Home / Тавсия этимиз / Mуҳтoж aëл poлидa

Mуҳтoж aëл poлидa

«Менга ёрдам керак. Карантин қоидаларига амал қилиб, уйда ўтирибман. Бугун икки фарзандим билан дастурхонимиздаги охирги нонни еб бўлдик. Бизга ёрдам берсаларингиз беринг, акс холда ижтимоий тармоққа чиқиб, сизларни обрўсизлантиришга мажбур бўламан. Шу бугун менга озиқ-овқат олиб келинг. Манзилимни маҳалла раисидан сўрасаларингиз айтади. Ўзи бераётган маҳсулотларингиз истеъмолга яроқлими? Менга олиб келадиган нарсаларингизнинг дезинфекциясини кўз ўнгимда, уйимга олиб келганингизда қилиб беришсин».

Туманда ташкил этилган хайрияларни мувофиқлаштириш марказига келган ушбу хабар мутасаддиларни эътиборсиз қолдирмади. Хабар эгасини астойдил изладик, сўраб-суриштирмаган маҳалламиз қолмади. Аммо камбағал, ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар орасидан мурожаатчини тополмадик. Фақат вақтимиз кетгани, ишимиз самарасиз бўлгани учун асабимиз бузилгани қолди.

Орадан уч кун ўтиб, худди шу рақамдан яна бир хабар келди. Буни қаранг, биз кўпайлашиб излаб тополмаган аёлнинг 1197 рақамига қўнғироқ қилгани маълум бўлди. Аниқланган манзил бўйича мурожаатчининг уйига йўл олдик. Маҳалла раиси бошлаб келган дарвоза ёнида турган сўнгги русумдаги автомашина, данғиллама хонадон мурожаатчига тегишли экан. Олиб келган хайриямиз билан дарвоза ҳатлаб кирар эканмиз, ҳовли четида боғлаб қўйилган ит акиллагач, ўзига оро берган аёл уйдан чиқиб келди. Марказда хизмат қилаётган кўнгиллилар опага олиб келинган маҳсулотларни бериш чоғида дашном ҳам эшитиб қолишди.

– Нима, сизларга қилинган мурожаат бир ҳафтада етиб борадими? Оёғим бозорга етганда, сизларга хабар юбориб ётмасдим. Шаҳар марказида яшасак-да, бозорга, дўконларга чиқмасдан, карантин қоидаларига амал қилиб уйда ўтирибмиз. Бу маҳсулотларингиз ўзи сифатлими? Яроқлилик муддати тугаб қолгани йўқми? Ие, шошманглар. Мен маҳсулотларни кўз ўнгимда дезинфекция қилиб беринглар дегандим-ку. Чақиринглар, бу маҳсулотларни дезинфекция қилиб берганларингдан кейин оламан. Унгача сизлар ҳам кетмайсизлар. Ўзи берадиган нарсаларингиз мунчагина, яна расмга туширишларинг нимаси? Мени, ҳовлимизни расмга туширманглар. Боз устига берган нарсаларинг уч кунгагина етади, менга бир ойга етадиган маҳсулот ташлаб кетинглар. Йўқса, яна ижтимоий тармоққа Президентимиз қарорига қарши бўлишаяпти, ночор оилаларга ҳеч ким эътибор бермайди деб чиқаман-да барингни шарманда қиламан. Асл башараларингни бутун дунё кўради. Ночоргина, ёрдамга муҳтож аёл ролини ўйнаш менга қийинлик қилмайди.

Тўғриси, аёлнинг гаплари сабр косамни тўлдириб юборди. Раиснинг хатти-ҳаракатидан билдимки, аёлга гапириш, вазиятни тушунтириш бефойда. Марказнинг бир кунлик иши ҳақидаги хисоботни расми билан топширдим. Навбатдаги топшириқни бажарар эканман, мансабдорлардан бири қўнғироқ қилиб ёнига чақирди. Қўлимга охирги борган манзилимизнинг суратини тутқазар экан, «Бу суратларни иловага қўшманг. Бугунги маълумотлар учун ўнта сурат етади. Ўн биринчиси эса ортиқча» деди. Табиийки, бу гап менга ёқмади. Шу расм қолиши, нима учун олиб ташлашим кераклигини сўраб астойдил тортишдим. Қайсарлигимни тушунди шекилли, ака шу хонадон соҳиби, аёл эса турмуш ўртоғи эканлигини айтишга мажбур бўлди.

Эртасига аёл қилмишидан пушаймонлигини айтиб, берган маҳсулотларимиздан ортиғини олиб келиб, хайрияларни мувофиқлаштириш марказига топшириб кетди. Ўша куни тумандаги 38 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага хайриялар етказиб берилди.

Орамизда ижтимоий тармоқларда давлатимиз кўрсатаётган эътибор ва меҳрни нотўғри талқин қилиб, ношукурлик қилаётганлар ҳам йўқ эмас. Коронавирус пандемиясини енгишимиз учун юртимизда етарлича эътибор кўрсатилиб, хайриялар қилинаяпти. Ҳуқуқимизни билганимиздек, бурчимизни ҳам англаб етган ҳолда борига қаноат қиладиган вақт келди назаримда.

Эҳ, эл бошига иш тушган чоғда айрим ватандошларимизнинг асл юзи очилиб қолмоқда. Биздан фақат уйда қолиш сўралмоқда. Оддий халқ карантин қоидаларига имкон қадар амал қилмоқда. Аммо айрим мансабдорларнинг фарзандлари, қариндош-уруғи-ю таниш-билиши карантин талабларини бажаришга ҳаракат ҳам қилаётгани йўқ.

Нега дейсизми, зарур юмуш билан кўчаги чиққудек бўлсангиз катта йўлда фақатгина сўнгги русумдаги, рақамлари бир хил автомашиналарни учратасиз. Яёв кетаётганингизда деразасига парда тутилган машина ёнингизда тўхтаб, манзилингизга етказиб қўйиш эвазига икки ҳисса нарх айтади. Бу ниманинг белгиси?! Қачон оғир кунда бир-бирини таламайдиган, аксинча, қўллайдиган халққа айланамиз?

Нигина ШОЕВА,

журналист

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: