Home / Жиноят ва жазо / Мулк талашган ўгай она қисмати

Мулк талашган ўгай она қисмати

Содир этиладиган маиший турдаги жиноятларнинг аксарияти маънавий қашшоқликка бориб тақалади. Афсуски, меҳр-оқибат ўрнида урчиган молпарастлик, мол-дунё талашиш ота-бола, ака-ука, опа-сингилларни юзкўрмас қилиб юбораётган бўлса, эр-хотин ўртасидаги мулк талашишлар баъзан аянчли якун топмоқда. Гумроҳлик, молпарастлик, пулга сажда қилиш иллати оилаларнинг дарз кетиши, қўйди-чиқдилардан ташқари билвосита оғир жиноятларни келтириб чиқармоқда.

Бағдод туманида Холдорали Собитов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) уч марта уйланган. Биринчи хотинидан бир ўғил, иккинчисидан бир қиз фарзандли бўлган. Учинчи марта 2009 йили турмушидан ажрашган Зиёдахонга шаърий никоҳ ўқитиб, уйланганида тўнғич ўғли Ғиёсбек ўн олти ёшда эди. Ўгай она дастлаб бегоналигини билдирмаётгандай туюлди. Кичкина синг­лисининг бошини силаётгандай, меҳр кўрсатаётгандай бўлди.

Ғиёсбек болалигидан рўзғор юмушлари билан банд, мол-холга қарар, шу боис ўқишга иштиёқи ҳам, вақти ҳам йўқ эди. Отасининг: «Энди катта бўлиб қолдинг, ҳадемай уйланасан, битта уй-жой қурмасак бўлмайди», деганида унинг сўзини икки қилмай 2011 йили хорижга ишлагани жўнади. Икки-уч йилда бир марта уйга келиб кетди. Хорижда ишлаб, юбориб турган пуллари ўгай онанинг хамёнига келиб тушарди. 2016 йили ўгай онаси Зиёдахоннинг хоҳиш-иродаси билан отаси Холдорали ФҲДЁ бўлимида ўзаро никоҳини расмийлаштирди.

2017 йили Ғиёсбек хориждан  қайтгач, ўгай онасидаги пулларини сўраб олиб, ота ҳовлисидаги янги уйни қуриб битказди. Сапурахонга уйланди.  Ўғил фарзанд кўрди. Қассобхонада ишлаб рўзғор тебратарди. Бироқ уйининг тинчи бузилди. Ўгай она билан келин ўртасида ғиди-бидилар газаклаб, уриш-жанжал авж олаверди. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси, фаоллари Ғиёсбекни, келин ва Зиёдахонни бир неча бор яраштиришди.

Жанжаллардан бирида Холдорали ётоқхонасидан ўғли Ғиёсбек хориждан жўнатган, сўраганида Зиёдахон бермасдан яшириб қўйган пулларни топиб олди. «Мол аччиғи, жон аччиғи» деганларидай, алдамчи хотинини ҳайдаб солди.

Отасиникига кетган Зиёдахон ҳовли-уйдаги ҳаққини талаб қилиб, фуқаролик судига ариза берди. Холдоралининг аризани қайтариб олишни, қайтадан бирга яшашни сўраб қилган илтижоларини, МФЙ раиси ва фаоллларининг яраштиришга уринишларини назар-писанд қилмади. Ғиёсбек ўгай онаси ҳовлидаги эски уйни ажратиб олишига рози бўлди. Бироқ «иштаҳаси очилган» Зиёдахон виждонсизларча Ғиёсбек ўзга юртларда ишлаб, минг машаққат билан топган пулига қурган, оиласи билан яшаётган янги уйга даъво қилди. Фуқаролик суди аёлнинг даъвосини қаноатлантирди. У уйга киритиб қўйилди.

Куз фасли, октябрь ойининг ўрталари, кечки пайт соат бешларда  Холдорали Зиёдахонни кўндиргандай бўлди, қайтадан шаърий никоҳ ўқитиш учун масжиддан имомни олиб келишга чиқиб кетди. Ёлғиз қолганларида Зиёдахон Ғиёсбекдан янги уйни бўшатиб қўйишни талаб қилди. «Отангга қўшиб кўчага чиқариб қўяман, уйни сотиб кетаман», дея чўғга мой сепди. Дарғазаб Ғиёсбек: «Ҳали уйимни тортиб оладиган сенми», деб тўрва халтасидаги, қассобхонада ишлатадиган пичоқни чангаллаб ўгай онанинг дуч келган жойига санчаверди. Кейин ҳушини йиғиб, амакисига телефон қилди. Амакиси етиб келиб уни ИИБга бошлаб борди.

Қилмишига қисман иқрор бўлган, уй можароси туфайли ўгай онани шафқатсизларча ўлдирган 27 яшар Ғ.Собитов 17 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Алишер Бобохўжаев,

Фарғона вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: