Home /   / Мўйноқда нима гаплар?

Мўйноқда нима гаплар?

Бугун ўзгариб бораётган Мўйноқ бутун жаҳон эътиборида. Чунки Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан БМТ ҳомийлигида Оролбўйи ҳудуди учун шериклик асосида Траст фонди ташкил этилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти қошида Оролбўйи халқаро инновация маркази, Оролбўйида инновацияларни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил қилиниб, денгизнинг қуриган тубида ўрмонзорлар, Амударё дельтасида кичик ҳовузлар барпо этилмоқда.

Мутахассисларнинг фик­рича, бу ҳудудда 42 йил давомида жами 400 минг гектарга саксовул экилган бўлса, ўтган йили 500 минг гектарга экилди, бу йил 700 минг гектар ерга чўл ўсимликларини экиш режалаштирилган.

Мўйноқни ривожлантириш, Орол фожиасидан жабр кўраётган аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш бўйича катта ишлар қилинди. Мўйноқ туманини 2019-2021 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривож­лантириш бўйича қабул қилинган давлат дастури асосида 1 трлн. 485 млрд. сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари олиб борилди. 2019 йили 8 та болалар боғчаси, 7 та мактаб, 4 та спорт зали, 6 та тиббиёт ва 8 та маданият объекти қурилди. Энг қувонарлиси, ҳамма шароитлар билан таъминланган икки қаватли «Ёшлар маркази» қад ростлади. Яқинда қурилиб, Мўйноққа ўзгача чирой бағишлаган курант вақтнинг ғаниматлигини англатиб тургандек гўё.

«Орол чекинса ҳам биз чекинмаймиз!». Бу туман ёшларининг шиори. Уларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглар эканмиз, «Келажак – ёшлар қўлида» деган гап топиб айтилганига амин бўламиз.

– Мен Мўйноқ фарзанди сифатида шуни фахрланиб айта оламанки, туманнинг кўкаламзорлаштирилиши, эски биноларнинг янгича кўриниш олгани, консерва заводининг қайта ишга тушиши, янги текстиль фабрикаси қурилгани ва бошқа биноларнинг фойдаланишга топширилиши Мўйноқ аҳолиси учун катта янгилик бўлди.

Ҳарбий хизматни тамомлаб, олий ўқув юртига кириш учун йўлланмага эга бўлдим. 2019 йил 28 декабрь куни Қорақалпоғистоннинг «Умид уч­қуни» кўкрак нишони билан тақдирландим, – дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети юридик факультетининг 1-курс талабаси Артур Саъдуллаев.

Бугунги кунда фидойи ёшлар гуруҳи Ўзбекистон экологик партияси аъзолари, аскарлар, ёш офицерлар ва тажрибали мутахассислар билан биргаликда Оролнинг қуриган тубида меҳнат қилмоқда. Албатта, биз юрт ривожига ҳисса қўшишдан толмаймиз.

Мўйноқ туманида қилинаётган иш­ларни ёшларга тушунтириш мақсадида йил бошидан бери 10 марта «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви, 3 марта «Ҳоким, прокурор ва ёшлар» учрашуви, 5 марта «Банк ва ёшлар» учрашуви ташкил этилиб, уларда икки мингдан ортиқ ҳамюртимиз қатнашди. Шунингдек, 6-15 февраль кунлари туман ёшлари билан сектор раҳбарлари учрашуви ўтказилди. Унда 750 киши иштирок этиб, 33 нафари ишга жойлаштирилди.

Бугунги кунда Мўйноқ тумани аҳолиси сони 31700 нафар, шундан 9553 нафари ёшлар. Туманда давлат раҳбарининг бешта муҳим ташаббуси бўйича ёшларнинг қизиқишларини аниқлаш мақсадида сўров ўтказилганда респондентларнинг 227 нафари маданият ва санъатга, 313 нафари компьютер технологияларига, 692 таси жисмоний тарбия ва спортга, 403 нафари эса китоб ўқишга қизиқиши маълум бўлди. Уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида туман экология ва «Орол денгизи тарихи» музейларига, «Мўйноқ текстиль» тикувчилик цехи, кемалар қабристони ва ҳунармандлар аллеясига саёҳатлар уюштирилди.

«Ёшлар – келажагимиз» давлат дастури асосида 2020 йилда бажариладиган дастур ишлаб чиқилди. Дастурга асосан 3 млрд. 931 млн. сўмлик 16 лойиҳа амалга оширилиб, 66 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Ҳозирги кунда эса кредитлар ажратилмоқда.

Спорт соҳасига келадиган бўлсак, Мўйноқда 21 та спорт зали, 47 та спорт майдончаси ва битта стадион бор. Ёшларнинг 3166 нафари (шундан 1216 нафари қизлар) спорт билан шуғулланмоқда.

Мўйноқ туманини 2019-2021 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури асосида 2019 йилда тўртта (иккитаси янги, иккитаси реконструкция қилинган) спорт объекти фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, «Тикўзак» ва «Учсой» овул фуқаролар йиғинида сунъий қопламали футбол майдончаси қурилди.

– Айни пайтда Мўйноқ тумани ҳудудида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилмоқда. Бу хайрли ишлар 2020 йилнинг 20 февраль куни бошланиб, шу кунга қадар 160 мингта кўчат экилди. Бу ишларда туман ёшлари ҳам фаол иштирок этмоқда, – дейди туман ҳокими Е.Еденбаев.

Албатта, юқорида таъкидлаб ўтилган ишларнинг барчаси туман аҳолиси яшаш шароитини яхшилашга қаратилган. Халқимизнинг бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги эса қийинчиликларни мардона енгиб ўтиш имконини беради.

Расул Халмуратов,

Бош прокуратура бошқарма бошлиғининг ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: