Home /   / MИБ ўз вaзифacини yддaлaди

MИБ ўз вaзифacини yддaлaди

2020 йилнинг 18 июнь куни давлатимиз раҳбарининг «Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Мазкур фармон билан  Мажбурий ижро бюроси фаолиятидаги газ ва электр учун тўловларни қабул қилиш вазифаси Энергетика вазирлиги зиммасига ўтиши назарда тутилмоқда.

Бу жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролар орасида турли фикр ва мунозараларга сабаб бўлди.

Эсингизда бўлса, бундан уч-тўрт йил аввал ҳам коммунал хизматларнинг ҳар бир тури учун алоҳида идораларга пул тўлар эдик. Айниқса, дам олиш кунлари гоҳ электр, гоҳ газ идорасидан ё бўлмаса сувга, чиқиндига пул сўраб бирин-кетин эшик тақиллатиб келишлар ҳали ҳам кўпчиликнинг ёдида бўлса керак.

Уч йил аввал, 2017 йил 29 майдаги «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюросининг ташкил этилиши билан ана шу тўловларнинг ҳаммаси битта жойга жамланди.

МИБ ташкил этилган куниданоқ жамоатчиликнинг эътиборида бўлди. Электр энергияси, табиий газ (2018 йилдан бошлаб сув таъминоти) учун тўловларни қабул қилиш, бу соҳадаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, ҳисоб-китобларни тартибга солиш, шу билан бирга, суд ва бошқа органларнинг қарорлари ижросини таъминлаш янги идорага юкланган эди.

МИБ Бош прокуратура ҳузуридаги махсус ваколатли орган бўлиб, суриштирув ва тезкор қидирувни амалга ошириш ҳуқуқига ҳам эга. Бу эса йиллар давомида кайфиятига қараб пул тўлайдиган айрим фуқароларимизга хуш келмади.

Хўш, Мажбурий ижро бюроси ўз вазифасини қандай уддалади? Мамлакатнинг тараққиётида муҳим ўрин тутувчи коммунал соҳа муаммоларига ечим топиш борасида ижобий натижаларга эришилдими?

Аввало, фаолиятимизни бошлашда ижро иши, энергия ресурслари билан боғлиқ барча ҳолатлар тизимли ўрганиб чиқилиб, таҳлил қилинди.

Энергия ресурслари ва сув таъминоти соҳасида тўлов интизомини мус­таҳкамлашда прокуратура тизимида тўпланган тажриба ва ижро интизомидан унумли фойдаланилди.

Белгиланган вазифалар – энергия ресурслари учун тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ундириш, электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатларини аниқлаш, шунингдек, суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижросини сўзсиз таъминлаш юзасидан комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Кейинчалик бюро органларига маиший чиқиндилар учун тўловларни ундириш вазифаси ҳам юкланди.

Қисқа вақт ичида суд ва бошқа органларнинг қарорлари ижросини таъминлаш, энергия ресурслари бўйича қарздорликни камайтириш борасида ижобий кўрсаткичларга эришилди. Тўлов интизоми мустаҳкамланди, йиллар давомида тўпланиб келган муаммолар ўз ечимини топди.

Бир сўз билан айтганда, Мажбурий ижро бюросига юклатилган вазифалар бажарилди ва уларни Энергетика вазирлиги зиммасига ўтказиш вақти келди.

Шу ўринда қисқа бўлса-да МИБ органлари тўлов интизомини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширган ишларга тўхталсак. Мисол учун, бюро ташкил этилганидан буён ҳозирга қадар энергия ресурслари, сув истеъмоли ва маиший чиқиндилар учун 94,3 трлн. сўм ундирилди (шундан электр энергияси учун 45,8 трлн., табиий газ учун 46,1 трлн., ичимлик суви учун 1,9 трлн., маиший чиқинди учун 0,4 трлн. сўм).

Ўтган даврда энергия ресурслари ва сувдан ноқонуний фойдаланиш ҳамда уларни талон-торож қилиш билан боғлиқ 1,2 трлн. сўмлик зарар аниқланиб, 1046 та жиноят иши қўзғатилган.

Бюро фаолиятини бошлаган вақтдан буён долзарб масалалардан бири албатта нореал, яъни асоссиз қарз ҳисобланишининг олдини олиш эди. Бу йўналишда ҳозирга қадар 1 трлн. 344 млрд. сўмлик нореал қарз бўйича 244 та жиноят иши қўзғатилди.

Энергия ресурслари соҳасида дебитор қарздорлик 2020 йилнинг 1 июнигача 14,1 трлн. сўм бўлиб, ўтган ойга нисбатан 385 млрд. сўм камайтирилди.

Энергия ресурслари истеъмолчилари тўлиқ инвентаризация қилинди.

Юқорида биз бюро органларига сув ҳақини ундириш ва соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш вазифаси ҳам юкланганини эсга олган эдик. Биргина 2019 йилда сув истеъмоли бўйича қарздорлардан 1,1 трлн. сўм ундирилди. Бу бюро ташкил этилишидан олдинги кўрсаткичга нисбатан 200 фоиз кўп.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 13 ноябрдаги «Электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан жойларда электр энергияси истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган (АСКУЭ) тизимига уланиш жараёни бошланди.

Ҳозир таъминотчи корхоналар билан ҳамкорликда 3 млн. 300 мингдан ортиқ истеъмолчига электрон ҳисоблагич ўрнатилиб, шундан 1 млн. 650 мингтаси автоматлаштирилган тизимга уланди.

Шу ўринда энергия ресурслари бўйича тўлов интизомини мустаҳкамлаш ҳам бюро ходимларига осон кечмаганини эслаб ўтиш жоиз. Биргина 2019 йилда 132 та ҳолатда бюро ходимларига қаршилик кўрсатилгани учун айбдорларга қонуний чора кўрилди. Бюро ташкил этилганидан буён 4 нафар ходим ўз вазифасини бажариш вақтида вафот этган, 200 дан ортиқ ходимга турли даражада жароҳат етказилган.

2020 йилда ҳам бюро ходимларига 14 ҳолатда қаршилик кўрсатилди.

Бюро фаолиятида энергия ресурслари ва сув ҳақини ундиришда, аввало, тўлов интизомига амал қилмай келаётган одамлар ўртасида тарғибот ва тушунтириш ишларига эътибор қаратилди. Масалан, 2018 йили тўлов интизомига амал қилмайдиган истеъмолчилар яшовчи маҳаллалар сони 3723 та эди, қарийб бир йил мобайнида бу маҳаллалар сонини қисқартиришга эришдик.

2019 йилда республика бўйича 1924 та интизомсиз маҳалланинг рўйхати тузилди ва сектор раҳбарлари ҳамда жамоатчилик билан ҳамкорликда телевидение вакилларини жалб қилган ҳолда асосий эътибор профилактик тадбирлар ўтказишга қаратилди. 2020 йил бошида интизомсиз маҳаллалар сони 1408 тагача камайди.

Бугун бутун инсониятга хавф солиб турган коронавирус инфекцияси, афсуски, юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Шу боис МИБ фаолиятида фуқаролар ва ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш, вирусдан сақланиш бўйича қатъий профилактик чоралар белгиланди.

«Telegram» тармоғида истеъмолчиларга фойдаланилган коммунал хизматлар ҳақини уйидан туриб тўлаш имконини берувчи @mibuzbot канали ишга туширилди.

Ушбу канал орқали истеъмолчилар ҳисоблагич фотосуратини юборади ва «МIB inspektori» андроид электрон тизимига келиб тушган кўрсаткич абонент ҳисобига киритиб борилади.

Пул тўлашда истеъмолчининг пластик картаси рақами, муддати, унга боғланган телефон рақами ва тўлов суммаси киритилгандан сўнг SMS орқали келган ҳимоя кодини тасдиқлаш кифоя бўлади.

Муҳими – юртдошларимизда тўлов интизомига риоя қилиш маданияти шакллана бошлади. Энди Энергетика вазирлиги бу борада тизимли равишда иш олиб боради. Чунки кейинги йилларда ушбу вазирликда бир қатор ижобий ўзгаришлар бўлди. Соҳани ислоҳ қилиш мақсадида «Ўзбекэнерго» АЖ негизида учта: «Иссиқлик электр станциялари», «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» ва «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятлари ташкил этилди. Шу тариқа электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлашнинг замонавий усулларига ўтилди.

Шу ўринда аҳоли яхши билиши лозимки, Мажбурий ижро бюроси зиммасидаги электр, газ ва маиший чиқиндилар ҳақини ўз вақтида ундириш бўйича вазифалар Энергетика вазирлигига 2020 йилнинг 1 август кунидан ўтказилади. Унгача МИБ бу йўналишда ўз ишини давом эттиради.

Юртдошларимиз тўлов интизомига риоя қилган ҳолда жамиятимиз фаровонлигига ўз ҳиссасини қўшиши мумкинлигини ёдда тутмоғи лозим.

Фаррух Тошпулатов,

Бош прокуратура ҳузуридаги

Мажбурий ижро бюросининг бўлим бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: