Home /   / Мурожаат ортида инсон тақдири

Мурожаат ортида инсон тақдири

Бирор идора эшигига умид билан муаммосига ечим излаб келган фуқаро давлат ва жамиятга бўлган ишончни мурожаатига бўлган муносабатда кўради. Шундай экан, ҳар бир давлат хизматчиси ҳар бир мурожаатга унинг ортида инсон тақдири турганлигини унутмаслиги лозим.

Прокуратура органларида мурожаатлар билан ишлашда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун ва Бош прокурор буйруғи талабларидан келиб чиққан ҳолда улар тўлиқ, ўз вақтида ва холисона кўриб чиқилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда халқни рози қилишга устувор вазифа сифатида қаралаяпти.

2019 йилнинг ўтган даврида Яшнобод туман прокуратурасига жисмоний ва юридик шахслардан 3 732 та ариза ва шикоят келиб тушган. Бу 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 747 та кўп деганидир. Мурожаатларнинг 2318 таси туман прокуратураси томонидан ҳал қилинди. Қаноатлантирилган мурожаатлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 107 тага ортди.

Аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, муаммоларни аниқлаш ва жойи­да бартараф этиш мақсадида туман прокурори ва унинг ўринбосарлари томонидан мунтазам равишда сайёр ва оммавий қабуллар ўтказилмоқда. Асосийси, қабулларда фуқароларнинг бир неча йилдан буён ечимини топмаётган муаммолари ҳал этилаяпти. Мисол учун, жорий йилнинг сентябрь ойида “Мироншоҳ гранд транс” МЧЖ раҳбари С.Тошхўжаев Бош прокуратуранинг “Ишонч телефони” орқали мурожаат этиб, 2 та автобус сотиб олиш учун “Азия-моторс” МЧЖ­га 33 900 АҚШ доллари тўлаганини, лекин автобуслар белгиланган муддатда етказиб берилмаганини маълум қилган. Мурожаатида у пулини қайтариб олишда ёрдам беришни сўраган.

Ўрганиш давомида унинг важлари тўғри эканлиги тасдиқланди. Туман прокуратурасининг аралашувидан сўнг мурожаат қаноатлантирилиб, “Азия-моторс” МЧЖ ҳамда “Yutong Honkong Limited” корхонаси раҳбарлари томонидан 33 900 АҚШ долларининг тўлиқ қайтарилиши таъминланди.

Бундан ташқари, Навоий шаҳридаги Б.Садовая кўчасида яшовчи А.Салимовнинг Бош прокуратурага “pm.gov.uz” орқали қилган мурожаати ҳам ҳал этилди. Унда отасининг 4-шаҳар клиник шифохонасида вафот этгани юзасидан ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома берилишида (отасининг мурдасини эксгумация қилмасдан туриб) ёрдам кўрсатиш сўралган.

Таъкидлаш керакки, муаллифнинг ушбу масалада мутасадди идораларга йўллаган кўплаб мурожаатлари ечимини топмаган. Ариза ўлим ҳақидаги текшириш материали билан ўрганиб чиқилганда, фуқаро ҳақ бўлиб чиқди.

Ўрганиш давомида ўлимнинг сабабини аниқлаш мақсадида тиббий экспертиза тайинланди. Экспертиза хулосасига кўра ҳаёти давомида орттирилган касалликлар унинг ўлимига тўғридан-тўғри боғлиқлиги аниқланди.

Туман прокуратурасининг аралашуви билан туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими томонидан ўлим ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштириб берилиши таъминланди.

Мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишбилармонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ҳам алоҳида аҳамият берилмоқда. Жумладан, ноябрь ойида тадбиркор К.Олимжонова фаолиятини кенгайтириш учун банкдан 185 млн. сўм кредит олишда ёрдам сўраб мурожаат қилди. Унинг мурожаати тезкорлик билан ҳал қилинди. Шунингдек, тадбиркор Н.Солихўжаеванинг мурожаати асосида унга ҳам 60 млн. сўм кредит олишда ёрдам кўрсатилди.

Олимжон АЗИМОВ,

Яшнобод тумани прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: