Home /   / Mycиқa мaктaблapидa aҳвoл қaндaй?

Mycиқa мaктaблapидa aҳвoл қaндaй?

«Бекорчидан худо безор» дейди доно халқимиз. Вояга етмаганлар турли ножўя йўлларга кириб қолмаслиги учун уларни тўгаракларга жалб қилиш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш чораларини кўриш керак.

Таъкидлаш жоизки, кейинги уч йилда мамлакатимизда вояга етмаганлар ва ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш бўйича 40 дан ортиқ меъёрий ҳужжат қабул қилинди. 70 га яқин меъёрий ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Қонунчиликдаги бу ўзгаришлар ёшларимизнинг маънавиятини юксалтириш, уларнинг баркамол бўлиб вояга етишида муҳим аҳамият касб этади.

Карантин вақтида ёшларимизнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйи­ча республикамизда бир қанча ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Маданият вазирлиги тасарруфида 312 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 22 та ихтисослаштирилган маданият ва санъат мактаби ҳамда мактаб-интернатлар, 3 та академик лицей фаолият кўрсатиб, уларда 91913 нафар ёшлар 14 та йўналиш бўйича мусиқа ва санъат сирларини ўрганмоқда.

Прокуратура органлари томонидан Маданият вазирлиги тизимидаги болалар мусиқа ва санъат мактабларида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича қилинаётган ишлар ўрганилди. Унда таълим муассасаларида амалга оширилган ишлар билан бирга кадрлар билан таъминлаш, моддий-техник базадан самарали фойдаланишда бир қатор хато ва камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 16 февралдаги «Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори ижросига етарли эътибор қаратилмагани оқибатида республикадаги мусиқа ва санъат мактабларининг 6531 нафар (51,8 фоиз) ходимининг малакаси сўнгги 5 йилдан буён оширилмагани маълум бўлди. Шунингдек, айни вақтда мусиқа ва санъат мактабларида 604 нафар олий маълумотли ўқитувчи ва концертмейс­терга эҳтиёж мавжуд.

Мусиқа ва санъат мактабларида 862 нафар олий ва 236 нафар ўрта махсус маълумотли номутахассис ходимлар педагогик фаолият юритишига йўл қўйилган. Мисол учун, фуқаро М.А. Андижон саноат коллежини 2012 йилда саноат маҳсулотларини лойиҳалаш ва безатиш мутахассислиги бўйича  тамомлагани ҳақидаги сохта диплом асосида Андижон туманидаги 12-болалар мусиқа ва санъат мактабида 2012 йилдан буён ўқитувчи бўлиб ишлаб келган.

Таълим муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш, уларни замонавий жиҳозлар, ўқув қўлланмалари ва мусиқа асбоблари билан таъминлаш борасидаги ишлар ҳам кўнгилдагидек эмас. Масалан, мусиқа ва санъат мактабларига 688 та компьютер тўплами, 540 та принтер, 266 та мусиқа маркази, 214 тўплам овоз кучайтиргич, 148 та овоз оператори жиҳозлари етишмайди. Мактаб­ларда 112 та электрон доска, 169 та ҳайкалтарошлик дастгоҳи, 137 тўплам ёғоч ўймакорлиги дастгоҳи, 121 тўплам электр кулол дастгоҳи, 4200 та дарслик ва 2149 та чолғуга эҳтиёж мавжуд.

Болаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, умуминсоний ва миллий қадриятларни акс эттирувчи маданият билан таништириш мақсадида 312 та болалар мусиқа ва санъат мактабининг ҳар бирида 14 тадан йўналиш ташкил этилиши кўзда тутилган бўлса-да, айрим мактабларда улар тўлиқ ташкил қилинмаган. Мисол учун Шофиркон, Ғиждувон, Пешку, Жондор ва Қоракўл туманларида «театр санъати», Бухоро шаҳар, Бухоро, Когон ва Ромитан туманларида «халқ чолғулари» ва «академик хонандалик» йўналишлари йўқ.

Хонқа, Урганч, Бухоро, Когон, Пешку ва Шофиркон туманларида дамли ва зарбли чолғулар, қонун, чанг, гитара, виолончель, аккордеон, қўшнай ва танбур чолғулари бўйича мутахассис ўқитувчилар етишмаслиги боис ушбу йўналиш­ларга ажратилган мусиқа асбобларидан фойдаланилмаяпти.

Республика бўйича болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўқувчилар қамрови 182 фоизни ташкил этган бир пайтда, Термиз шаҳрида 46, Ромитанда 76, Пешкуда 77, Янгиқўрғонда 88 ва Когонда 94 фоиз.

Халқ таълими вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2008 йил 21 декабрдаги «Ота-оналар томонидан болаларнинг болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўқиши учун ҳақ тўлаш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги қарори талабига кўра камбағал оила фарзандлари тўловдан озод этилиши белгиланган бўлса-да, Қўрғонтепа туманидаги 4-болалар мусиқа ва санъат мактабида 13 нафар ўқувчидан асоссиз равишда бадал пули ундириб келинган.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан прокурор назорати ҳужжатлари қўлланиб,   3 та жиноят иши қўзғатилди.

Фарзанд – улуғ неъмат, шунинг баробарида Аллоҳ таолонинг омонати. Шундай экан, бу неъматга нафақат ота-она, балки унинг вояга етишига алоқадор бўлган ҳар бир шахс масъулдир. Яна шуни унутмаслик лозимки, ёшларимизнинг оилада, маҳалла, мактаб, лицей ва коллеждаги бўш вақтини мазмунли ташкил этиш келгусида давлатимиз ривожига ҳисса қўшишга қодир бўлган авлод шаклланишига хизмат қилиш билан бирга, турли салбий ҳолатларнинг олдини олади.

Абдуқаҳор Муллажанов,

Бош прокуратура бошқарма бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: