохта маълумотни киритиб, жамият ҳисобхонасига тақдим этади. Шунингдек, у жамиятга қарашли «Ўзбекистон» ва «Оқдарё» пахта пунктларидан юборилган пахтани назорат остида қабул қилиш бўйича концентрат товаршунос сифатида бириктирилганидан фойдаланиб, жиноий режасини давом эттиради.

2018 йил 7 ноябрдан 4 декабрга қадар «Оқдарё» пахта пунктидан жамиятга жўнатилган 1663,6 тонна пахтани қабул қилиб, уни тўлиғича қайта ишлашга йўналтиришнинг ўрнига 119 миллион сўмлик 35,9 тонна пахтани сотиб, талон-торож қилган.

Жамиятнинг «Ўзбекистон» пахта пунктида худди шу лавозимда ишлаб келган Фазлиддин Ёқубов ҳам бир гуруҳ шахслар билан тил бириктириб, қалбаки ҳужжатлар тузишни режалаштирган. У 2018 йилги пахта мавсумида фермер хўжаликлари томонидан «Ўзбекистон» пахта пунктига топширилган 6 миллиард 855 миллион 302 минг сўмлик 2028,4 тонна пахтани қайта ишлаш учун жамиятга жўнатиш ўрнига 488 миллион 977 минг сўмлик 144,8 тонна пахтани сотиб, талон-торож қилган.

Шундан сўнг у жинояти фош бўлишининг олдини олиш мақсадида талон-торож қилинган пахта ўрнига ёт нарсалар (тупроқ, тош, қум, сув) қўшиб, лаборатория мудири ва бошқалар билан тил бириктириб, расмий ҳужжат ҳисобланган пахтани жамлаш ва жўнатилаётганидаги ифлослиги ҳамда намлиги ҳақидаги маълумотномага сохта ёзувлар киритган. Бу билан пахтанинг кондицион вазнини сунъий равишда ошириб, 2018 йилги пахтанинг ҳаракати тўғрисидаги маълумотга 151,7 тонна пахта «Ўзбекистон» пахта пунктида сақланаётгани ҳақида сохта маълумот киритган ва жамият ҳисобхонасига тақдим этган.

Жамиятнинг «Оқдарё» пахта пункти 2-зона товаршуноси лавозимида ишлаб келган Фаррух Хидиров ҳамда «Даҳбед» пахта пункти товаршуноси  Асад Йўлчиев ҳам ҳамкасби Фазлиддин Ёқубов каби нафси ҳакалак отганлардан экан.

Фаррух Хидиров 2018 йилги пахта мавсумида фермер хўжаликлари томонидан «Оқдарё» пахта пунктига топширилган 6 миллиард 136 миллион 498 минг сўмлик 1821 тонна пахтани тўлиғича қайта ишлаш учун жамиятга жўнатиш ўрнига 494 миллион 864 минг сўмлик 155 тонна пахтани сотиб,  талон-торож қилган.

Шундан сўнг жиноятини яшириш мақсадида «Оқдарё» пахта пунктида 2018 йилги пахтанинг ҳаракати тўғрисидаги маълумотга аслида мавжуд бўлмаган 157,4 тонна пахта пунктда, 35,8 тоннаси эса жамиятда сақланаётгани ҳақида сохта маълумотни киритиб, жамият ҳисобхонасига тақдим этган…

Асад Йўлчиев 2018 йилги пахта мавсумида фермер хўжаликлари томонидан «Даҳбед» пахта пунктига топширилган 5 миллиард 53 миллион 211 минг сўмлик 1565,3 тонна пахтани давлат стандартлари талаблари асосида белгиланган тартибда қабул қилиб, хомашёни қайта ишлашга йўналтириш ўрнига мансабини суиистеъмол қилган ҳолда 70 миллион 68 минг сўмлик 65,4 тонна пахтани сотиб, талон-торож қилган.

Шундан сўнг у қилмишини беркитиш мақсадида талон-торож қилинган пахтанинг ўрнига ёт нарсалар (тупроқ, тош, қум, сув) қўшиб, юқоридаги ҳамкасбларининг «сценарий»сини такрорлаган… «Даҳбед» пахта қабул қилиш пунктида 2018 йилги пахтанинг ҳаракати тўғрисидаги маълумотга аслида мавжуд бўлмаган 8,9 тонна пахта пунктда, 59 тоннаси эса жамиятда сақланаётгани ҳақида сохта маълумот киритиб, жамият ҳисобхонасига тақдим этган…

Ҳар бир ишнинг ибтидоси бўлгани каби интиҳоси ҳам бор. Ўз нафси йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, давлат манфаатидан ўз манфаатини устун қўядиган бу кимсаларнинг ҳам қилмишларига нуқта қўйилди.

2019 йил 14 август куни жиноят ишлари бўйича Оқдарё туман судининг очиқ суд мажлисида судланувчилар Суҳроб Тешаев, Фазлиддин Ёқубов, Фаррух Хидиров ва Асад Йўлчиевнинг жиноят иши кўриб чиқилди.

Суд судланувчи С.Тешаевдан 523 миллион 652 минг сўм, Ф.Ёқубовдан 488 миллион 977 минг сўм, Ф.Хидировдан 494 миллион 864 минг сўм ва А.Йўлчиевдан 70 миллион 68 минг сўм моддий зарарни «Янгиқўрғон пахта тозалаш» АЖ фойдасига ундиришни лозим топди.

Суд томонидан жиноятчиларга тегишли жазо тайинланди.

Абдураҳмон АБДУЛЛАЕВ,

Бош прокуратура бошқарма прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: