Home /   / Мажбурий меҳнат учун жарима

Мажбурий меҳнат учун жарима

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жорий йилнинг 4 сентябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида пахта йиғим-теримини тизимли ташкил қилиш, бу жараёнда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича берилган топшириқлар ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 сентябрдаги “2019 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 752-қарори ижросини таъминлаш юзасидан назорат тадбирлари амалга оширилмоқда.

Маълумотларга кўра Бухоро вилоятида бу йил 106 минг гектар ерга чигит экилиб, 318,3 минг тонна пахта етиштириш режалаштирилган. Ҳосилни ўз вақтида йиғиб олиш мақсадида 2164 та терим отрядига 190,9 минг нафар теримчи бириккан. Теримга жалб этиладиган 3900 нафар ҳашарчи учун вилоятнинг 7 та туманида 78 та шийпон ҳамда бошқа мослаштирилган бинолар тайёрлаб қўйилган. Теримчиларни ташиш учун 338 та, пахта ташиш учун 2150 та транспорт ва 3667 та тиркама соз ҳолатга келтирилган.

Тижорат банклари томонидан теримчиларига терим пулини ўз вақтида тарқатиш учун 311 нафар ходим бириктирилди. Шунингдек, пахта-тўқимачилик кластерларига терим пули учун жами 220,4 млрд. сўм кредит ажратиш белгиланган. Вилоятдаги прокурорлар секторида режадаги 72,8 минг тонна пахтани териб олиш учун 496 та отряд тузилди. Теримчилар учун етарли шароитлар яратилди.

Топшириққа биноан вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, барча туман, шаҳар ҳокимлари ва давлат бошқаруви органлари, олий ўқув юртлари раҳбарлари таълим, соғлиқни сақлаш соҳалари ва бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини ҳамда фуқароларни пахта йиғим-теримига мажбурий жалб қилмаслик ҳақида расман огоҳлантирилди.

Президентимизнинг 4 сентябрдаги топшириғини бажариш мақсадида тар­ғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Уларда мажбурий меҳнатга жалб қилишга қарши курашиш, бунинг учун жавобгарликни кучайтиришга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмуни тушунтирилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун маъмурий жазо чоралари белгиланган. Меҳнатга бирор-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўттиз бараваригача жарима жазоси тайинланиши мумкин. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланганидан кейин бир йил ичида такроран содир этилса энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солинади.

Вояга етмаган шахсни мажбурий меҳнатга жалб қилиш энг кам иш ҳақи­нинг ўттиз бараваридан эллик бараваригача жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланганидан кейин бир йил ичида такроран содир этилса энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима жазоси тайинланади.

Вилоят прокуратураси органлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда пахта майдонлари пайҳон қилинишининг олдини олиш чораларини кўрмоқда. Ҳозирга қадар 14 та ҳолатда пахта майдони пайҳон қилингани аниқланиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 104-моддаси билан қўзғатилган маъмурий ишлар кўриб чиқиш учун судларга юборилди.

Назорат тадбирларида аниқланган камчиликлар прокурор назорати ҳужжатлари орқали бартараф қилиб борилмоқда.

Карим Темиров,

Бухоро вилояти прокуратураси

бўлим бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: