Home /   / Муаммонинг илдизи қаерда?

Муаммонинг илдизи қаерда?

AKS SADO.

«Huquq» газетасининг 2019 йилдаги 5-сонида чоп этилган «Икки дилбандининг жонига қасд қилган она» сарлав­ҳали мақолани ўқиганимда, инсоннинг бу даражада разолатга ботгани мени ларзага солди. Шу ўринда келтириб ўтиш лозим, ўз жонига қасд қилишнинг оғир гуноҳ экани, унга тайинланган жазодан ҳам маълумдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирса, қиёмат кунида ўша заҳари қўлида, уни ичган ҳолда жаҳаннам оловида абадий қолади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ўша темир парчасини қорнига суққан ҳолида жаҳаннам ўтида абадий қолади. Ким тоғ тепасидан ташлаб, ўзини-ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Ўзини бирор нарсага уриб ўлдирган кимса, дўзахга ўзини уриб азоблайди. Ўзини ўзи бўғиб ўлдирган кимса, жаҳаннамда ҳам ўзини бўғиб азоблайди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Мазкур воқеага сабаб динсизлик эмасми? Чунки дин инсонни юмшоқ кўнгилли, меҳрибон, раҳмдил, шафқатли, камтар, хокисор ва беозор қилиб қўяди. Шунинг учун ҳам ҳақиқий диндор жиноят содир этмайди. Аксинча, айрим динсизлар ўзганинг жонига қасд қилишдан тап тортмайди.  Бу воқеага яна бир сабаб маърифатсизлик. Инсон зотининг энг катта муаммоси жоҳилликдир. Чунки диндор маърифатсиз бўлса унинг диндорлиги фойда бермайди. Зотан, ўзининг дини тўғрисида саводсиз бўлиши, унинг нодон эканига кифоя қилади. Нодон эса ҳар қандай жиноятни қилишдан хижолат бўлмайди. Негаки, у жиноят қилишига унинг нодонлиги кифоядир. Шунинг учун ҳам фарзандни болалигиданоқ нафақат дунёвий, балки диний илмларнинг ҳам билимдони қилиб тарбиялаш керак. Чунки Раббисини таниган банда осийлик қилмайди. Бунинг учун эса бандаларнинг қалбига Аллоҳнинг муҳаббати жо бўлишининг ҳаракатини қилиш керак.

Афсуски, ҳали жамиятимизда аёллар ичида арзимаган сабаблар билан норасида гўдаклари ва ўзининг жонига қасд қилиш ҳолатлари учраб турибди. Бундай муаммоларнинг яна бир сабаби руҳий тушкунликка берилаётган инсонларга яқинлари ўз вақтида эътибор бермаслиги, бепарволик, уни қийнаётган, жавобини топа олмаётган масала ечимининг ҳал қилинмаслигидир. Шунинг учун, барчамиз бир-биримизга нисбатан масъул эканимизни унутмайлик. Ўзаро эътиборли, меҳр-оқибатли бўлайлик.

 

Баҳодир МУҲАММАДИЕВ,

Тошкент шаҳридаги «Кулол-Қўрғон» жоме масжиди имом-ноиби

 

Одам борки…

 

Ҳазрат Алишер Навоийнинг шундай сатрлари бор:

Одам борки, одамларнинг нақшидур,

Одам борки, ҳайвон ундан яхшидур.

«Huquq» газетасининг 2019 йилдаги 5-сонида чоп этилган «Икки дилбандининг жонига қасд қилган она» сарлавҳали мақолани ўқир эканман, юқоридаги мисралар хаёлимдан ўтди.

Инсон ҳаёти давомида кўплаб мураккаб вазиятларга дуч келади. Шунда икки йўлдан бирини, яъни яхшилик ёки ёмонликка олиб борувчи йўлни танлашга тўғри келади. Бу эса инсонннинг маънавий дунёсига боғлиқ бўлади. Маънавий олами носоғлом инсонлар мақола «қаҳрамонлари» каби инсон ақлига сиғмайдиган жиноятларни амалга оширади.

Улар кабиларни инсон десак, бетоб фарзанди учун буйрагини, жигарини бераётган ота-оналар, вафот этган турмуш ўртоғининг хотираси учун ҳаёт машаққатларига бардош бериб, бошқа турмуш қилмаган аёллар, яқинларининг, қариндошларининг ор-номусини, ташвишини ўзиники деб билувчи эркаклар ранжимасмикин?!

Уларни ҳайвон десак, агар ҳайвонларнинг тиллари бўлганда: «Улар биздек эмас, биз болаларимизни ўлдирмаймиз», деб жар солишган бўларди.

Эрининг бошқа хотини борлигини билгач, бошқа бир эркак  (эрининг жияни!)нинг қучоғидан паноҳ қидирмасдан, ўз ҳаёти учун курашса, касб-ҳунар билан шуғулланиб, обрў қозонса, балки вақти келиб қизлари бўй етганда уларни «Ёр-ёр»лар билан узатган бўлармиди?!

Аслида оила деб аталмиш муқаддас даргоҳга хиёнат қилган, қариндошини йўлдан урган, норасида фарзандларининг қотилига айланган аёлга 13 йиллик жазо кам эмасмикин?!

Падаркушнинг ҳаёти олти ой дейишади, қотил онанинг умри-чи?! Қанча экан?!

 

Ҳилола Дўстқобилова,

Шаҳрисабз туманидаги 45-умумтаълим мактаби ўқитувчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: