Home /   / Меҳнат мигрантлари учун квартиралар

Меҳнат мигрантлари учун квартиралар

Рўзғор, бола-чақа ташвиши катта меҳнат ва ўзига яраша машаққатни талаб қилади. Баъзи юртдошларимиз тирикчилик ғамида ўзга юртларга бориб ишлаб келаяпти. Албатта, бу жараёнда уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш долзарб аҳамият касб этади. Бу борада мамлакатимизда изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмларини яратишни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш талаб этилмоқда. Шу мақсадда 2019 йилнинг 20 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Эътиборга молик жиҳати шуки, мазкур ҳужжатда уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож меҳнат мигрантларига 2020 йилда уй-жой қурилиши бўйича давлат дастурларининг ижроси доирасида кўп квартирали уйлардан 3462 та хонадон ажратилиши белгилаб қўйилди. Албатта, бу мигрантлар учун янгилик бўлди. Нега деганда, ўз оиласидан, яқинларидан йироққа бориб ишлаётган фуқароларимиз топганига асосан уй ёки тўй қилади.

Ишлаш учун четга кетаётган фуқароларимизга табиийки йўл харажати ва то ўзга юртда ишга жойлашиб, қўли пул кўргунга қадар маълум миқдорда маблағ зарур бўлади. Одатда кўпчилик қариндош-уруғ ёки таниш-билишлардан қарз олиб кетади.

Эндиликда бунга ҳожат қолмайди. Меҳнат мигрантларига 1 октябрдан бошлаб Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳамда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ харажатларни тўлаш учун микроқарзлар берилади. Микроқарз бир кун ичида тез расмийлаштирилган ҳолда энг кам талаб қилинадиган ҳужжатлар (паспорт, ариза ва меҳнат органининг илтимосномаси) асосида 2019-2020 йилларда 10 фоиз ва 2021 йилда 12 фоиз ставкада 2 миллион сўм миқдорида бир йил муддатга берилади.

Аммо бу ҳамма мигрантлар ҳам микроқарз олаверади дегани эмас. 2019 йилнинг 1 октябрига қадар жорий этилиши кўзда тутилган “Ягона миллий меҳнат тизими” ахборот тизими доирасидаги “labor-migration” дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган фуқаролар бундай қулайликдан фойдаланиши мумкин.

Кези келганда мазкур дастурий мажмуа ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак. “labor-migration” хорижда ишламоқчи бўлган фуқароларга иш берувчи мамлакатда бўлиш қои­далари, меҳнат, ижтимоий, уй-жой ва маиший таъминот шароитлари, хорижий иш берувчилар билан меҳнат шартномаси тузишнинг ҳуқуқий жиҳатлари, қонун ҳужжатларида белгиланган молиявий ёрдам чоралари тўғрисидаги маълумотларни онлайн тарзда тақдим қилиш, чет элда оғир вазиятга тушиб қолган меҳнат мигрантларига ёрдам бериш, ишга жойлашиш географияси, уларнинг фаолият йўналишлари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш мақсадини кўзда тутади.

Бундан ташқари, мигрантлар Ўзбекистонда олган кредитларини “Азия инвест банк” АЖ ва Россиядаги бошқа ҳамкор банк­лар орқали Россия рублида тўлашлари мумкин. Ҳисоб-китобларни электрон тўлов тизимлари орқали ҳам амалга ошириш мумкин бўлади.

Яна бир янгилик шуки, ҳукумат тузилмасида Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш масалалари департаменти ташкил этилди. Унинг мудири бош вазир маслаҳатчиси ҳисобланади. Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши раиси ва ҳокимларнинг хорижий давлатларнинг маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари билан ҳамкорлик муносабатлари соҳасига меҳнат миг­рант­ларининг яшаши ва ишлаши учун рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш, уларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши, тиббий хизматлардан фойдаланиши ва бошқа муаммоларини ҳал қилиш масалалари ҳам киритилди.

Фаррух ЭСАНОВ,

Бош прокуратура бошқарма прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: