Home /   / Молиявий қўллаб-қувватлаш жараёнидаги қинғирликлар

Молиявий қўллаб-қувватлаш жараёнидаги қинғирликлар

Қишлоқ хўжалиги соҳасида хомашё етиштиришдан тортиб тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача ихтисослашган кластерлар ташкил қилинмоқда. Ерларнинг захини кетказиш, унумдорлигини ошириш учун кенг кўламли иррригация-мелиорация ишлари амалга оширилаяпти.

Фермер хўжаликлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Вилоят прокуратураси соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлаш, қонун бузилишларини бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олиш борасида доимий иш олиб бормоқда.

Ўзбекистон Президентининг «Ҳосилдорлиги паст бўлган ерларда давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган низом ижросининг таҳлилларида эътиборга молик ишлар билан бирга бир қатор қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилгани ҳам маълум бўлди. Низомда белгиланганидек, ер участкасининг ҳосилдорлиги тупроқ таркиби, ундаги гумус миқдори, шўрлангани, тошлоқлиги, зичлиги, гипслилик даражаси, ер остидаги тош қатлами ва сизот сувларининг сатҳи каби кўрсаткичлардан келиб чиққан ҳолда 100 балли шкала бўйича тавсифланади. Бонитет баллари ер ҳосилдорлигининг мезони ҳисобланади. Ўртача бонитет бали 60 дан кам, ҳосилдорлиги паст ерларда пахта етиштириш учун фермер хўжаликларига молиявий ёрдам кўрсатилмоқда. Вилоят миқёсида ана шундай 2758 та фермер хўжалигига 22 миллиард 890  миллион сўм маблағ ажратиб берилган.

Ушбу жараёнда Бағдод, Қўштепа, Қува, Бувайда ва Бешариқ туманлари ҳокимликлари ҳузурида ташкил этилган фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш бўйича ишчи комиссиялари низом талабларига риоя қилмаган ҳолатлар аниқланди. Бонитет баллари асоссиз камайтириб кўрсатилиши натижасида Бағдод туманида 33 та фермер хўжалигига 120 миллион 550 минг сўм маблағ қонунга зид равишда ортиқча тўлаб юборилган. Хусусан, комиссиянинг янглиш ҳисоблаши оқибатида  «Х.Ҳазиний Эшонбува» ММТП ҳудудидаги «Ширинжон Бағдод» фермер хўжалигига ерининг бонитет бали 59,2 бўлса-да, ҳужжатларда 54 балл кўрсатилиб, 10 миллион 837 минг сўм ортиқча пул тўланган. Бонитет баллари нотўғри ҳисобланиши натижасида 12 та фермер хўжалигига асоссиз 44 миллион 564 минг сўм тўланган.

Худди шундай қонун бузилишига Бувайда туманида ҳам йўл қўйилган. Ҳосилдорлиги пасайтириб кўрсатилган ерлар учун 28 та фермер хўжалигига 14 миллион 826 минг сўм, иккита фермер хўжалигига эса аслида бонитет бали 60 дан юқори бўлган ер майдонлари учун 5 миллион 722 минг сўм тўлаб юборилган.

Комиссиялар қонунга зид равишда бонитет балларини камайтириб ҳисоблаши оқи­батида Қўштепа туманида 6 та фермер хўжалигига 17 миллион 401 минг сўм, Қува туманида 4 та фермер хўжалигига 6 миллион 97 минг сўм, Бешариқ туманида 1 та фермер хўжалигига 5 миллион 731 минг сўм маблағ ўтказиб берилган.

Аксинча, ернинг бонитет бали асоссиз кўпайтириб кўрсатилиши натижасида Ёзёвон туманида 2 та фермер хўжалигига 2 миллион 28 минг сўм кам берилган. Хусусан, «Ёзёвон» массивидаги «Лутфуллахон Тўрахон файзи» фермер хўжалигининг бонитет бали 43 бўлгани ҳолда 47 балл деб хулоса берилиши оқибатида хўжаликка 1 миллион 772 минг сўм  кам тўланган.

Вилоят прокуратурасининг назорат тадбирлари давомида  67 та ҳолатда ер бонитет бали асоссиз камайтириб кўрсатилиши натижасида ортиқча тўланган 157 миллион сўм ундирилиб, бюджетга қайтарилиши таъминланди.

Рустам Мелибоев,

Фарғона вилоят прокуратураси бўлим прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: