Home /   / Муҳтожгами, ё чўнтакка?

Муҳтожгами, ё чўнтакка?

  Имконияти чекланганларга ғамхўрлик қилиш, уларга кўмаклашиш халқимизга хос азалий қадриятлардан. Шу боис ҳам кучли ижтимоий ҳимоя, кам таъминланган оилалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб турмуш шароити яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Юртимиздаги тегишли қонун ва ҳужжатларга асосан оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган муҳтож оналарга арзон уй-жойлар имтиёзли кредит асосида берилмоқда. Аммо, бу ишларга мутасадди айрим шахслар шу каби муҳтож фуқаролардан ҳам пул ундирмоқчи бўлишди.

Фуқаро Дилдора Расулова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам Термиз шаҳрида «Аму соҳил» маҳалласи ҳудудида қурилаётган кўп қаватли уйлардан хонадон сотиб олиш учун шу ҳудудга келганида, мазкур уйларни қураётган МЧЖ раҳбари Ҳосил Сайрамовга рўпара бўлди. Икки томон ўртасидаги ўзаро суҳбатларда, Д.Расулова шу қурилаётган уйлардан бир хонадон олиши кераклигини билдирди. Ҳ.Сайрамов эса ҳокимиятда танишлари борлиги, агар «харажати»дан қочмаса, мазкур уйлар берилиши керак бўлган фуқароларнинг рўйхатига киритиб қўйишини айтди. Ўзи муҳтожликда яшаётган Дилдора бу гапни эшитиб, ҳайрон бўлди ва «харажати»и қанча бўлиши билан қизиқди. Ҳ.Сайрамов 400 АҚШ доллари берса, шу уйлар қуриб битказилиши билан бир хонадон эгаси бўлиши мумкинлигини айтади. Д.Расуловада бунча пул йўқ, аммо у қариндош-уруғ, таниш-билишларидан қарз кўтариб туришни хаёлидан ўтказиб, жамият раҳбарининг талабига рози бўлди.

Д.Расулова билан хайрлашган Ҳ.Сайрамов Термиз туман ҳокимиятида мутахассис бўлиб ишлайдиган таниши Шокир Холиқуловга қўнғироқ қилиб, бир танишини уй олиш учун рўйхатга қўйиш кераклигини айтди. Хизмат ҳақи эвазига 300 АҚШ доллари олишини ҳам гап орасида қистириб кетади.

Ҳ.Сайрамов сўраган пулларни топа олмаган Д.Расулова МЧЖ раҳбарининг ноқонуний талаби ҳақида тегишли жойга ариза билан мурожаат қилди. Департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси ҳамда Термиз шаҳар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Ҳ.Сайрамов аризачидан 400 АҚШ долларини олган пайтда ушланди. Шундан сўнг тадбир давом эттирилди. Ҳ.Сайрамов олган пулларидан 100 АҚШ долларини ўзида олиб қолди ва 300 АҚШ долларини жиноий шеригига олиб бориб берганда Ш.Холиқулов ҳам ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Уй-жойга муҳтож бўлган аёлдан фирибгарлик йўли билан пул ундирмоқчи бўлган икки шахсча жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судида ҳукм ўқилди. Унга кўра, Ш.Холиқулов ва Ҳ.Сайрамовга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Муҳаббат ПРИМҚУЛОВА,

Департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси катта инспектори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: