Home /   / Мўйноққа саёҳат

Мўйноққа саёҳат

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Мўйноқ туманини ривожлантиришда қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари учун Мўйноқ туманига инфотур ташкил этилди.

Инфотур иштирокчилари дастлаб сайёҳлар кўп келадиган даргоҳлардан бири – «Ҳоким ота» (Сулаймон Боқирғоний) мажмуасини зиёрат қилишди ва бу ерда ободонлаштириш, қурилиш ва реконструкция ишлари жадал суръатларда олиб борилаётганига гувоҳ бўлишди.

Бугунги кунда Мўйноқда экотуризм, этнотуризм ва гастрономик туризм йўлга қўйилган. Хорижликлар Орол денгизи, Устюрт текислигининг бугунги ҳолатини ўз кўзи билан кўриш учун ташриф буюрмоқда. Сўнгги пайтларда «Ралли Мўйноқ», «Стихия», «99 хил балиқ таомлари» сингари фестиваллар ҳам чет эллик сайёҳларни жалб этмоқда.

Мўйноқнинг марказий кўчасида замонавий типдаги қатор маданий, спорт ва маъмурий бинолар қурилди. Айниқса, «Book kafe», «IT-centre» ва спорт комплекслари доимо гавжум. «Мўйноқ текстил»да эса 150 га яқин хотин-қиз меҳнат қилаяпти.

Ҳозир Мўйноқ улкан қурилиш майдонига айланган. Айни пайтда 49 объектнинг қурилиши якунланиб, фойдаланишга топширилди. Яна 49 та объектнинг қурилиши давом этмоқда. Уларга қўшимча тарзда давлат дастурида назарда тутилмаган 11 та объект қурилди. 2019 йил ноябрь ойида «Қозоқдарё» ОФЙ ҳудудида 90 ўринли болалар боғчаси, сув тозалаш станцияси, курант минораси, кадастр бўлимининг бинолари фойдаланишга топширилди. Туман марказида оилавий поликлиника, Ёшлар маркази, ҳаммом, автостанция, консерва заводи ишга туширилиши кутилмоқда.

– Бош прокуратура ташаббуси билан тумандаги «Ҳоким ота» ОФЙ ҳудудида 4 млрд. сўмлик (75 та ўринга мўлжалланган) мактабгача таълим муассасаси, туман марказида 1,5 млрд. сўмлик ҳаммом ва 1,5 млрд. сўмлик автостанция қурилмоқда, – дейди Ўзбекистон Рес­публикаси Бош прокуратурасининг Мўйноқ туманини ривожлантиришда қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси прокурори  Мэлс Қосназаров.

Ҳақиқатан ҳам Мўйноқ туманида қилинаётган ишлар кўзни қувонтиради. Икки-уч йилдан буён Мўйноққа бормаган киши бу ерни танимай қолиши турган гап. Бу ўзгаришлардан аҳолининг ҳам кўнгли тўлиб, эртанги кунга ишончи ортмоқда.

Парахат Ҳабибуллаев,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: