Тезкор хабарлар
Home / Жиноят ва жазо / «Нақд»и панжара ортига етаклади

«Нақд»и панжара ортига етаклади

Бугунги кунда ҳақиқий тадбиркорни иш бошлаганда кўриш керак. Бундай дейишимизнинг боиси, ушбу соҳани танлаганларнинг ҳаммаси ҳам ҳалол-пок бўлиб чиқавермас экан. Баъзилари дилига туккан қинғир режаларини амалга ошириш учун тадбиркор ниқобида фаолият олиб борар эканлар. Бу каби кимсалар нафс балосига йўлиқиб, амалдаги қонун ва ҳужжатларни буза бошлайдилар.

Шамшод Камоловнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) тадбиркорлик субъектини ташкил этиб, унинг ортида ноқонуний ишлар билан шуғулланишни мақсад қилгани қилмишларидан маълум бўлди. У 2017 йилнинг декабрь ойида Миробод туман тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш ягона дарча марказидан рўйхатдан ўтиб, қурилиш бўйича фаолият олиб борувчи «Plast сonstruction building» масъулияти чекланган жамияти ташкил этади. Мақсади ғаразли бўлгани учун жамиятга бошқа бир фуқаро, фақатгина ҳужжатларга имзо қўйиб турувчи Даврон Ҳосиловни «қўғирчоқ» раҳбар қилиб тайинлайди. Шундай қилса, гўёки келажакда ўзи жазодан четда қоладигандек.

Хўш, норасмий бошлиқ ишни нимадан бошлади? У энг аввало, ҳисоб рақамидаги пулларга қурилиш моллари сотиб олади. Кейин эса қалбаки шартнома, ишончнома ва юк хатлари асосида терговда шахсини аниқлашнинг имконияти бўлмаган турли шахсларга нақд пулга сотиб юборади. Нақд пулни эса банкдаги ҳисоб рақамига кирим қилишни хаёлига ҳам келтирмади. Боиси, ҳали олдинда асосий мақсад турарди-да.

Кўр-кўрни қоронғуда топади, деганларидек, Ш.Камолов қурилиш баҳонасида пул ўзлаштириш мақсадида юрган ташкилот раҳбарлари билан тез тил топишади. Улар билан шартномалар имзолаб, ушбу субъектларнинг буюртмаси асосида қурилиш ишларини амалга оширганлиги ҳақидаги сохта ҳужжатларни ҳам расмийлаштиради. Келишувга кўра, Ш.Камолов «хизмат ҳақи» учун ҳисоб рақамига ўтказилган пуллардан ўзининг фоизларини олиб қолиб, қолган пулларни нақд қилиб, бу каби кимсаларга қайтаради (мазкур шахслар ҳам тегишли тартибда жавобгарликка тортилган). Шартномада кўрсатилган қурилиш ишлари эса қоғозда қолиб кетаверади.

Хуллас, Ш.Камолов шу тариқа 2017 йилнинг декабрь ойидан 2018 йилнинг апрелига қадар 54 миллиард 81 миллион 148 минг сўмлик товар-моддий бойликларни юқоридаги каби сохта ҳужжатлар билан сотиб юбориб, пулларни банк­даги ҳисоб рақамига топширмасдан, «нақдлаштириш» билан шуғулланиб юраверади.

Натижада эса Ш.Камолов «товарсиз операциялар»ни амалга ошириб, давлатга тўланиши шарт бўлган 5 миллиард 479 миллион 289 минг сўм ягона солиқ тўловларини тўлашдан бўйин товлаган. Шунингдек, Ш.Камолов тегишли қонун ва ҳужжатларга кўра, лицензия олиб, кейин фаолият олиб бориши шарт бўлган хизмат тури билан  махсус рухсатнома олмасдан шуғулланиб келганлиги ҳам тергов жараёнида фош этилди. У шу тариқа аҳолига 2 миллиард 814 миллион 770 минг сўмлик ноқонуний транспорт хизмати кўрсатганлиги маълум бўлди.

Қилмишлари қонунларимизга хилоф эканлигини билган Ш.Камолов жавобгарликдан қутулиб қолиш мақсадида МЧЖнинг солиқ солинишига асос бўладиган молиявий ҳужжатлари ва бухгалтерия ҳисоботларини қасддан нобуд қилади.

Охир-оқибат савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини, талабларини қўпол равишда бузган Ш.Камоловнинг қилмишларига нисбатан жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида ҳукм ўқилди. Унга кўра, бу шахсга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. «Раҳнамо»сининг топшириқларини кўр-кўрона бажариб келган Даврон Ҳосилов ҳам суд ҳукми билан тегишли жазога тортилди.

Хуршиджон САНОЕВ,

Бош прокуратура бошқарма АМИБ терговчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: