Home / Жиноят ва жазо / Митти юракдаги жоҳиллик

Митти юракдаги жоҳиллик

«Болаларинг сенга қандай муносабатда бўлишини истасанг, ота-онангга ҳам шундай муносабатда бўл». «Отадан ёш қолган — ақлдан бўш қолган».

Донишмандларнинг асрлар оша ўз исботини топиб, янада қадри ошиб келаётган бу каби ҳикматлари бисёр.

Ҳа, нафақат бизда, балки  ер юзининг ҳамма жойида, ҳар бир халқда ота-онанинг розилигини олиш фар­занд­нинг асл бурчи саналади.

Ҳаётимиз давомида турли синовларга дуч келамиз. Уларни енгиб ўтишда ортимизда тоғдек суянчимиз — ота-онамиз далда бўлади. Бахтли кунимизда чиндан суюнса, бахтсизлигимизда эса ғамга чўмадиганлар ана шу зотлардир.

Бекзод Салимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳали мактаб ўқувчиси. Лекин ота-онаси бўлса-да, тўкис оилавий ҳаётни кўрмади ҳисоб. Унга кўпроқ шу алам қиларди. Дўстларининг оилавий ҳаётига ҳавас қиларди. Отаси Зокир Салимов 2001 йилдан бери Россияга бориб ишлаб келади. Бир неча йилдан бери онаси ҳам Туркия давлатига ишлашга кетадиган бўлди. Бекзод оилада катта ўғил. Опаси шаҳарда. Бекзод билан укаси амакисининг қарамоғида қолади.

Куз ойлари эди. Зокир Россиядан қайтди.

— Уйингда хотининг ҳам йўқ. Ош-овқатдан қийналасан. Эрталаб нонуштага бизникига келавер, — деди Шокир укасига.

Ўша куни Зокир спиртли ичимлик ичиб маст бўлиб қолди. Кечқурун ўғлидан:

— Телефонингни бериб тур, — дея ўғлининг телефонини олиб анча пайт гаплашди.

Бекзод дадасининг сўзларини аниқ эшитмаса-да, аёл киши билан гаплашаётганини англаб турарди. Шу топда ўтган йили дадаси билан аясининг кўп марта тортишувларига сабаб бўлган аёл эсига тушди. «Дадам ҳали ҳам онамга хиёнат қилаётган экан», деган хаёлга борди. Айни дам отаси кўзига разил кимса бўлиб кўриниб кетди. Ўзини тутолмай отасига юзланди:

— Ким билан гаплашдингиз?

Ичкилик таъсиридаги отага ўғлининг саволи ёқмади. Жаҳл отига минди.

— Сен мени сўроқ қиляпсанми? Мени тергашга нима ҳаққинг бор, — деди бақириб. Ўғлини ҳақоратлади, юзига шапалоқ тортиб юборди. Ховуридан тушиш учун ташқарига чиқиб кетган ота кўп ўтмай яна уйга кирди. Ўғил эса дадасига ўчакишдан тоймади.

— Аёл киши билан гаплашганингизни яхши биламан. Ким эди у аёл? — деди яна отасини сўроққа тутиб.

Ўғилнинг саволига жавобан ота қўлига эрк бермади. Сўкина-сўкина жойига кириб ётди.

Эрталаб жанжал яна давом этди. Бошни гаранг қилаётган ичкилик таъсири каби тунда ўғлининг уни сўроққа тутгани миясини ғовлатган, чамаси, Зокир эрта тонгдан заҳрини сочди.

— Сени тилинг чиқиб қолибдими? Кеча менга нима қилиқ кўрсатдинг, сен бола!.. Тур йўқол. Уйга қайтиб келма, қайтиб қорангни кўрмай бу ерда!..

Бекзоднинг дадасидан эшитган охирги гапи шу бўлди. У уйидан чиқиб кетди. Кечаси синфдошиникига бориб ётди.

Кейинги кунлари отасининг кўзига кўринмаслик учун тонг саҳар уйидан чиқиб, ярим кечаси келадиган бўлди. Бу орада ўғилнинг юрагида падарига нисбатан нафрат ва адоват олови алангалаб боради ва куни келиб ақлини ҳам куйдирди.

Ўша машъум кун. Кечга яқин уйига келган Бекзод дадаси маст ҳолда ухлаб ётганига гувоҳ бўлди. У молларига емиш бериш учун оғилхонага кирди. Бу ерда катта-кичик иккита болтага кўзи тушди. Шу топда миясида яшиндек чақнаган фикр: «Ундан қутулиш учун бундан қулай фурсат бўлмайди» деган садо билан янгради.

Катта болтани олиб отаси ётган хонага кирди. Падари бузрукворининг тепасига келиб, кўзларини чирт юмганча болтанинг тўмтоқ қисми билан дадасининг бошидан икки марта урди…

Қаттиқ уйқудаги отадан садо чиқмади. З.Салимов жойида жон таслим қилган эди…

Ўз отасининг қотилига айланган Бекзод қилмишини яширишга киришди. Болтани ҳожатхонага ташлади. Ўзида шубҳа уйғотмаслик учун бир парча қоғозга «Навбат йўқолган ўғлинг­га» деб ёзди. Қоғозни мурданинг устига қўйди. Йигитча аввалдан буни ўйлаб юрганми, шубҳа туғилмаслиги учун ёзувни кирилл алифбосида ёзди. Сўнг уйдан чиқиб, шаҳарга кетди…

Ҳар куни нонуштага келадиган Зокирдан дарак бўлавермагач, Шокир ўғлини укасининг уйига юборди. Бир муддатдан кейин даҳшатли хабарни эшитди…

Тун бўйи шаҳарда тентираб юрган Бекзод эртаси куни амакисиникига борди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари Бекзодни сўроққа тутишганда у барча қилмишларини сўзлаб берди.

Суд ҳукми билан Б.Салимов 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Бу мудҳиш жиноятга йўл очган асосий сабаб болага ўз вақтида берилмаган меҳр, эътибор, фарзанд тарбияси учун қизғанилган вақт, қисқа қилиб айтганда, бола тарбияси билан шуғулланмасликдир. Энди қилинган ҳар қанча надомат ҳам отани ҳаётга қайтара олмайди, ўғилнинг қисматидан эса «падаркуш» деган тамғани ўчириб юбора олмайди.

Сирожиддин УСМАНОВ,

Самарқанд вилоят прокурорининг ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: