Home /   / Мурожаат ортида инсон тақдири

Мурожаат ортида инсон тақдири

Халқимиз нисбатан тортинчоқ, маданиятли, ориятли. Ҳар нарсага эшикма-эшик юриб дардини достон қилавермайди. Лекин сабр-тоқатнинг ҳам чегараси бор. Инсон очликка чидаши мумкин, лекин ноҳақликка чидамайди. Қорнимга эмас, қадримга йиғлайман деган гап бежиз айтилмаган.

Фуқароларимиз ҳам қонуний ҳуқуқлари бузилса, муаммолари мутасадди идораларда вақтида ҳал этилмай сарсон бўлса, ҳақиқат излаб прокуратура органларига мурожаат қилади. Чунки прокуратурада ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайди ва қонуний ҳал этилади.

Ўтган йили Самарқанд вилояти прокуратураси органларига 38211 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 25194 таси кўриб чиқилди. 2631 таси қаноатлантирилди, 22339 таси бўйича тушунтириш берилди. Амалдаги қонунчиликка мос келмагани учун 224 таси рад қилинди, 207 таси кўрмай қолдирилди. 12487 таси тегишлилиги бўйича ҳал этиш учун бошқа ташкилотларга юборилди. Кўрилган чоралар натижасида 1593 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланди. Фуқаронинг бузилган ҳуқуқи тикланишининг ўзи адолат тантанасидир.

Вилоят прокуратураси органлари томонидан мурожаатларни ўз вақтида, тўлиқ ва холисона кўриб чиқиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга алоҳида эътибор бериб келинмоқда.

Ўтган йили 15200 нафар фуқаро, шундан 6022 нафар жисмоний шахс ва юридик шахсларнинг вакиллари шахсан прокурорлар, 3911 нафари прокурор ўринбосарлари томонидан қабул қилинди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг 5750 нафар вакили бевосита меҳнат жамоалари ва яшаш жойларида қабул қилинган. Бу амалиёт ҳам одамлардаги ишонч ва ҳурмат ҳиссини юксалтиради.

Шунингдек, вилоятдаги корхона ва ташкилотлар, муассасаларда «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун ижроси юзасидан текшириш ўтказилди. Текшириш натижасига кўра 111 та ноқонуний ҳужжатга протест келтирилди. Қонун бузилишини бартараф этиш ҳақида 29 та тақдимнома киритилди. 58 киши маъмурий, 59 киши интизомий  жавобгарликка тортилиб, фуқароларга етказилган 302 млн. 196 минг сўмлик зарар ихтиёрий қопланди. 400 млн. 654 минг сўмлик зарарни ундириш борасида судларга 78 та даъво аризаси киритилди ва жиддий қонунбузилиш­лар юзасидан 23 та жиноят иши қўзғатилди.

Аҳоли билан мулоқот қилиш, муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида йил давомида Бош прокуратура раҳбарияти томонидан вилоятда 10 марта сайёр қабул ташкил этилди. Уларда 1800 га яқин фуқаро қатнашиб, 756 кишига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилди ҳамда 1044 та мурожаат қабул қилинди.

Мурожаатларнинг 313 таси қаноатлантирилди, 620 таси бўйича тушунтириш берилди.

Сайёр қабул жараёнида 136 нафар фуқаро турли жойларга ишга жойлаштирилиб, 31 кишига ногиронлик аравачаси, 23 кишига қўлтиқтаёқ, 16 фуқарога эшитиш мосламаси, 9 нафарига даволаниш учун имтиёзли ордер, 17 нафар фуқарога бошқа турдаги  ёрдам кўрсатиш таъминланди.

Каттақўрғон шаҳрида яшовчи Ж.Ортиқов Бош прокурорнинг сайёр қабулида «Ёшлар – келажагимиз» давлат дастури доирасида 1 млрд. 380 млн. сўм кредит олишда ёрдам сўраган. Ушбу мурожаат Каттақўрғон шаҳар прокуратураси аралашуви билан қаноатлантирилиб, кредит ажратилиши таъминланган.

Шунингдек, Ургут туманида яшовчи З.Суюнов Бош прокурорнинг сайёр қабулида аҳолининг тоза сув, электр энергияси билан узлуксиз таъминланиши ҳамда асосий йўлнинг асфальтланиши масаласида ёрдам сўраган.

Ургут тумани прокуратурасининг аралашуви билан Нисбот қишлоғида ўнта янги бетон устун ўрнатилиб, 500 метр сим тортилди ва аҳолига электр энергияси етказиб бериш сифати яхшиланди. Иккита артезиан қудуғи қазилиб 200 та хонадон тоза сув билан таъминланди. 1,8 км. йўлга асфальт ётқизилди.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Энг муҳими, фуқаролар биринчи мурожаат қилган идора масъуллари уларни яхшилаб тинглаб, муаммосини вақтида ҳал қилса, одамлар бошқа идораларга қатнаб овора бўлмайди. Шунингдек, жойида осонгина ҳал этилиши мумкин бўлган муаммолар қайсидир масъул шахснинг лоқайдлиги туфайли вилоят ёки республика даражасига олиб чиқилиб, ҳал этилиши ҳолатлари камаяди.

Умит Умаров,

Самарқанд вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: