Тезкор хабарлар
Home / Жиноят ва жазо / Маънавий қашшоқлик жиноятга бошлади

Маънавий қашшоқлик жиноятга бошлади

Тўйчи (исмлар ўзгартирилган) эрталабдан синфдоши Али билан шаҳарга ишга кетди. Йигитлар кечга яқин қайтишди. Тўйчи ишда киядиган кийимларини Алиникида қолдирди.

Уйига кетаётиб, таниши Зоирни кўриб қолди. Биргалашиб спиртли ичимлик ичишди. Уларни учратиб қолган Зоирнинг отаси ўғлини қулоғидан чўзиб олиб кетди. Тўйчи ҳам уйига кетаётганди. Лекин йўлда фикридан қайт­ди. Ижарага берилган уйга бориб, хабар олмоқчи бўлди ўзича.

Тўйчининг онаси бўш турган уйига Матлубани оиласи билан ижарага қўйган эди. Аёл Туркияга ишлашга кетган. Ўғли Ёрбек автомашина ювиш шохобчасида ишлайди, кўпинча ўша ерда тунаб ҳам қоларди. Қизи Лазиза эса баъзан уйда ёлғиз қоларди.

Эшикни тақиллатгач, ичкаридан «ким» деган овоз келди.

— Мен Тўйчиман, — деди у.

Лазиза эшикни очганда у ичкарига кирмоқчи бўлди.

— Кун кеч бўлиб қолди, уйга кирманг, — деди қиз.

— Бошқа эркаклар кириб юрибди-ку, биз кирсак нима қипти?

Қиз маст йигитга бас келолмаслигини билиб, акасига қўнғироқ қилди. Ёрбек бирга ишлайдиган таниши Дилмуродни олиб, тез етиб келди.

— Турли гаплар эшитаяпман, уйга ҳар хил эркаклар келаётганмиш, — деди ичкилик таъсиридан чайқалиб турган Тўйчи.

— Бўлмаган гап. Синглим ёлғиз эмас, холам билан туради. Мен ўзим тез-тез хабар олиб тураман. Одамлар ҳар нима деб гапираверади-да, — деди Ёрбек.

Ширакайф Тўйчи бир гапга ёпишиб олди:

— Онам эшитса, ёмон бўлади. Чиқариб юборади, — деди.

— Ижара пулини олдиндан тўлаб қўйганмиз. Шу ой тугасин, чиқиб кетамиз, — деди у билан тортишиб ўтиришдан фойда йўқлигини билган Ёрбек.

Икковлон Тўйчини уйига кузатиб, ишхонага кетишди. Лекин Тўйчи уйигача бормади, яна изига қайтди. Эшик олдига келиб, Лазизага:

— Ташқарига чиқ, сенда гапим бор, — деди.

Бу пайтда қиз телефонда таниши Элбек билан гаплашаётганди. У Лазизага куракда турмас гаплар айтди. Бу гапларни Элбек эшитиб турганди.

Орадан кўп ўтмай уй олдида машина тўхтади. Элбек 4-5 нафар йигитлар билан келиб, Тўйчига ташланиб кетди. Унинг дуч келган жойига уриб-тепиб кетишди.

Тўйчининг жаҳли чиқди. Бу жанжални Ёрбек билан Дилмурод уюштиришган, деб ўйлади. Миясида шум фикр пайдо бўлди, улардан ўч олишни ўйлади. Тобора жаҳлига эрк бераётган йигитнинг ичидаги шайтон уни хун олишни бугундан қолдирмасликка ундарди.

Тун ярмидан оққан бўлишига қарамай ўзини хўрлангандек сезаётган Тўйчи ичидаги шайтон измидан чиқолмас, тобора ўзини унинг измига ташларди.

У дўсти Алининг дарвозасини уриб, чақирди. Тўйчининг мастлигини кўриб:

— Нима қилиб юрибсан, уйингга бор, — деди у.

— Кийимларимни олиб бер, — деди Тўйчи.

Али уйи томон кетди. Тўйчининг кўзи хонтахтадаги пичоққа тушди. Алининг келишини кутмай, пичоқни олиб кетди.

Автомобиллар ювиш жойи учта дарвозали экан. Дарвозалар ёпиқ. Тўйчи одам кирса бўладиган тешик топди. Ўша ердан ичкарига кирди. Хонада Ёрбек бир ўзи ухлаб ётганди. Ўч олиш хаёли бутун вужудини эгаллаган йигит ожиз аҳволдаги Ёрбекка ташланди.

Қаттиқ яраланган йигит омон қолиш илинжида кўчага югурди. Бироқ кўп юрмади, оғриқдан ерга йиқилди. Ярим тунда бу йўлдан ҳеч ким юрмади. Натижада йигитнинг жони шу ерда узилди. Ёрбекка ёрдам қўлини чўзадиган кимса топилмади. Тўйчи иш жойига келаётган Дилмуродга йўлиқди.

— Бу ёққа кел. Мени дўппослаганлар орасида сен ҳам бормидинг? — деди пишқириб.

— Йўқ. Кимни айтяпсиз, мен у ерда йўқ эдим, — деди Дилмурод.

Тўйчи пичоқ билан унга ҳам ташланди. Қўлидан яраланган Дилмурод ортига қарамай югурди. «Қасоскор» йўлда йиқилиб, Дилмуродни кўздан қочирди. Аксинча бўлганда уни ҳам Ёрбекнинг ҳолига соларди…

Тўйчи уйига келганида унинг афт-ангорини кўрган онаси тез ёрдамни ҳам, ИИБ ходимларини ҳам «оёққа тур­ғизди». Ўзича ўғлининг қилмишларидан бехабар она Тўйчини шу аҳволга солганларнинг «ковушини тўғрилаб» қўймоқчи эди. Тонгда эса асл ҳақиқат ошкор бўлди.

Суд ҳукми билан Тўйчи 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Синдор ЭРГАШЕВ,

Самарқанд вилоят прокуратураси

бўлим прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: