Home /   / Мард ва тадбиркор инсон

Мард ва тадбиркор инсон

14 февраль – Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун.

Она замин миллионлаб буюк зотларга бешик бўлган. Аммо ўз номини тарих зарварақларига битиб кетганлари кўп эмас. Қизиғи шундаки, уларнинг ҳам жуда озчилиги жаҳон аҳлининг меҳру муҳаббатига сазовор бўлган. Ана шундай улуғ сиймолардан бири бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурдир.

Башарият тарихининг ижтимоий-сиёсий, илмий, маданий ва маърифий соҳаларида ўчмас из қолдирган буюк давлат арбоби ва саркарда, серқирра олим ва нозиктаъб шоир Бобур Мирзо йигирма ёшга тўлмасдан тақдирнинг барча иссиқ-совуғини, саргардонлик азобини бошдан кечирди. Лекин ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам курашиб, нурли манзилларга ета олди. У Ҳиндистонни ўз тасарруфига киритар экан, бу билан 332 йил ҳукм сурган бобурийлар сулоласига асос солди. У ерда ўз она юрти – Мовароуннаҳрда қилолмаган ишларини амалга оширди, кўплаб боғ-роғлар, йўллар, карвонсарой ва ҳаммомлар, ариқ ва сув омборлари бунёд эттирди.

Юқорида биз бобокалонимизни жаҳон аҳлининг меҳру муҳаббатига сазовор бўлган дея қайд этдик. Хусусан, шарқшунос Эдуард Ҳолден шундай ёзган эди: «Саркарда Бобур подшоҳ ва адиб сифатида Цезар билан бир сафдан ўрин олишига шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас. Аммо Бобурнинг характери Цезарнинг характерига нисбатан кўпроқ муҳаббат ва ҳурматга лойиқдир. Негаки, унинг манглайига юксак фазилатли инсон деб битиб қўйилган!».

Ҳинд халқининг буюк фарзанди Жавоҳарлаъл Неру «Ҳиндистоннинг кашф этилиши» номли асарида «Бобур – дилбар шахс, Уйғониш даврининг типик ҳукмдори, мард ва тадбиркор инсон бўлган. У санъатни, адабиётни севарди. Ҳаётдан ҳузур қилишни яхши кўрарди» дея Бобурга юксак баҳо берган эди.

Ўзбек мумтоз адабиётининг Алишер Навоийдан кейинги йирик вакили, ҳассос ва ҳақгўй ижодкор Бобурнинг адабий меросидаги энг мўътабар асар, шубҳасиз, «Бобурнома»дир. Муаллифнинг ўзи эътироф этганидек, умр китоби саналмиш ушбу асар бадиий, тарихий, этнографик ва географик жиҳатдан қимматли манба ҳисобланади.

«Бобурнома»ни мутолаа қилган киши муаллифнинг нозик қалб соҳиби, география, табиатшунослик, адабиётшунослик ва тилшунослик илмларининг билимдони, тадбиркор подшоҳ, руҳшунос саркарда, адолатли бошлиқ, меҳрибон ота, ғамхўр қариндош, холис муаррих, қисқа қилиб ифодалаганда, олижаноб инсон эканига амин бўлади. Бобур ўтмиш ва ўзи яшаган давр воқеаларига баҳо беришда камдан-кам шарҳловчиларга насиб этадиган холислик принципига амал қилган.

Бобур нафақат ўзгалар табиатидаги қусур ва хислатларни кузатиб, ўз баҳосини беради, балки ўзи йўл қўйган хато ва камчиликларни ҳам рўй-рост айтиб ўтади, улардан одилона хулоса чиқаради. Ёшлиги, тажрибасизлиги боис мағлубият аламини тортган фурсатларда чеккан хавотир ва қўрқувини яшириб ўтирмайди, балки ўқувчи билан баҳам кўради… Асарда инсоннинг ички ҳолати, руҳиятининг турфа қирралари рўй-рост ифодаланган ўринлар анчагина.

Катта бир салтанатга асос солган бўлса-да, Бобур ватандан узоқда яшашни ғурбат деб билди. Ҳокимият учун курашлару талотўпларда ҳатто дўсту ёрлари ҳам унга хиёнат қилишди. У сарсон-саргардонликда юрган кезларида ҳам, илк зафарлардан то улкан салтанат барпо этиб, фаровонлик, шону шуҳратга эришганда ҳам Андижону Самарқандни, она юртда қолган дўст-ёрларини асло унутмади, яқинларини доимо совға-саломлар билан йўқлаб турди.

Шоир ўз бошига тушган кулфатларнинг сабабини толесизликдан деб баҳолайди. Шу боис шоирнинг бир рубоийсида шундай дейилган:

Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди,

Не ишники айладим, хатолиғ бўлди.

Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,

Ё раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.

Бобур шеъриятининг ҳар бир сатрида ватанга муҳаббат, унинг соғинчи сезилиб туради. Жумладан, шоирнинг «Қаро зулфинг фироқида паришон рўзғорим бор» деб бошланувчи ғазалида соф ошиқона кечинмалар моҳирона ифодаланган бўлса-да, аммо кейинги байтларда ҳасби ҳоллик хусусияти кучая боради:

Жаҳондин менга ғам бўлса, улусдан гар алам бўлса,

Не ғам юз мунча ҳам бўлса, сенинг­дек ғамгусорим бор.

Шоирнинг «Жонимдин ўзга ёру вафодор топмадим», «Менинг кўнглимки гулнинг ғунчасидек таҳ-батаҳ қондур», «Чархнинг мен кўрмаган жабру жафоси қолдиму?!» мисралари билан бошланувчи ғазаллари ҳам юқоридаги каби ҳасби ҳоллик йўсинида битилган.

Ҳа, шоҳ ва шоир Бобур Мирзо эзгулик, адолат, одиллик ва ростгўйликни умри мазмуни, ҳаёти маъноси деб билди, сўз баҳрида улкан ва мустаҳкам кема янглиғ сокин ва ишонч билан сузиб, атрофга тип-тиниқ дурлар каби жилоланувчи нодир ва донишмандона фикр инжуларини улашди. Бу билан нафақат ўз миллатдошлари, балки бошқа халқлар қалбидан ҳам чуқур жой эгаллади.

Норбўта ҒОЗИЕВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: