Home / Жиноят ҳақиқати ва адолати / Мансабдор шахсларда манфаатдорлик устун келмоқда

Мансабдор шахсларда манфаатдорлик устун келмоқда

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспек­ция­си томонидан ўтказилган текширишлар жойларда ҳокимлар томонидан ерга оид ноқонуний қарорлар қабул қилинаётганини, экин ерлари мақсадсиз ажратилиб, муомаладан чиқарилаётганини, суғориладиган ва алоҳида қимматга эга ерларни асраш юзасидан тегишли чора-тадбирлар кўрилмаётганини кўрсатди.

Мазкур соҳада Бош прокуратура ҳузуридаги Инспекция томонидан ўтказилган текширишлар натижасига кўра, қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида 130 та тақдимнома киритилди, ноқонуний ҳужжатларга 741 та протест келтирилди, 280 нафар мансабдор шахс интизомий ҳамда маъмурий жавобгарликка тортилди. Шунинг­дек, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 11 та жиноят иши қўзғатилди. Хусусан, Ер кодексининг 45-моддасига асосан кадастр баҳоланишига кўра ўртача туман бонитет баллидан 20 фоиздан кўп бўлган суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари алоҳида қимматга эга бўлиб, унумдор суғориладиган ерлар тоифасига кириб, махсус муҳофаза қилиниши ва уларнинг суғорилмайдиган ерлар жумласига ўтказилишига йўл қўйилмаслиги, бундай ерларни корхоналар, бинолар ва ин­шоот­лар қурилиши учун беришга алоҳида ҳолларда Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан йўл қўйилиши белгиланган. Бироқ, Ш.Рашидов туман ҳокимининг қарорига асосан фуқаро А.Қосимовга болалар футбол майдончаси қурилиши учун 76 балл бонитетли 0,15 гектар алоҳида қимматга эга бўлган суғориладиган боғзор ер ажратиб берилган. Шунингдек, Чироқчи туман ҳокимининг қарори билан «Чироқчи томорқа» МЧЖга 80 балл бонитетли        3 гектар сувли экин ери чорва-деҳқончилик маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда уларни сақлаш омборхонаси қуриш учун қонунчиликка зид равишда ажратиб берилган.

Тўрақўрғон туман ҳокимлиги эса тупроқ унумдорлиги жиҳатидан 81 баллга тенг бўлган 16 гектар, яна 86 баллга тенг 3,9 гектар, «Шаханд Тараққиёти» ММТПнинг тупроқ унумдорлиги 73 баллга тенг бўлган 5,71 гектар, «Туркистон Янги Куч» ММТП ҳудудидаги тупроқ унумдорлиги 75 баллга тенг бўлган 3,2 гектар, жами 28,8 гектар ер майдонини уй-жой қуриш учун ноқонуний бериб юборган.

Суғориладиган ерларнинг суғорилмайдиган ерлар тоифасига ўтказилишини Ер кодексининг 44-моддаси талабидан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда вилоят ҳокими қарорига биноан амалга ошириш белгиланган бўлса-да, аксарият ҳудудларда бунга риоя этилмаган. Хусусан, Олтинкўл туман ҳокимининг қарорига асосан балл бонитети 62 балл­га тенг бўлган 5 гектар экин ер майдони Вазирлар Маҳкамаси билан келишилмасдан, вилоят ҳоки­мининг қарорисиз «Premium Agro-Gold» жамиятига музлаткичли омбор, мева-сабзавот қуритиш ва қайта ишлаш заводи қурилишини лойиҳалаш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб, қишлоқ хўжалиги тоифасидан саноат мақсадига ўтказилган.

Бундан ташқари, Нукус тумани ҳокимининг қарори билан «Саманбай» ОФЙдаги туман давлат захира фондидаги 3 гектар суғориладиган ер майдони Ер кодексининг 44-моддаси талабига зид равишда намунавий турар жойлар қурилиши учун «Қишлоққурилишинвест» инжиниринг компанияси Қорақалпоғистон филиалига ажратиб берилган.

Чироқчи туман ҳокимининг қарори билан фуқаро Ғ.Жўрақуловга ғишт заводи қуриш учун 52,8 балл бонитетли 1,5 гектар сувли ер майдони ажратилиб, ҳужжатларда лалми ер майдони деб нотўғри кўрсатилган. Тўрақўрғон туман ҳокими 2,55 гектар экин ер майдонини «АTILLA GROUP» МЧЖга пишган ғишт ишлаб чиқариш ва қум-шағални қайта ишлаш цехи қурилишларини амалга ошириш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берган.

Айрим вилоят ва туманларда ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссияларга ҳокимнинг ерга алоқаси бўлмаган иқтисод бўйича ўринбосарлари, бошқаларида қурилиш масалалари бўйича ўринбосарлари раис этиб белгиланган. Масалан, Зангиота, Қибрай ва Тошкент туманларида комис­сия­га туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари бошчилик қилса, Оҳангарон, Бўстонлиқда туман ҳокимининг иқтисод бўйича ўринбосари бошчилик қилмоқда.

Пешкў туман ҳокимининг қарорида комиссия таркиби 27 нафарни ташкил этиши кўрсатилган бўлса-да, амалда 19 нафарни ташкил қилиб, комиссия таркиби тўлиқ шакллантирилмаган. Тўрақўрғон туман ҳокимининг қарори билан тасдиқланган туман ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқиш комиссияси таркибига табиатни муҳофаза қилиш, архитектура ва қурилиш ҳамда санитария-эпидемиология хизмати органлари вакиллари киритилмаган.

Текширишларда қишлоқ хўжалиги экин ерларини талон-торож қилиш ҳолатларига ҳамон барҳам берилмаганлиги ўз тасдиғини топди. Жумладан, «Ермулккадастр» ДУК Улуғнор туман филиали бошлиғи А.Адилов «Муҳаррамой ери» фермер хўжалигининг қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган экин ер майдонидан 80 сотих қисмини 12 нафар фуқарога моддий манфаатдорлик эвазига сотиб юборганлиги аниқланди. Тўрақўрғон туманидаги «Найманча бунёдкори» фермер хўжалиги раҳбари Ж.Юлдашев хўжалик балансидаги 1,2 гектар майдонни 12 нафар фуқарога уй-жой қуриш учун ажратиб, турар жой учун туман ҳокими қарорини чиқартириб беришни ваъда қилиб, улардан 6 сотих ер эвазига 5-6 миллион сўмдан пул олганлиги аниқланди. Шу каби тумандаги «Жасурбек Диёра диёри» фермер хўжалиги раҳбари Ж.Мирзаолимов турар жой қуриш учун туман ҳокими қарорини чиқартириб беришни ваъда қилиб, фуқароларни алдаб, фуқаро Р.Маҳмудовга 0,08 гектар ерни 2 минг АҚШ долларига ва фуқаро А.Холматовга 0,12 гектар ерни 1,5 миллион сўмга сотиб юборган.

Тайлоқ туманидаги «Маржона Муроджон Сочак» фермер хўжалиги бошлиғи З.Авулбаева 6 нафар фуқарога 0,89 гектар ерни 25 миллион сўмга сотиб юборганлиги учун тергов олдида жавоб бермоқда.

Фуқароларга ноқонуний равишда якка тартибда уй-жой қуришга ер ажратиш ёки фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан ерни эгаллаб уй-жой қуриш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июндаги «Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга беришнинг замонавий ва шаффоф механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига асосан, 2018 йил 1 июлдан бошлаб ўрнатилган тартибга кўра юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш «Е-IJRO-AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион орқали амалга оширилиши белгиланган бўлса-да, ушбу қарор талабларига ҳам риоя қилинмаган. Масалан, Шофиркон туман ҳокимининг қарори билан «Бухоро Омад» МЧЖга геологик қидирув ишларини олиб бориш учун тегишли ташкилотларнинг ижобий хулосалари олинмасдан 9,9 гектар ер майдони ажратилган.

Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексида ҳозирги ва келажак авлодларнинг манфаатларини кўзлаб, ердан илмий асосланган тарзда, оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни, тупроқ унумдорлигини тиклаш ва оширишни, табиий муҳитни асраш ва яхшилашни, хўжалик юритишнинг барча шаклларини тенг ҳуқуқлилик асосида ривожлантириш учун шароит яратиш кераклиги белгилаб қўйилган. Шундай экан, ерга бўлган муносабатда ло­қайд­лик, масъулиятсизлик, ўзбошимчалик ва суиистеъмолчиликка йўл қў­йиб бўлмайди. Шундагина она ер ўз марҳаматини аямайди.

Нуриддин Урунбаев,

Бош прокуратура ҳузуридаги Инспекциянинг бўлим бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: